Амударё тумани «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 95 ёшли отахон Йўлдош Ортиқов Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисидир. У 1943 йил 19 ёшида фронтга отланган. Фронтда Россиянинг Москва ва Волгоград шаҳарларини душмандан озод қилишда мардонавор курашган. Ана шундай жангларнинг бирида душман ўқидан ярадор бўлиб, 1944 йили жароҳати туфайли фронт майдонидан қишлоғига қайтган.
Урушдан кейинги йилларда Йўлдош ота Ортиқов қишлоқ хўжалиги соҳасида мироб, табелчи ва чорвачилик фермасида подачи бўлиб, узоқ йиллар самарали меҳнат қилган. Турмуш ўртоғи Рахима опа билан 9 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказишган. Ҳозирда Йўлдош ота Ортиқов 60 нафардан ортиқ невара ва чевараларнинг меҳрибон буваси.
У 1994 йилда «Жасорат» медали билан тақдирланди.
Отахон Президентимизнинг эътиборидан ниҳоятда мамнун эканлигини билдириб, эл-юрт тинчлиги, халқимиз фаровонлиги учун доимо дуо қилишини таъкидламоқда.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.