Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 27 июль куни жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идоралари масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, истиқболдаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Хўш, йиғилишда муҳокама қилинган масалалар, яъни жиноятчиликнинг олдини олиш, содир этилганларини аниқлаш борасида жорий йилнинг дастлабки 6 ойида қандай ишлар амалга оширилди? Биз, бу ҳақда тўлиқроқ маълумот олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, подполковник Музаффар РАХМАТУЛЛАЕВга мурожаат қилдик.
— Ўзингизга маълумки, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ички ишлар соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу нуқтаи назардан аввало, ички ишлар тизимини такомиллаштиришга қаратилган ҳуқуқий асослар ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз?
— Ҳа, айнан Президентимиз ташаббуслари ва белгилаб берган кўрсатмалари асосида мамлакатимиздаги ҳуқуқ-тартибот идораларини ҳақиқий маънодаги халқчил идорага айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада тегишли фармон ва қарорлар қабул қилиниб, ҳуқуқий асослар яратилмоқда. Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ўтган давр мобайнида ички ишлар тизимини такомиллаштиришга оид 80 дан зиёд ҳужжатлар қабул қилингани алоҳида таъкидланди. Қабул қилинган ҳужжатлар асосидаги ўзгаришлар ҳам ички ишлар ходимларини халққа яқинлаштириш, уларни бевосита халқ орасида ишлашга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади. Масалан, илгари барча ходимларнинг 60 фоизи шаҳар ва туман бошқармаларида, 40 фоизи жойларда фаолият юритган. Кейинги ўзгаришларга кўра эса, 35 фоизи идораларда қолдирилиб, 65 фоизи аҳолига яқин бўлиши учун маҳалла йиғинлари ҳузурида ишлай бошлади.
— Айтингчи, маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида қандай тадбирлар амалга оширилмоқда?
— Маълумки, тинч ва осойишта ҳаётнинг муҳим жиҳати – бу ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантиришдир. Олиб бораётган саъй-ҳаракатларимиз ҳам аҳоли ўртасида жиноятчиликка муросасиз муносабатни шакллантириш ва республика ҳудудида жиноятчиликни кескин камайтиришга қаратилган.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 410 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг 242 тасида, ёки 59,0 фоизида умуман жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
Шунингдек, ҳудудлардаги криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартириш борасида маҳаллаларнинг ҳар бирида 1 тадан жами 410 та “Жамоатчилик назорати масканлари” ташкил этилиб, уларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда жамоатчилик вакиллари кунлик хизматга жалб қилиндилар.
— Олиб борилаётган тадбирлар жиноятчиликнинг олдини олишга қай даражада таъсир кўрсатмоқда? Ўтган йилга нисбатан ижобий натижаларга эришилдими?
— Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирларида ҳуқуқбузарлик ҳолатларини барвақт аниқлаш, жиноятчиликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал қилиш орқали уларнинг ишончини оқлаш ва жамоатчилик кучидан кўпроқ фойдаланиш натижасида республика ҳудудида жиноятларнинг камайишига эришилди.
Хусусан, республика ҳудудида барча йўналишда содир этилган жиноятлар ўтган йилга нисбатан 542 тага ёки 42,74 фоизга камайишига эришилди. Содир этилган жиноятлар ўтган йилга нисбатан 258 тага, ёки 35, 01 фоизга, жиноят турларидан номусга тегиш 11 дан 7 га, безорилик 40 дан 14 га, талончилик 9 дан 3 га, ўғирлик 252 дан 193 га, фирибгарлик 155 дан 99 га, оғир оқибатли ЙТҲ 40 дан 36 га, товламачилик каби жиноятлар 6 дан 1 га камайишига эришилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ва қуйи тизимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ўғирлик жиноятларини содир этган 10 та жиноий гуруҳлар қўлга олинди ва улар томонидан содир этилган 23 та ўғирлик фош этилиб, жиноий фаолиятига чек қўйилди.
— Қилинган тадбирлар, ички ишлар органларининг саъй-ҳаракатлари ўзининг ижобий самарасини бериши шубҳасиз, албатта. Лекин, давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида айрим жиноятлар сони ҳамон юқорилигича қолаётгани алоҳида тилга олиниб, бу борада йўл қўйилган хато ва камчиликлар рўй-рост кўрсатиб ўтилди. Шу ўринда республикамизнинг қайси ҳудудларида қандай жиноят турлари нисбатан ошган?
— Ҳа, минг афсуски, жорий йилнинг биринчи ярим йиллик иш фаолиятимизни сарҳисоб қилар эканмиз, айрим жиноятларнинг ошганлигини кўришимиз мумкин.
Хусусан, ҳар 100 минг аҳолига нисбатан Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ўртача 39,4 та жиноят тўғри келаётган бир вақтда, бу кўрсаткич Нукус шаҳрида 81 тани, Нукус туманида 43,7 тани, Хўжайли туманида 43,4 тани, Тўрткўл туманида 42,6 тани ва Қўнғирот туманида 41 та жиноятни ташкил этмоқда.
Шунингдек, республика бўйича барча йўналишдаги жиноятлар камайганига қарамасдан Нукус шаҳри, Қўнғирот, Қонликўл, Тўрткўл, Хўжайли ва Чимбой туманларида ошганлиги ҳисобига Қорақалпоғистон Республикаси бўйича қотиллик жинояти 66,7 фоизга кўпайган.
Ушбу қотиллик жиноятларининг 2 таси танишларнинг ўз аро жанжали, 4 таси оилавий можаролар натижасида ўзининг турмуш ўртоғини ўлдириш, 2 таси қариндошларнинг ўз аро жанжали оқибатида содир этилгани, 2 таси маст ҳолатда, 3 таси муқаддам судланган ҳамда 6 таси ишсиз шахслар томонидан содир этилгани аниқланди.
Шунингдек, қасддан баданга оғир шикаст етказиш жинояти Нукус шаҳри ва Тўрткўл, Тахиатош, Кегейли, Нукус туманларида ошганлиги ҳисобига республикамиз бўйича 42,9 фоизга кўпайган. Талончилик жинояти Нукус шаҳрида ошган бўлса, фирибгарлик Кегейли, Шўманай, Мўйноқ, Элликқалъа туманларида ўсишига йўл қўйилган.
— Суҳбатимиз аввалида ҳозирги кунда ички ишлар ходимларининг кўпчилиги маҳаллаларда, аҳоли орасида фаолият олиб бораётганини таъкидлаган эдингиз. Тизимдаги ушбу ислоҳотларга қарамай жиноятлар сони нисбатан ошган маҳаллалар ҳам борми, умуман жиноятлар маҳаллар кесимида ҳам таҳлил қилинмоқдами?
— Албатта, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тадбирларнинг самарадорлигини ошириш учун ҳар бир туман ва маҳаллалар кесимида жиноят турлари таҳлили олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўтган 6 ойи якуни билан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги маҳаллаларнинг 168 тасида ёки 41 фоизида жиноятлар содир этилиб, 80 тасида ёки 19,5 фоизида ўтган йилга нисбатан ошиб кетишига йўл қўйилган.
Жиноятларнинг салмоғи маҳаллалар кесимида таҳлил қилинганда 6 ойда Нукус шаҳридаги Х.Дўстлиги маҳалласида 18 та, арезсизлик маҳалласида 16 та, Таслақ маҳалласида 10 та, Дўстлик маҳалласида 8 та, “Гоне қала” ва “Кизилкум” маҳаллаларида 7 тадан, “Алланияз Қаҳрамон” ва “Чимбой чойхона” маҳаллаларида 6 тадан жиноятлар содир қилинган. Шунингдек, Амударё туманида “Беш овул” ОФЙ ҳудудида 6 та, Тўрткўл туманида Уллубоғ ОФЙ ҳудудида 18 та, Ўзбекистон маҳалласида 8 та, Тошкент маҳалласида 7 та, Хўжайли туманидаги Муртазабий маҳалласида 8 та, Қўнғирот туманидаги “Қўнғирот” маҳалласида 15 та, “Озодлик” маҳалласида 9 та, Беруний туманидаги Хоразм маҳалласида 13 та, Шоббоз ОФЙ ҳудудида 7 та жиноят содир этилишига йўл қўйилган.
Масалан, Амударё тумани, Қиличбой ОФЙ ҳудудида яшайдиган, муқаддам судланган Б.Ваисов ва Қораўзак тумани “Қораўзак” ОФЙ ҳудудида яшайдиган, муқаддам судланган А.Заримбетов Жазони ижро этиш инспекциялари ҳисобида бўлган. Улар билан етарли даражада якка тартибдаги профилактик ишлар олиб борилмаганлиги натижасида бу икки шахс томонидан ўғирлик жинояти содир этилишига йўл қўйилган.
Ушбу рақамлар бизнинг ўз устимизда янада ишлашимизга даъват этади. Негаки, юқорида қайд қилинган маҳаллалардаги участка нозирлари ўз вазифаларига янада масъулиятли ёндашганларида, профилактик ҳисобда турган шахслар билан якка тартибда ва манзилли ишларни тўғри ташкил қилганларида жиноятлар сонини сезиларли даражада камайтиришга эришган бўлар эдик.
— Содир этилган жиноятни «иссиқ изи»да аниқлаш бу жуда муҳим тадбирдир. Ривожланган давлатларда бу тадбирни амалга оширишда ўргатилган махсус хизмат итларидан кенг фойдаланилади. Айтингчи, бизда кинология хизматидан фойдаланиш даражаси ва сифати қандай?
— Ҳа, гумонланувчиларни зудлик билан қўлга олиш, содир этилган ҳар қандай жиноятни «иссиқ изи»да аниқлашда кинология хизматининг ўрни ва аҳамияти катта. Афсуски, республикамизда кинология хизмати томонидан жиноятчиликнинг олдини олиш, фош этиш борасида олиб борилаётган ишларни талаб даражасида, деб бўлмайди.
Бунга мисол тариқасида, 2018 йилнинг 6 ойи мобайнида жиноят қидирув соҳаси бўйича 479 та жиноят ҳисобга олинган бўлиб, шундан фақатгина 119 жиноят бўйича воқеа жойига хизмат итлари билан чиқилган. Мазкур жиноятларнинг 85 таси хизмат итлари иштирокида фош этилган. Биз, бу борада ҳам ишларни самарали ташкил қила олсак, содир этилган жиноятни «иссиқ изи»да фош этиш билан бирга келгусида жиноятларнинг ҳам олдини олган бўламиз.
— Минг афсуски, ҳозирги кунда ҳам ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан ёндашадиган ички ишлар ходимлари борлиги ва бу мавзу ижтимоиий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётгани видеоселекторда ҳам айтилди. Айтингчи, эгнидаги хизмат формасига номуносиб хатти-ҳаракатлар қилиб, шахсий намуна бўла олмайдиган ходимлар аниқланаяптими? Балки, тизимда ҳалигача ана шундай ходимлар борлиги ички ишлар идораларини чинакам “Халқчил ички ишлар органлари”га айлантиришга тўсиқ бўлаётгандир…
— Ҳа, шахсий намунада гап кўп. Шу боис тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг меҳнат интизоми устидан мониторинг-назорат ишлари олиб борилиб, аниқланган қоидабузарликларни бартараф қилиш чоралари кўрилмоқда.
Ходимлар томонидан хизмат интизомини бузиш ҳолатлари ўтган йилнинг дастлабки олти ойида 184 тани ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг олти ойида 178 та, яъни ўтган йилга нисбатан 6 тага камайган. Аммо, Тахиатош туманида 3 тага, Амударёда 4 тага, Берунийда 5 тага, Элликқалъада 5 тага, Қонликўлда 1 тага, Чимбойда 5 тага, Кегейли ва Тахтакўпир туманларида меҳнат интизомига амал қилмаган ички ишлар ходимлари 4 тага кўпайган.
Масалан, жорий йилнинг 6 июнь куни соат 22:20да Тахиатош тумани Ички ишлар бўлимининг майор унвонига эга бўлган 4 нафар масъул лавозимли ходимлари ИИБ ЁХБга тегишли бўлган д.р. 95 /194 VSF хизмат автомашинасида Нукус шаҳрида жойлашган “Севинч” кафесига бориб, хизмат кийимида спиртли ичимликлар истеъмол қилиб ўтирганликлари аниқланган.
Содир қилинган жиноятларни таҳлил қилганимизда уларнинг кўпчилик иштирокчилари маст ҳолатда бўлгани аниқланган. Шунинг учун ёшлар ва аҳоли билан профилактик, тарғибот тадбирларида спиртли ичимликлар истеъмоли ҳуқуқбузарликларга йўл очиши ҳақида гапирилади. Энди ўйлаб кўрайлик, мана шундай тадбирлар иштирокчиси бўлаётган аҳоли хизмат формасида спиртли ичимлик ичиб юрган ходимни кўрган бўлса, тарғиботнинг таъсири қандай бўлади?!
2018 йилнинг 6 ойи давомида Ички ишлар органлари ходимларидан 27 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиб, бу ҳолат ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 нафарга ортган. Шунингдек, 3 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилган. Шу боис келгусида бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида жойлардаги ҳар бир мутасадди раҳбар ва ходимлар устидан кундалик назорат кучайтирилди.
Биз, жиноятчиликнинг олдини олиш, камайтириш ҳақида кўп гапирамиз. Аммо, унинг аҳолига таъсири эгнига хизмат формасини кийган ҳар бир ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хатти-ҳаракатига ҳам боғлиқ, албатта. Бир сўз билан айтганда, ички ишлар идоралари чинакам “Халқчил ички ишлар органлари”га айланиши учун аввало ҳар бир ходим шахсий намуна кўрсатмоғи лозим.
— Президентимиз Ш.Мирзиёев тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида “Ҳамма бирдек енг шимариб, муаммолардан тўлиқ хабардор бўлиб, уларни ҳал этишга кўмаклашган, жиноятчиликнинг барвақт олдини олган ва унинг туб моҳиятини тушунтирганида эди, бугунги аҳвол ва рақамлар умуман бошқача бўларди”, — дея таъкидлаган эди. Биз ҳам мазкур йиғилишда берилган кўрсатмаларга асосан газетамизда “Жиноят ҳақиқати ва адолат” рукнини ташкил қилдик ва ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда туркум материаллар бериб боришга ҳаракат қиламиз. Сизга эса юқорида берган маълумотларингиз учун миннатдорлик билдирамиз. Бу каби ҳамкорликдаги тарғибот ишларимиз жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилса, мақсадга эришган бўламиз.
Ғайратжон ОТАЖОНОВ
суҳбатлашди.