Нукус шаҳрида “Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови бўлиб ўтди.
Тадбирда маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар Муратбой Тлеумуратов ҳамда Асқар Алламуратов ўзининг сайловолди дастури билан таништирди.
“Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғинида бугунги кунда 650 та хонадонда турли миллат вакилларидан иборат 3242 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ўтган давр мобайнида амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида кам таъминланган оилалар сони камайиб бормоқда. Икки нафар ногиронлиги бўлган шахс турар жой билан таъминланди. “Ҳар бир оила тадбиркор” Давлат дастури асосида 15 та оилага тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиб берилди. Ҳар бир кўп қаватли уйлар қошида болалар майдончалари ташкил этилди. Жорий йилда яна учта болалар майдончасини қуриш режалаштирилган. Ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам доимий эътиборда.
Тадбирда шу кунгача “Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлаб келган Муратбой Тлеумуратов қайта сайланди.
— Менга ишонч билдириб, қайта сайлагани учун ҳудуд аҳолисига миннатдорлик билдираман, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муратбой Тлеумуратов. — Бор билим ва тажрибамни маҳалладошларимнинг юксак ишончини оқлашга сарфлайман.
Сайлов Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, уюшқоқлик билан ўтказилди.
Давуд АБИБУЛЛАЕВ,
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ
олган сурат.