Глобаллашув жараёнида ОАВларининг роли


Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Глобаллашув ­жараёнида оммавий ахборот ­воситаларининг роли” мавзусида ­халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоқ давлат университетининг ректори А.Реймов, “Қорақалпоқ адабиёти” газетаси Бош муҳаррири, сенатор Г.Аннақиличева, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси К.Каримов, Киев давлат маданият ва санъат университети доценти А.Полисученко, Ўш давлат университети доценти З.Маматжанова, Қорақалпоқ давлат университети журналистика кафедраси раҳбари З.Ўразимбетова, Бухоро давлат университети профессори Ф.Мўминов, Ўзбекис­тон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ў.Абдурахманов, Қорақалпоғистон хабар агентлиги директори Б.Нурабуллаев ва бошқалар сўзга чиқиб, ўтказилаётган ­халқаро конференциянинг мақсади ва аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтишди.

Таъкидланганидек, бугунги глобаллашув даврида оммавий ахборот воситаларининг роли тобора ортиб бормоқда. ­Президентимиз таъкидлаганидек, дунёдаги узоқ ва яқин давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаб, юртимиздаги демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришга интилар эканмиз, бошқа соҳалар қатори оммавий ахборот воситалари фаолияти бўйича ҳам ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини яхши тушунамиз. Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур.

Сўзга чиққанлар юртимизда янгиланиш жараёнида журналистиканинг аҳамияти, ҳозирги қорақалпоқ журналистикасининг асосий муаммолари юзасидан ўзларининг фикр ва таклифларини билдирди. Шунинг­дек, жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантиришда матбуот хизматининг роли, замонавий журналист мутахассисларни тайёрлаш масалалари муҳокама этилди.

— Конференция кун тартибидаги масалалар фақат Ўзбекистон ёки Қорақалпоғистон учун эмас, балки барчамиз учун тааллуқлидир, — дейди Ўш давлат университети журналистика кафедраси доценти Зарина Маматжанова.  — Шу билан бирга ушбу тадбир журналис­тика соҳасидаги муаммолар бўйича ўзаро тажриба алмашиш, келажакда ҳамкорликни янада ­мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Конференция “Матбуот – замонавий медиа тизимида” ҳамда “Аудиовизуал ва online – журналистика” секцияларига бўлинган ҳолда давом этди.

Халқаро илмий-амалий конференция иштирокчилари учун Мўйноқ туманида медиатур ташкил этилди.