Бугун мамлакатимизда ёшлар учун жуда кенг имкониятлар яратилган. Улар ҳар бир соҳада фаоллигини кўрсатиб жамият тараққиётига муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Мана шундай билимли, ташаббускор ва фаол ёшлардан бири Президент стипендияси соҳибаси Замира Айимбетовадир.
Замира Айимбетова бугунги кунда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети магистратура бўлимида адабиётшунослик мутахассислиги бўйича таълим олмоқда.
У Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг бакалавр таълим йўналишини имтиёзли диплом билан тугатди. Шу даврдан илмий мақолалар ёза бошлади. Замира бугунги кунда устози филология фанлари номзоди, доцент Пердебай Нуржанов раҳбарлигида И.Юсуповнинг лиро-эпик поэмалари бўйича илмий иш олиб бормоқда. Замира илмий мақолалари билан хорижда бўлаётган анжуманларда иштирок этиб, ўз тажрибасини орттирмоқда. Айниқса, “И.Юсупов шеъриятида бир ҳовуч тупроқ ғояси”, “Ибрайим Юсуповнинг “Посейдоннинг ғазаби” поэмасида экологик муаммонинг ёритилиши”, “И.Юсупов шеъриятида Ватан мавзуси”, “И.Юсупов ва фольклор” деб номланган илмий ишларида И.Юсупов поэзиясидаги образлар, асарларининг ғояси ва ўзига хос хусусиятларини атрофлича ўрганган. Бундан ташқари у 2018 йили Берлинда ўтказилган халқаро илмий анжуманда иштирок этиб, Шекспир соннетларининг И.Юсупов соннетларига таъсири, ўхшашлик томонлари ва ғоявий боғлиқлиги, синтезини очиб беришга ҳаракат қилган.
З.Айимбетованинг “The image of I. Karimov in the poetry of I.Yusupov” номли мақоласи 2017 йили Россиянинг илмий журналларидан бирида чоп этилди.
2018 йили халқаро миқёсда ўтказилган “Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.А.Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола” кўрик танловида 900 га яқин мақолалар ичида фахрли учинчи ўринни эгаллаб, III даражали диплом ва энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланди.
2018 йили Республика миқёсида ўтказилган “Мен нечун севаман, Ўзбекистонни!?” номли мақолалар танловида фаол иштирок этиб, III даражали диплом билан тақдирланди.
Замира ўқиб, ўрганишдан чарчамайди. У ҳозирги кунгача 20 та илмий мақолалар ёзган бўлса, шулардан 8 таси хорижий журналларда чоп этилган. Бунда Замиранинг чет тилларини мукаммал билиши қўл келмоқда. Айниқса, у таржима соҳасида ҳам ўз иқтидорини синовдан ўтказиб, бошқа вилоятларда яшовчи тенгдошларининг ижод намуналарини ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларига таржима қилмоқда.
— И.Юсупов ижоди қорақалпоқ ва ўзбек адабиётида ҳар томонлама тадқиқ қилинаётган бўлса ҳам, унинг лиро-эпик поэмалари алоҳида тадқиқ этишни талаб этади, — дейди Замиранинг илмий раҳбари, филология фанлари номзоди доцент Пердебай Нуржанов. — Шу боис ҳам унинг тадқиқот иши адабиётшуносликда муҳим аҳамият касб этади. Тадқиқот ишининг асосий мақсади И.Юсуповнинг лиро-эпик поэмаларининг ғояси, мавзуси, жанри ва услубий ўзига хос хусусиятлари ҳамда қаҳрамон образини ўрганиш ҳисобланади.
Замира замон билан ҳамнафас яшаб келаётган иқтидорли қизлардан. У рус, инглиз ва корейс тилларини ўзлаштирган. Ахборот коммуникация тизимидан яхши хабардор. Энг муҳими, у ўзига ишонади ва тадқиқот ишларини олиб боришда ўзига нисбатан жуда талабчан ва фаол. Шунинг учун ҳам Замиранинг келажагидан умидларимиз кўп.
Дарҳақиқат, оқил ва илмли фарзанд ота-онасига, яқинларига, устозларига доимо раҳмат эшиттириб, элнинг дуосини олиб юради. Замиранинг ота-онаси Маҳсетбой оға ва Гавҳар опа ўғил фарзандлари бўлмаса ҳам тўрт нафар қизининг бахтини, камолини кўришни истаб, уларни эл корига ярайдиган фарзандлар қилиб тарбиялашни ўзларининг муқаддас бурчи деб билади.
Ҳа, Замирани ҳали олдинда кўпгина ишлар кутиб турибди. У ҳар сафар буюк давонлардан ошиб ўтганида ота-онасидан, устозларидан, айниқса, мана шундай мустақил юрт фарзанди эканлигидан фахрланиб, кўкси ғурурга тўлади.
Дурдона Пердебаева,
НДПИ академик лицейининг
2-босқич талабаси.