Биз мана шундай аждодлар хотирасига ҳурмат бажо келтириладиган кунларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийлари билан бир қаторда, юртимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшган, бироқ ҳозир орамизда бўлмаган инсонларнинг ҳам халқимиз, давлатимиз манфаати йўлида қилган эзгу саъй-ҳаракатларини эътироф этамиз, эслаймиз. Шундай эътирофга лойиқ инсонлардан бири Ўзбекистон Қаҳрамони Алланияз оға Утениязов эди.
У ҳаётда ҳар қандай қийинчиликларга қарамай ўз матонати, иродаси, жасорати, халқига бўлган меҳр-муҳаббати, садоқати туфайли улуғ ва буюк ишлар бунёдкори бўлди.
А.Утениязов 1936 йилда Кегейли туманининг Қазаяқли овулида туғилган. Мактабни тамомлаганидан сўнг 1958 йилда Нукус давлат педагогика институтида таҳсил олган. 1964 йили институтни тамомлаб, Нукус шаҳридаги 4-сонли мактабда ўқувчи-ёшларга инглиз тили фанидан дарс берган.
А.Утениязов болалик чоғларидан меҳнатда тобланиб, пишиқ-пухта бўлиб ўсди. Ўқишдан бўш пайтларида онасига дала ишларида ёрдамлашарди. Ўз томорқа ерида сабзавот, мева ва полиз экинларини етиштириб, шунинг ҳисобига кун кечиришарди.
Ҳаётнинг ўзига хос қийинчиликларини кўргани боис ҳам А.Утениязов доимо инсонларнинг ташвишу-муаммоларига қулоқ тутган. Одамларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, уларга моддий ёрдам беришни ўзининг инсонийлик бурчи деб билган. Кам таъминланган, ногирон ва касал инсонларга, ёлғиз яшовчи кексаларга уйлар қуриб, ғариб кўнгилларни обод қилган.
Қаҳрамонимиз А.Утениязов умри давомида ўз қўллари билан аҳоли учун 40 та турар-жой, 2 та мактаб, 2 та 30 ўринга мўлжалланган болалар боғчаси, 2 та шифохона ҳамда 1 та кутубхона қуриб, халқ меҳрини, ишончини қозонган.
Алланияз оғанинг мана шундай улуғ ишларини эслаганимизда унинг халқ манфаатини кўзлагани, айниқса, фарзандлар тақдири, келажаги учун қайғурганининг гувоҳи бўламиз.
Халқимизда “Яхшидан боғ қолади…” деган ибратли нақл бор. Алланияз оға Утениязов ҳам 2000 йилда 15 гектар ерга турли хил мевали ва манзарали дарахтлар экиб, боғ яратган. “Саховат” фермер хўжалигини ташкил этган.
А.Утениязовнинг халқимиз фаровонлиги йўлида қилган хизматлари юксак баҳоланиб, “Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси”, “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси”, “Ўзбекистон Қаҳрамони” каби унвонларга муяссар бўлган. Шунингдек, “Қорақалпоқфильм” томонидан А.Утениязовнинг ҳаёти ва меҳнат фаолиятига оид 3 та ҳужжатли фильм яратилган.
Инсон ўз оиласига, касбига, халқига бўлган ҳурмати, садоқати, меҳри туфайли буюк чўққиларга, юксак марраларга эришади. Алланияз оға Утениязов ҳам ўз халқига бўлган ана шундай меҳр-муҳаббати туфайли Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди.
— Алланияз оға Утениязовнинг номини абадийлаштириш мақсадида 2010 йили маҳалламизга “Алланияз Қаҳрамон” номи берилди, — дейди Нукус шаҳридаги “Алланияз Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Еркебай Утениязов. — Бугунги кунда маҳалламизда 9945 нафар аҳоли истиқомат қиладиган бўлса, уларнинг деярли барчаси Алланияз оғанинг ҳаёти билан яқиндан таниш. У кишининг инсонийлик фазилатларини ҳурмат билан тилга олишади.
Барчамизга маълумки, Алланияз оғанинг айниқса эҳтиёжманд кишилар учун қилган хизматлари жуда катта. Унинг халқимиз ҳаёти, одамларимиз тақдири, фарзандларимиз келажаги йўлида қилган меҳнатларини ҳақиқий қаҳрамонлик, жасорат, фидоийлик тимсоли сифатида ҳар қанча улуғласак арзийди. Алланияз оға Утениязов ҳақиқий ватанпарвар, миллий ва умуминсоний қадриятларни ўзида жамлаган комил ва забардаст инсон қиёфасида бутун юртдошларимиз қалбидан чуқур жой олган. Демоқчиманки, мана шундай улуғ кунларда, шундай инсонларнинг хотирасига ҳурмат кўрсатиш ва қилган меҳнатларини улуғлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Феруза Нуруллаева.