Нукусда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Ёш қутқарувчи” мусобақасининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда фуқаро муҳофазасига оид билим, малака ва кўникмаларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди. Ўқувчилар фавқулодда вазият юз берганда тўғри ҳаракатланиш, ўзи ҳамда ўзгаларга ёрдам бериш бўйича батафсил маълумотга эга бўлишди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Ёшлар иттифоқи, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада вилоятлар, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиблари иштирок этди. Иштирокчилар савол-жавоб, тиббий ёрдам кўрсатиш, дарёдан арқон ёрдамида ўтиш ва палатка ёйиш, арқон ёрдамида юқорига кўтарилиш ва тугун боғлаш, эстафета босқичлари бўйича маҳоратини намойиш этдилар.
Мусобақада Қорақалпоғистон Республикасининг “Жайҳун” жамоаси биринчи, Фарғона вилоятининг “Матонат” жамоаси иккинчи, Навоий вилоятининг “Чобук” ҳамда Наманган вилоятининг “Халоскор” жамоалари учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиблар ва фаол иштирок этган жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Иштирокчилар учун Оролбўйининг диққатга сазовор жойлари, шу жумладан, тарихий обидалар ва музейларга саёҳат уюштирилди.