«Шараф ленталари» тарқатилмоқда


Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, шаҳар ва туманлар кенгашлари ҳамда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда “Хотира ва қадрлаш” ойлиги доирасида бир қатор маданий-маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият”, “Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч”, “Матонат, бурч ва садоқат” лойиҳалари доирасида “Уч авлод учрашуви”, “Икки авлод учрашуви”, “Ватан озодлиги учун жонини фидо қилганларнинг хотираси мангу ва барҳаёт” каби йигирмадан ортиқ мавзуларда учрашувлар, давра суҳбатлари, байрам тадбирлари ҳамда спорт мусобақалари ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 30 апрель куни 9 май –Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Нукус шаҳрида “Шараф ленталари”ни халққа тарқатиш бўйича байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раҳбарлари, фаоллар, Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг ҳарбий хизматчилари, фахрийлар, ўқувчи-ёшлар иштирок этди. Тадбир давомида Иккинчи жаҳон уруши давридаги ҳарбий кийимлар намойиши ҳамда куй-қўшиқлари ижро этилди.

Байрам тадбири Нукус шаҳридаги Ватанимиз байроқлари қад ростлаган майдондан бошланди.

Сўнг тадбир иштирокчилари И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи олдига саф тортиб боришди. Фаол ёшлар томонидан иштирокчиларга “Шараф лентаси” ҳамда акция стикерлари тарқатилди. Байрам тадбирлари юртимиз бўйлаб давом этмоқда.

Қ.Х.А.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.