ОҚИЛ ВА ТАШАББУСКОР РАҲБАР ЭДИ ёхуд Ражапбой Йўлдашев ҳақида хотиралар


Ҳаётда шундай инсонлар яшаб ўтадики, уларнинг қилган хайрли ишлари, эл-юрт равнақи йўлидаги бунёдкорликлари ­замондошлари ва ёш авлод вакиллари томонидан ҳамиша эътироф қилинади. Номи фахр билан тилга олинади, ҳурмат-эҳтиром билан хотирланади. Ана шундай инсонларнинг бири Қорақалпоғистон ­Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи, “Шуҳрат” медали ва ­“Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳиби, иқтисод фанлари номзоди Ражапбой Йўлдашев эди.

Биз, ушбу мақоламизда Р.Йўлдашев билан бирга ишлаган дўстлари, шогирд­ларининг у киши ҳақидаги хотираларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Турсинбой Ходжаев, «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи», меҳнат ­фахрийси.

Ражапбой Йўлдашев ташаббуси билан туманимизда қилинган ишлар ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин.

Ҳозир ҳаёлимга келган катта ишларидан бири бу дарё сувини маромида оқизишга қаратилган тадбирларидир. Дарё ҳамиша ҳам бир маромда оқмас экан. Бир пайтлар дарё бўйи ерларини “дагиш” олиб, сув оқими “Бадай тўқай” томон бурилиб кетди. Туман ҳудудидаги катта экин майдонларини суғоришда муаммолар юзага келди. Ана шу пайт Ражапбойнинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида бутун туман аҳли жам бўлишиб, дарё сувини ўз йўлига қайтаришга муваффақ бўлган эдик. Шунингдек, дарё бўйларига кўплаб насос агрегатларни ўртаниб, ерларни суғориш тизимини йўлга қўйди. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратди. 94 км. узунликдаги тоза ичимлик суви тармоқлари тортилди.

Биламизки, халқ ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун аввало, сув, газ ва электр энергияси билан таъминланиши керак. Р.Йўлдашев юқорида келтирилган тадбирлар орқали туман халқига сув етказиб берган бўлса, яна бир йирик лойиҳани амалга ошириш орқали туман аҳлига кафолатли газ етказиб беришни йўлга қўйди.

Яъни, Тўрткўл йўли бўйидаги магистрал газ тармоғидан дарё ости орқали туманга газ тармоғини тортиб келиш лойиҳасини илгари сурди. Лекин, ҳали бизда дарё тубидан газ тармоқларини ўтказиш тажрибаси  ҳам бу ишни амалга оширадиган мутахассислар ҳам йўқ экан.

Р.Йўлдашев жуда тириш­қоқ эди. Қайсики ишни бошламасин охирига етказмай қўймасди. Дарё тубидан газ трубаларини тортиш ишини ҳам охирига етказди. Бу масала юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилди. Тюмень шаҳридан мутахассисларни жалб қилиб, 2005 йилда Амударё остидан 0,7 км. узунликдаги табиий газ тармоғи шунингдек, жами 90 км. дан ортиқ узунликдаги ­табиий газ тармоқлари тортилди. Натижада, туман аҳолиси ­табиий газ билан таъминланди.

Аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжларини қондириш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Бу ­борада Р.Йўлдашев ташаббуси билан Амударё устидан 23,9 км. узунликдаги юқори кучланишдаги захира электр тармоғи тортилиб, электр таъминотидаги фавқулодда узилишларнинг олди олинди. Шунингдек, 180 км. узунликдаги давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга, 70 км. узунликдаги ички хўжаликлараро йўллар жорий ва мукаммал таъмирланди.

У раҳбарлик қилган йилларда туманда минглаб аҳоли турар жойлари, юзлаб ижтимоий соҳа объектлари, 452 та намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар, ёш оилалар учун кўп қаватли уйлар қад ростлади.

Р.Йўлдашев оғир касаллигига қарамасдан, умрининг сўнгги кунларида ҳам эл манфаатини ўйлаб, Амударё устига замонавий темирбетон ­конструкцияли кўприк қуриш лойиҳасини келгуси йилларнинг манзилли дастурига киритишга муваффақ бўлди.

Курбангали Бешбаев, “Бешбаев Курбангали” фермер хўжалиги раҳбари, “Илғор фермер” кўкрак нишони соҳиби:

Мен Ражапбойни эсимни таниганимдан буён биламан, у билан ҳам­қишлоқмиз. Ҳозир ўйлаб қоламан, у кишида раҳбарлик қилишга бўлган туғма истеъдод бор эди, назаримда. Негаки, у ёшлигиданоқ олдинга интилувчан ва атрофидаги болаларни изига эргаштира олар эди. ­Кейинчалик, олий ўқув юртларини ­тамомлаб,  бир қанча раҳбарлик ­лаво­зим­­ларида самарали ­фаолият юритди.

Кўпчиликка маълум, ўша йилларда бутун республикамиз, жумладан Амударё туманида ҳам сув тақчиллиги сабабли қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда муаммолар юзага келган эди. Ражапбой Йўлдашев туманда сув тақчиллиги муаммосини ҳал қилмасдан ҳеч қандай ижобий натижага эришиб бўлмаслигини англаб, аввало, экин майдонларини сув билан таъминлаш ва ерлардан юқори ҳосил олиш бўйича тегишли чораларни кўрди.

Натижада унинг ташаббуси билан Амударё қирғоғидаги “Шихжамол”, “Чиғир”, “Тош ёп”, “Холимбегёп” каби сув олиш станцияларига 35 дона насос агрегатлари қурилиб, 25 минг гектардан ортиқ экин майдонларининг сув таъминоти яхшиланди, жами 2154 км. узунликдаги коллекторларда таъмирлаш ва тиклаш ишлари бажарилиб, 20 минг гектардан ортиқ ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди.

Биламизки, техника фермер ва деҳқоннинг қўл-қанотидир. Р.Йўлдашев бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратди. Унинг ташаббуси ва бевосита кўмаги билан лизинг ва кредит асосида мингдан ортиқ турли русумдаги юқори унумли техникалар харид қилинди.

У кишининг шундай қобилияти бор эдики, шахсан мен ўзим ҳозир ҳам ҳайрат билан бошқаларга гапириб юраман.

Бизда, тумандаги ҳар бир даланинг номи бор. Кўпчилик ҳолларда фақат ҳудудлардаги фермер ва механизаторлар ўша номларни билишади. Лекин, Р.Йўлдашев тумандаги нафақат барча фермер хўжаликлари раҳбарлари, механизаторлари исмларини, балки дала майдонларини ҳам номма-ном билар эди. Масалан, “партав”, “жўхори поя”, “якка тол”, “гужум тахта”, “катта ўй” каби далалар бор. Шундай далалардан бири тупроқ шароити жуда оғирлиги сабаб “буломиқ” номини олган. Бу далада текис ниҳол ундириб олиш жуда қийин эди. Р.Йўлдашев йиғилишларда ҳам айрим фермерларнинг ишчанлигини, чигит экишга бўлган масъулиятини ошириш мақсадида, ­“буломиқ”ни бориб кўринг дерди.  Бу билан, шу далада бир текис уруғлар униб чиқдими, ишнинг кўзини билиб меҳнат қилинса, барча далаларда бир текис ниҳол олишнинг имкони борлигини айтарди.

Р.Йўлдашевнинг қишлоқ хўжалиги  соҳасига қаратган эътибори ўз самарасини берди, албатта. Туманимиз 2008 йилдан буён деярли ҳар йили давлатга пахта, ғалла сотиш бўйича шартномавий режаларини нафақат республикамизда балки, Ўзбекистон Республикасида биринчилар қаторида бажариб келмоқда.

Санобар Хўжамуратова, Амударё туманидаги 40-сонли мактаб директори, “Ўзбекис­тон Республикаси халқ таълими аълочиси”, “Қорақалпоғистон Республикаси халқ ўқитувчиси”.

Ражапбой ака Йўлдашев жуда эътиборли инсон эди. Одамлар орасида суҳбатларини кўп кузатганман. У кўпчилик билан исмини айтиб, сўрашар, ҳатто уйида кекса ота-онаси бўлса, уларни ҳам сўраб қўярди. Мактаб директорлари, ўқитувчиларни ҳам яхши танир эди.

Р.Йўлдашев таълим соҳасига, ёш авлодни билимли ва етук кадрлар қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратди. Ёдимда, биз тумандаги мактаб директорлари ва ўқитувчилари Р.Йўлдашевнинг қабулида бўлганимизда — келажакка энг яхши, ишончли инвестиция таълим орқали киритилади ва болаларни билимли қилишга сарфланган инвестиция бўлади, деган эдилар.

Зиммасида шунча иши бўлса ҳамки, ҳар йилги август кенгашларида иштирок қилар ва ҳар биримизнинг нутқимизни диққат билан тинглар эди.

Таклифларимизни сўраб, муносабатларини билдириб турар, туман учун ёшлар келажаги учун манфаатли ишга албатта, амалий ёрдамини берарди.

У раҳбарлик қилган йилларда туманда академик лицей очилди.  Шунингдек, 8 та касб-ҳунар коллежлари, 65 та мактаблар, 10 та мактабгача ва мактабдан ташқари таълим-тарбия муассасалари бинолари, 17 та спорт иншоотлари реконструкция қилинди ва янгидан қурилди.

Р.Йўлдашев раҳбарлик қилган йилларда туман иқтисодиёти барқарор суръатларда ривожланиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалди. “Amudaryotex” хорижий корхонаси, “Asia Silk” шўъба корхонаси, “Қорақалпоққишлоққурилишсервис” масъулияти чекланган жамияти, “Амударё пахта тозалаш” акциядорлик жамияти каби саноат корхоналари ишга тушди. 1998 йилгача туманда ишлаб чиқарилган бирорта маҳсулот ҳам хорижга экспорт қилинмаган бўлса, 2016 йилга келиб, 10 дан ортиқ экспортёр корхоналар томонидан 15 турдаги маҳсулот экспорти йўлга қўйилди.

Ҳа, бундай шахслар ўлмайди. Уларнинг ўзи бу ҳаётда бўлмасада, қилган ишлари, бунёдкорликлари ҳамиша инсонлар эътирофига лойиқ бўлиб яшайверади.

Ғайратжон ОТАЖОНОВ.