Жорий йилнинг 21 май куни Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязовнинг фуқаролар билан сайёр қабули бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси томонидан ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, 4 та сектор раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
— Биринчи гуруҳ ногирони бўлган турмуш ўртоғим учун ногиронлик аравачасини сўраб, тегишли ташкилотларга мурожаат қилган эдим, — дейди Нукус шаҳридаги “Наўпир” маҳалла фуқаролар йиғинидан Жанабай Базарбаев. — Бугунги сайёр қабулда менга ушбу аравача топширилди. Бунинг учун миннатдорлик билдираман.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси мутахассислари таъкидлаганидек, шу куни 89 нафар фуқаро 101 та масала бўйича мурожаат қилди. Шундан 53 та масала шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. 37 таси тегишли соҳа раҳбарлари томонидан ўрганиб чиқилмоқда. 11 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
— Бундай сайёр қабулларнинг ўтказилиши тадбиркорлик фаолиятимизни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда, — дейди “Нукус Зиёда Нур” нодавлат таълим муассасаси директори Зиёда Утеназарова. — 2018 йили ташкил этилган таълим муассасамизда ёшлар асосан, 15 турдаги касб-ҳунарлар бўйича ўз билим ва малакаларини ошириб келмоқда. Яқин кунларда инглиз, рус тиллари ва алоқа воситаларини таъмирлаш бўйича ўқув курсини очишни режалаштирмоқдамиз. Сайёр қабулда таълим муассасамизга янги бино қуриш учун ер майдони ажратиб беришни сўраб мурожаат қилмоқдаман. Мурожаатим Нукус шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари томонидан ўрганиб чиқилиб, тегишли ёрдам бериладиган бўлди.
Сайёр қабул доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Унда Нукус шаҳридаги 59 та корхона ва ташкилотлар ўзларидаги жами 309 та иш ўрни билан қатнашди. Ярмарка якунида 34 нафар фуқарога йўлланма берилди. Чет давлатларда шартнома асосида фаолият юритишни хоҳловчи ёшларга Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутахассислари томонидан тартиб –қоидалар тушунтирилди. Бундан ташқари, 30 нафар ишсиз фуқарога ишга жойлашиш, касбга қайта тайёрлаш, малака ошириш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси раҳбари Ҳ.Халимов иштирок этди.
Қ.Х.А.