Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси Агентлигининг Нукус филиалига ўтган йил давомида 1399 нафар фуқаро мурожаат қилган бўлса, шундан 19 нафар фуқаро Россия Федерациясига, 3 нафари Туркия давлатига, 71 нафари Корея Республикасига шартнома асосида ишга жойлаштирилди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг шу кунига қадар филиалга 190 нафар фуқаро мурожаат қилган.
Филиал томонидан чет давлатларида ишлаш учун кетаётган фуқароларга “Даўит ата” давлат чегара пости, Нукус шаҳар темир йўл вокзали ва Нукус халқаро аэропортида мунтазам равишда тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, одам савдоси, диний экстремизм, наркортрафик ва бошқа шу каби жиноятлар билан шуғулланувчи шахслардан йироқ бўлиш, хушёрликни таъминлаш ҳақида огоҳлантирилиб, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатларда жойлашган ваколатхоналарининг ишонч телефонлари ёзилган махсус буклетлар тарқатилмоқда.
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 12 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш ва тубдан қайта кўриб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошида Ташқи меҳнат миграцияси Агентлиги қайта ташкил этилди, — дейди филиал раҳбари У.Ситмуратов.
Қарорга асосан, Агентлик фаолиятига Ўзбекистон Республикаси фуқароларини танлаш, тайёрлаш, мослаштириш тадбирларини амалга ошириш ҳамда чет элларда ишга жойлаштириш жараёнларини бошқариш ва назорат қилиш орқали фуқароларимизнинг ҳорижда меҳнат қилиш билан боғлиқ ҳуқуқларини таъминлашга кўмаклашиш, ташқи меҳнат миграциясини комплекс таҳлил қилиш, халқаро ҳамкорликдаги лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва бошқа вазифалар киритилиб, такомиллаштирилди.
Шунингдек, агентлик томонидан чет элда ишлашни хоҳловчи фуқароларга самолёт ёки темир йўл чипталарини сотиб олишлари учун ёрдам кўрсатилмоқда.
А.Жийемуратов,
ҚХА.