Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг юртимизга давлат ташрифи халқимиз томонидан ўзгача хурсандчилик билан кутиб олинди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ва KOFIN жамғармаси ўртасидаги ҳамкорлик асосида Корея Республикасининг “Siloam Center For The Blind” хайрия ташкилоти республикамиз аҳолисига мана бир неча йиллардан буён тиббий ёрдам кўрсатиб келмоқда, –дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Қорақалпоғистон филиали директори Ўрозгул Ембергенова. – Жумладан, ўтган йили Siloam Eye Hospital” кўз касалликлари шифохонасининг тажрибали офтальмолог шифокорлари, анестезиолог ва ҳамширалари Республика кўз касалликлари шифохонасида бўлиб, 45 нафар беморни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказдилар. Шундан 6 нафар бемор операция йўли билан даволанди.
Бундан ташқари, юрак нуқсони билан туғилган 2 нафар бемор ўтган йилнинг сентябрь ойида Жанубий Кореянинг дунёга машҳур “Сетжонг” госпитилида муваффақиятли операция қилинди. Кореяда даволаниб қайтган Нукус шаҳридаги “Жийдели байсын” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 2017 йилда туғилган Қаусар Фарходова ва Тўрткўл тумани “Оққамиш” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 2015 йилда туғилган Бунёдбек Йўлдошбаевлар бугунги кунда соғлом ҳаётга қайтди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг собиқ Бош котиби Пан Ги Муннинг ўтган йили республикамизга ташрифи чоғида кореялик шифокорлар Инхва Чунг ва Юк Сонг Су Мўйноқ тумани тиббиёт бирлашмасида бўлиб, беморларни тиббий кўрикдан ўтказган эди.
Тадбир давомида туман халқ таълими бўлимига қарашли 2-сонли умумтаълим мактабининг 110 нафар ўқувчисига ўқув қуроллари ва 4-сонли мактабгача таълим муассасасига турли ўйинчоқлар совға қилинди.
Шундай қилиб, соғлиқни сақлаш соҳасида жаҳонда етакчи бўлган Корея давлати билан бирга ҳамкорлик йилдан йилга мустаҳкамланиб бормоқда.
Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг юртимизга давлат ташрифи ушбу алоқаларнинг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги
шарҳловчиси.