Оламга машҳур Қорақалпоқ адиби


Халқ тақдири орқали драматизмга тўла давр воқеаларини тасвирлаш, шу тариқа умуминсоний миқёсда фикрлашга интилган ёзувчиларнинг бири- ватандошимиз Тўлепберген Қаипбергеновдир. Агар Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романи орқали ўзбек ҳалқини, Мухтор Авезов  “Абай йўли” эпопеяси орқали қозоқ халқини,  Чингиз Айтматов “Жамила”, “Асирга татигулик кун” ,”Касанра тамғаси” асарлари орқали қирғиз  халқини дунёга танитган бўлса, Тўлепберген  Қаипбергенов “Қорақалпоқ достони”, ”Қорақалпоқнома” роман-эссеси, турли жаҳон тилларида чоп қилинган публицистик мақолалари  орқали қорақалпоқ номини жаҳонга танитишга муваффақ бўлди. Унинг Бердақ  номидаги Қорақалпоқ давлат мукофоти, Ҳамза номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти,‘Қорақалпоқ достони” трилогияси учун собиқ Иттифоқнинг Давлат мукофоти “Қорақалпоқнома”, “У дунёдаги бобомга хатлар” роман-эсселари учун Маҳмуд Қошғарий ва Михайл  Шолохов номидаги халқаро мукофотларига сазовор бўлиши Тўлепберген Қаипбергенов номининг жаҳон адабий жамоатчилиги томонидан тан олиниши учун замин яратди, десак муболаға бўлмайди.

Академик Андрей Сахаровнинг Москва минбарида туриб ёзувчини Орол масаласида қувватлаб айт­ган фикрлари, жаҳонга таниқли адиб Чингиз Айт­матовнинг ёзувчимизга йўллаган хати, таниқли рус тадқиқотчилари З.Кедрина, П.Мархоменко , Ю.Суровцев ,Т.Давидова, З.Осмоноваларнинг, ўзбек адиб-олимлари Комил Яшин, Абдулла Каҳҳор, Абдулла Орипов, Одил Ёқубов, Пирмат Шермуҳамедов, Раҳимжон ­Отаули, қорақалпоқ олими марҳум академик Марат Нурмуҳамедов ва бошқаларнинг адиб ижодига, фаолиятига берган баҳолари ҳам Тўлепберген Қаипбергеновнинг ёзувчи сифатида жаҳон миқёсида аҳамият касб этганини исботлайди.

Ёзувчининг дастлабки қиссалари инсон ҳаёти, яшашдан мақсад, умр мазмуни каби азалий-абадий мавзуларга бағишланган бўлса, унинг “Кўз қорачиғи”, “У дунёдаги бобомга хатлар” асарларида дунёвий аҳамиятга эга масалалар – Орол, Оролбўйи минтақасида ҳаётни асраб қолиш, ташвишли экологик вазият муаммолари қаламга олинди. Унинг юксак минбарларда сўзлаган нутқлари орқали эса Орол ташвиши миллионлар ташвишига айлангани, ­халқаро аҳамиятга молик масала миқёсига кўтарилгани, жаҳон ­халқлари бу фожианинг моҳиятига тушуниб ета бошлаганининг гувоҳи бўлганмиз.

Тўлепберген Қаипбергенов дунё маънавиятига ўзининг бадиий асарлари, публицистик мақолалари, жамоатчилик фаолияти билан катта улуш қўшди. Айтайлик, у 1960 йиллардан бошлаб турли раҳбар лавозимларда ишлаб,1980 йилдан то умрининг охирига қадар Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси бўлди. Шу билан бир қаторда узоқ йиллар мобайнида у “Марказий Осиё маданияти”,“Ёзувчи”, “Жаҳон адабиёти”, “Тафаккур”, “Соғлом авлод учун”, “Амударё” каби газета ва журналлар таҳрир ҳайъати  аъзоси сифатида ҳам иштирок этди. У мустақил Ўзбекистон мамлакатининг одил  сиёсатини кенг дунё жамоатчилиги орасида, чет элларда тарғиб-ташвиқ қилиш ниятида мамлакатимиз номидан Венгрич, Сурия, Ҳиндистон, Вьетнам, Мўғулистон, Япония, АҚШ, Франция, Белгия мамлакатларида бўлди, мазкур мамлакатларнинг кўплаб оммавий ахборот воситаларида мақолалари, интервьюлари нашр этилди. Улар ҳозирги замон қорақалпоқ публицистикасининг намуналари сифатида ўз тадқиқотчиларини кутиб турибди.

Ёзувчига 1974 йили Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси,1994 йили “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвонларининг берилиши унинг истеъдодининг давлат миқёсида эътироф этилиши эди. 2004 йил унга “Ўзбекистон Қаҳрмони” унвонининг берилиши эса адибнинг ижоди ва жамоат арбоби сифатидаги хизматларига берилган муносиб баҳо бўлди.

2004 йилнинг март ойида ёзувчининг “Бобомга хатлар” асари Н.Красильников таржимасида нашр қилиниши муносабати билан (Т.Қаипбергенов “Письма натотсвет, дедушке”, М.Издательство “Мир” 2004) Москва шаҳрида мазкур асарнинг тақдимоти бўлиб ўтган эди.

ХХI аср қорақалпоқ насрида яна бир аҳамиятли воқеалардан бири – бу тиниб-тинчимас адибимизнинг “Қорақалпоқман, таваккалчиман” асарининг нашр қилиниши бўлди. (Нукус, 2003). Китобниниг биринчи қисми “Учрашувларда тушган 999 та саволга жавоблар” деб аталади. Бунда муаллифнинг ўз Ватанида ёки чет мамлакатларда бўлган пайтларда учрашган одамлари тарафидан берилган саволларга тезкор жавоблари жамланган. Китобниниг иккинчи қисми “Интервьюлар, ўйлар” деб аталиб, бу бўлимда адибнинг жаҳонда таниқли бўлган абадий сиймолар –Лев Толстой ва Чингиз Айтматов ҳақидаги, шунингдек, Бердақ шоирнинг 175 йиллик таваллуд санаси  арафасидаги адабий ўйлари, таниқли ўзбек ёзувчилари, шоирлари, олим ва журналистлари Набижон Боқий, Шойим Бўтаев, Рустам Мусурмон,Рахимжон Отаули ва бошқалар билан суҳбатлари берилган. Китобнинг учинчи бўлими “XХI аср бўсағасида туғилган адашимга 99 маслаҳат”  деб аталади. Унда Шарқнинг ўлмас бадиий дидактик асарлари анъаналарига суяниб ёзилган янгича шаклдаги адабий ўйлари жой олган. Китобнинг тўртинчи бўлими Т.Қаипбергеновнинг айрим асарлари ҳақида фикр билдирган машҳур кишилар – академик Андрей Сахаров, дунё адабиётининг таниқли вакилларидан бири Чингиз Айтматов, ўзбек адабиётининг таниқли вакиллари – Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов, Ўзбекистон халқ ёзувчилари Ҳамид ­улом, Одил Ёқубов,  адабиётшунос Ф.Насриддиновларнинг фикрлари ўрин олган.

Шуни таъкидлаш керакки, Тўлепберген Қаипбергенов – қорақалпоқ ­халқининг драматизмга тўла, оғир тарихий қисматини Орол ҳудудидаги аянч­ли шароитга боғлаб тасвирлаш ҳам “умуминсоний миқёсда фикрлаш” йўлидан боради. Буни давримизнинг кўплаб адиб-шоирлари ўз асар ва мақолаларида таъкидлайдилар. Масалан, атоқли шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла  Орипов “Халқ сўзи” газетасида эълон қилган “Қорақалпоқ достони” номли мақоласида шундай деб ёзади: “A.Қодирий – ўзбек халқининг, М.Авезов – қозоқ халқининг, Ч.Айтматов – қирғиз халқининг манглайига худо ёрлақаб берган ёзувчилари… Ўзининг узоқ тарихига эга бўлган қадимий қорақалпоқ халқининг кенг пешонасига бугунги кунда тонг юлдузи каби ярашиб турган ёзувчи Т.Қаипбергеновдир! Чиндан ҳам Т.Қаипбергеновнинг қиссалари, турли услубда ёзилган романлари публицистик мақолалари интервьюлари драматик асарларисиз бугунги қорақалпоқ адабиётини, умуман бу халқнинг маънавий ҳаётини бадиий сўз оламини кўз олдимизга келтириш қийин. Шунинг учун ҳам унинг ижоди ҳамиша кенг ўқувчилар оммаси орасида,  адабий жамоатчиликда муайян қизиқиш уйғотиб келди, юракларга йўл топа олди.

Мустақиллик йилларида Тўлепберген Қаипбергенов ижоди қорақалпоқ адабиётида янада кенгроқ тадқиқотлар доирасига олинди — таниқли олим Қ.Султонов докторлик диссертациясини ёқлаган бўлса, ёш адабиётшунос олимлар П.Нуржанов, А.Абдимуратов, Ҳ.Ўтемуратова,  В.Полвоновлар, ўзларининг номзодлик ишларида адиб ижодини асосий тадқиқот объекти қилиб белгиладилар. Нукус шаҳрида  яшаб турли тилларда ижод қилувчи адабиётшунос олимлар Қ.Қурамбоев, Ф.Салаев, К.Ташанов, Ш.Абдуллаевлар ҳам Тўлепберген Қаипбергенов ижодини тадқиқ, тарғиб қилиш ишларига ўз улушларини қўшдилар.

“Қорақалпоқ достони”нинг рус тилида таржима қилинишида З.Кедрина, А.Пантилеев, Э.Арбенова, В.Панкиналарнинг, “Қоракапоқ қизи” романининг Москвада китоб бўлиб чиқишида Г.Марьяновскийнинг, қиссалар таржимасида Н.Янкевич ва бошқаларнинг хизматлари катта бўлди. Адибнинг номи ўзбек китобхонлари орасида кенг танилишида эса атоқли  ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳорнинг хизмати жуда катта. Гап шундаки, эндигина адабиёт майдонига кириб келаётган ёш ёзувчининг ўзбек ўқувчилари учун кашф қилинишида устоз Абдулла Қаҳҳор бевосита иштирок этган бўлиб,  у “Совуқ бир томчи”  қиссасини 1962 йилда таржимон ­ойиб Ёқубов билан биргаликда ўзбек тилига таржима қилган эди. Бундан руҳланган Тўлепберген Қаипбергенов шундан кейин бутун ҳаётида Абдулла Қаҳҳор билан қалин алоқада бўлиб, устоз-шогирдлик алоқаларини давом эттириб келди.

Шунингдек, адибнинг “Қорақалпоқ дос­тони” трилогиясини ўзбек тилига таржим қилган Лола Тожиева, “Бобомга хатлар”, “ХХI аср бўсағасидаги адашимга 99 маслаҳат” асарларини, “Саҳро бўлбули” драмасини таржима қилган Рахимжон Отаули номларини тилга олиб ўтиш жоиз.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, адибнинг ижоди – қорақалпоқ миллий насридагина эмас, собиқ Иттифоқ ва жаҳон миқёсида ўзига хос аҳамиятга эга бўлган воқеа сифатида эътироф қилинишига лойиқдир.

Пардабай НУРЖАНОВ,

Филология фанлари номзоди.