Қорақалпоқ халқининг атоқли фарзанди


Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи томонидан “Қорақалпоқ халқининг атоқли фарзанди” мавзусида Аллаяр Дўсназаровнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Қ.Камалов, А.Дўсназаровнинг кичик авлоди Г.Дўсназарова ва бошқалар сўзга чиқиб, унинг Қорақалпоғис­тоннинг XX асрдаги ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни, қорақалпоқ халқининг садоқатли фарзанди сифатида ўз элини мустабид тузим қийноқларидан, босқинларидан озод этиш йўлларини излаган ижтимоий-сиёсий арбоб эканлигини алоҳида қайд этишди.

А.Дўсназаров 1896 йили Амударё бўлими Чимбой уездининг Кўкўзак волостига қарашли Тербенбес деган жойда деҳқон оиласида туғилган. Унинг болалик ва ёшлик йиллари Қорабуға овулида (ҳозирги Қораўзак туманининг А.Дўсназаров хўжалиги ҳудудида) ўтган.

А.Дўсназаров дастлаб овулдаги эски мактабда ўқиб савод чиқаради, лекин камбағал бўлгани учун ўқишини давом эттира олмай жуда кичкиналигидан бошлаб ўзгалар эшигида мардикорлик қилишга мажбур бўлади. Дастлаб Қорабуға овулидаги маҳаллий бойларнинг сигирини боқади, сўнгра Чимбой туманидаги татар, армиан бойларининг ўт ёқувчиси, Қорақалпоғистон ҳудудини тадқиқот қилиш учун келган инженер-геодезистларда ишчи бўлиб ишлайди. Бу эса унинг туғилган ўлкасини яхши билишида, рус тилини ўрганишида ёрдам беради.

Қорақалпоқ халқининг атоқли фарзанди А.Дўсназаров 1925 йили 12-19 февралда Қорақалпоғистон автоном област кенгашларининг саккизинчи ташкилий съездини ўтказади ва унда Қорақалпоғистон автоном областининг тузилганини қонуний расмийлаштиради. Аммо, тоталитар тузим унинг хизматларини ҳисобга олмай, Беломор-Болтиқ канали лагерига юборади ва орадан икки йил ўтгандан сўнг, 1937 йили отиб ташланиб, Кемь шаҳридаги эски қабрис­тонга дафн қилинади.

1968 йили 27 сентябрда кўп сонли репрессия қурбонлари қаторида А.Дўсназаров ҳам айбсиз деб топилиб, номи оқланади. У туғилиб ўсган ватанида унга ёдгорлик ўрнатилди. У ҳақида романлар ёзилди, кино­фильмлар яратилди ва пъесалар саҳналаштирилди.

Хотира кечасида А.Дўсназаровнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган мана шундай пъесалардан бири “Ватан тупроғи” спектакли томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди. Алп Султон муаллифлигидаги ҳамда режиссёр И.Айбатов томонидан саҳналаштирилган ушбу спектакль иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Унда халқ қаҳрамони А.Дўсназаровнинг ибратли ҳаёти, аянчли тақдири ўз аксини топган. Унинг халқига, она ватанига бўлган меҳри, эзгу мақсади йўлидаги интилишлари,  инсонийлик фазилатлари таъсирчан кўринишлар орқали етказиб берилган.

Қ.Х.А.