Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг Маданият саройида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бахтиёр Генжемуратовнинг 60 йиллигига бағишланган “Оташин туйғу ва жўшқин қалб эгаси” мавзусида адабий анжуман бўлиб ўтди.
Абадий анжуманни университет ректори, техника фанлари доктори А.Реймов кириш сўзи билан очди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Д.Қурбаниязов шоир Б.Генжемуратов таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг табригини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг Қорақалопоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Қорақалпоғистон халқ шоири К.Каримов сўзга чиқиб, шоир ижодига батафсил тўхталиб ўтди. Шунингдек, профессор Қ.Ўразимбетов “Лирик қаҳрамоннинг кўнгил олами”, доцент Ж.Сағидуллаева “Сўз қадрини билган оломон эл бўлар…” мавзусидаги илмий маърузалари билан иштирок этди.
Адабий анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари М.Ҳожиметов, педагогика фанлари доктори, профессор Қ.Йўлдашев, Қорақалпоғистон халқ шоири, сенатор Г.Аннақиличева, меҳнат фаҳрийси У.Аширбеков ва бошқалар сўзга чиқиб, шоирнинг бугунги кундаги адабий мавқеига юксак баҳо берди.
Таъкидланганидек, Б.Генжемуратов ҳозирги қорақалпоқ шеъриятида ўзига хос бадиий дунёқараши ва поэтик тасвирлаш жиҳатлари билан “янгича тўлқин” пайдо этган иқтидорли шоирлардан бири.
Б.Генжемуратовнинг “Офтобнинг умри”, “Саратон”, “Ўқ қадаган ой”, “Сайланма асарлар” деб номланган шеърий тўпламлари қорақалпоқ тилида, “Узукдарё битиклари” номли шеърлар ва поэмалар тўплами ўзбек тилида нашрдан чиқди.
Шоирнинг бир туркум шеърлари “Турк шеърияти антологияси”, (Анқара 2006) ва “ XX аср ўзбек шеърияти антологияси”га (Тошкент 2007) киритилган. Шоир Шарқ ва арб мумтоз шоирларининг шеърларини қорақалпоқ тилига муваффақиятли таржима қилган ва ушбу таржималари “Лирика” (1992) деган ном билан алоҳида тўплам ҳолида чоп этилди.
Унинг бир қатор шеърлари ўзбек, қозоқ, турк, рус, корейс, поляк ва француз тилларига таржима қилинган.
Анжуман сўнгида шоир Б.Генжемуратов иштирокчиларга ўз миннатдорлигини билдирди.
Шоир шеърларига басталанган куй-қўшиқлардан иборат адабий мусиқали концерт дастури йиғилганлар эътиборига ҳавола қилинди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмита раиси Б.Матмуратов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.