САЙЛОВ ҚОНУНИЙ, ШАФФОФ ВА АДОЛАТЛИ ЎТКАЗИЛИШИ ЛОЗИМ


Маълумки, 2018 йил 15 октябрдаги “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги қарорига асосан, жорий йилнинг май ойида фуқаролар йиғинларида сайловлар ўтказилади.

Мазкур сайловнинг аввалгиларидан фарқ­ли жиҳати шундаки, олдин сайлов 2,5 йилда, ҳар хил вақтларда апрель-май, ноябрь-декабрь ойларида ўтказилган бўлса, энди ваколатли муддат 3 йилда бир марта май ойида ўтказилиши белгиланган. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига 2 ва ундан ортиқ номзод кўрсатилади. Сайлов тегишли қонунчиликка мувофиқ яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилади.

Қонунда фуқаролар вакилларининг минимал меъёри белгиланган.

Жумладан, 1000 нафар сайловчининг номидан 120 вакил сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, аввалги сайловда маслаҳатчилар раис (оқсоқол) билан бир ­вақтда шу куннинг ўзида сайланарди, эндиликда янги қонунга мувофиқ, сайлов натижалари бўйича 1 ой ичида сайланади.

Бу йилги фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларга алоҳида қатъий талаблар қўйилган. Яъни, номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқароси, қоида тариқасида олий маълумотга эга, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган, ташкилотчилик қабилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.

— Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ички ва таш­қи сиёсати, давлатимизда амалга оширилаёт­ган ислоҳотларни тушуниши ва ҳалққа етказа билиши, маҳалладаги ҳар қандай ҳолатлардан, тегишли муаммолардан, замонавий ахборот технологияларидан яхши хабардор бўлиши керак. Янгиликларга интилувчан, энг асосийси фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимида ишлашга хоҳиши, ҳар томонлама тўлиқ имконияти бўлсагина ҳудуд оқсоқоли бўла олади, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси сайловга кўмаклашувчи комиссия раисининг ўринбосари Т.Романов. — Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсақоли) сайлови тўғрисида”ги Қонунида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича Кенгаш ва фуқаролар ­йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича штаб томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси ­Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги қарори ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг шу йил 18 февралдаги 472- сонли қарорига мувофиқ тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва сайловни ўтказиш бўйича комиссия таркиби тасдиқланиб, шаҳар ва туманларга масъул шахслар бекитилди.

Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларининг сессия мажлислари ўтказилиб, ҳудудий сайловга кўмаклашувчи комиссиялар ва тадбирлар режаси тасдиқланди ва аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 411 та фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимларига жами 1537 номзод рўйхатга олинган. Ҳар бир фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига 3,2 номзоддан тўғри келмоқда.

Бундан ташқари, фуқаролар йиғинларида сайловни уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича масъул ташкилотлар билан биргаликда дислокациялар ишлаб чиқилди.

Жумладан, 317 таси умумтаълим мактабларида, 55 таси коллеж ва лицейларда 2 таси олий ўқув даргоҳларида 10 таси маданият марказларида 8 таси фуқаролар йиғинларида 16 таси тўйхоналарда 1 таси тиббиёт муассасасида ва яна 5 таси “Ватанпарвар” ташкилоти биноларида ўтказилади.

Шунингдек, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови ўтказиладиган ўринлар 489 та махсус кабина ва 438 та овоз бериш қутиси (урна) билан тўлиқ таъминланган. Сайловни мувофиқлаштириш бўйича 1 та республика, 16 та туман (шаҳар) штаблари ташкил этилган бўлиб, ишчи гуруҳлар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг мониторинги юргизилмоқда.

Сайловда иштирок этувчи 151 мингдан ортиқ вакилларнинг рўйхати шакллантирилди.

Бундан ташқари, сайловга оид 600 дан ортиқ баннер ва паннолар тайёрланиб, аҳоли гавжум жойларга, бозорларга ҳамда фуқаролар йиғинлари биноларига ўрнатилди.

Барча штаблар компьютер жамланмалари, телефон ва бошқа сайловга оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, қўлланма ва керакли воситалар билан таъминланди.

Комиссиялар ишлари бўйича тайёрланган маълумотлар Республика штаби томонидан умумлаштирилиб, таҳлил қилиниб борилмоқда ва зурур ҳолларда туман (шаҳар) лардаги штабларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Республика, туман (шаҳар) штабларида ва барча 411 та ишчи гуруҳларда фуқароларнинг мурожаатлари, таклифларини рўйхатга олиш дафтарлари мавжуд.

Шунингдек, жорий йилнинг 15 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг кенгайтирилган мажлиси ўтказилиб, унда барча сектор раҳбарларига, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича қатъий топшириқлар берилди.

Биз келажакда маҳаллалар раиси ўз ҳудудининг ҳокими бўлиши, мавжуд муаммоларни ҳал қилиши учун сайловни қонуний, шаффоф ва адолатли тарзда ўтишини таъминлашимиз зарур.

А.Жиемуратов.