Мана 23 йилдан буён тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида “Ташаббус” кўрик-танлови ўтказилиб келинмоқда. Ушбу анъана бу йил ҳам давом эттирилиб, “Ташаббус-2019” кўрик-танловини ўтказиш бўйича шу йил 14 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳамда 19 апрелда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг тегишли фармойиши қабул қилинди.
“Ташаббус” кўрик-танлови мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси бўлиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда, уларни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Кўрик-танловни ўтказишдан асосий мақсад — ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини рағбатлантирадиган бизнес муҳитини шакллантириш, мамлакат иқтисодиётида хусусий секторнинг улуши ҳамда нуфузини ошириш, тадбиркорларнинг касбий маҳорати ва билим даражасини юксалтириш учун зарур шароитлар яратиш, тадбиркорлик соҳасидаги илғор тажрибаларни кенг жорий этиш, улар орасида хўжалик муносабатларини кенгайтириш ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни тарғиб этиш, тадбиркорлик фаолиятида корпаратив бошқарув тамойилларини татбиқ этишда кўмаклашишдан иборат.
Бу йилги танлов асосан, “Саноат соҳасидаги энг яхши тадбиркор”, “Хизмат кўрсатиш соҳасидаги энг яхши тадбиркор”, “Энг яхши ёш тадбиркор”, “Энг яхши фермер”, “Энг яхши ҳунарманд” йўналишлари бўйича ўтказилмоқда. Жорий йилнинг 14 май куни танловнинг Нукус шаҳар босқичи ўтказилди. Унда жами 80 нафардан ортиқ тадбиркорлар, ҳунармандлар иштирок этди.
Тадбирда иштирокчиларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари кўргазмалари билан бир қаторда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг савдо ярмакалари ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи А.Ибрагимов, Нукус шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Ўспанов сўзга чиқиб, ушбу танлов иштирокчилари йилдан йилга кўпайиб, тадбиркорлик билан шуғулланувчи ёшлар ва хотин-қизлар сонининг ортиб бораётганини таъкидлади.
Нукус шаҳрида 2018 йил якунига кўра кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқаришдаги улуши 47,3, саноатда 6,2, хизматлар кўрсатишда 44,7 фоизни ташкил этади. Шунингдек, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида бир қанча танловлар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилиб келинмоқда.
Танловнинг Нукус шаҳар босқичида саноат соҳасидаги “Энг яхши тадбиркор” йўналиши бўйича “Нукус олға қурилиш монтаж” МЧЖ раҳбари Давлетбай Қалхўрозов, “Хизмат кўрсатиш соҳасидаги энг яхши тадбиркор” йўналиши бўйича “Нукус Зиёда Нур” ўқув маркази директори Зиёда Утеназарова, “Энг яхши ёш тадбиркор” йўналиши бўйича “Нукус лак бўёқлари” МЧЖ раҳбари Асқар Артиқов, “Энг яхши ҳунарманд” йўналиши бўйича якка тадбиркор Ерсай Ибадуллаев биринчи ўринни эгаллади. олиблар ташкилотчилар томонидан махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланиб, Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланма олди. Танловда қорақалпоқ эстрада юлдузлари иштирокидаги гала концерт дастури намойиш этилди.
Эслатиб ўтамиз, шу йил 31 май куни 1-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида “Ташаббус — 2019 “ кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи иштирокчиларининг маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилади ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқали академик театрида танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. олиблар шу йилнинг 20-21 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган финал босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.
А.Жиемуратов,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.