Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида республикамиздаги болалар дам олиш ва соғломлаштириш марказларининг мавсумга тайёргарлиги, болаларнинг ёзги дам олишини талаб даражасида ўтказиш бўйича белгиланган вазифаларга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари М.Жуманов, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси масъул ходими Ж.Ихтияров, Қорақалпоғистон Республикаси Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси У.Жалменов, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари Ш.Тажимуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош педиатри Г.Абдисаметова, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Патрул –пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Г.Аметов ва бошқалар сўзга чиқиб, жорий йилги ёзги мавсумга тайёргарлик жараёнлари, дам олувчиларга сифатли тиббий-профилактик хизмат кўрсатиш, жамоат тартибини сақлаш, маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақаларини ташкил этиш каби муҳим масалаларга батафсил тўхталиб ўтишди.
Таъкидланганидек, ҳукуматимиз томонидан 2012 йилда болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш Концепцияси тасдиқланганидан сўнг, марказларда кўрсатилаётган хизматлар кўлами ва сифати ошиб, болаларнинг мазмунли дам олиши, уларнинг жисмоний ва интеллектуал жиҳатдан ривожланиши учун шароитлар яратиш, шунингдек, марказларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу йилнинг 17 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган кенгайтирилган селектор йиғилишида қабул қилинган қарорга мувофиқ, болаларнинг ёзги дам олишини талаб даражасида ташкил этиш бўйича жойларда семинарлар ўтказиш белгиланган эди. Шу мақсадда ташкил этилган тадбирда таъкидланганидек, жорий йили республикамизда 60 та болалар дам олиш марказларида жами 27 минг 590 нафар болаларнинг, шундан 10 та стационар турдаги дам олиш марказида 5490 нафар болаларнинг дам олиши режалаштирилган. Бунинг учун жами 1 миллиард 238,5 миллион сўм, шундан касаба уюшмалари ҳисобидан 5 та стационар дам олиш марказида 3500 нафар болани соғломлаштириш учун 789,6 миллион сўм, маҳаллий ҳокимликлар ва ҳомий ташкилотлар томонидан 5 та стационар дам олиш марказида 1990 нафар болани соғломлаштириш учун 448 миллион 944 минг сўм маблағ ажратилмоқда. Шунингдек, 50 та маданият ва спорт соғломлаштириш марказида 22 минг 100 нафар бола соғломлаштирилади. Барча дам олиш марказларида болаларнинг кўнгилли дам олишини ташкил этиш мақсадида тиббий пунктлар ташкил этилади.
Шунингдек, 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларнинг фарзандлари, боқувчисини йўқотган жами 3050 нафар болаларни ёзги дам олиш мавсумида Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларидаги дам олиш марказларида ҳамда иқтидорли 50 нафар болани Жиззах вилоятидаги “Энерджи” дам олиш марказида соғломлаштириш назарда тутилмоқда.
Касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида 10 та “Меҳнат ва дам олиш” марказлари ташкил этилиб, шу йилнинг 15 майидан бошлаб 258 нафар ўқувчи амалиёт ўтаб, дам олмоқда. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан 100 нафар болага мўлжалланган “Табиат ва спорт” соғломлаштириш маркази, Халқ таълими вазирлиги томонидан истеъдодли болалар учун “Интеллектуал” дам олиш марказини ташкил этиш режалаштирилган.
Марказларда болаларнинг мазмунли дам олишлари учун уларнинг қобилият ва қизиқишларига қараб техник, бадиий ижод, ўлкашунослик ва экология йўналишларидаги тўгараклар, болалар студияларини ташкил этиш, турли маданий тадбирлар, билимлар беллашуви, маҳорат дарслари, викториналар, спорт мусобақалари ўтказилади. Шунингдек, таниқли фан, санъат арбоблари, ёзувчи-шоирлар билан учрашувлар, “Касаба уюшмалари-болаларга” акцияси доирасида тадбирлар ўтказиш назарда тутилган.
Жорий мавсумда дам олиш марказларида фаолият олиб борувчи 145 нафар педагог ходимлар республика “Баркамол авлод” марказида ўқитилиб, вазифалари тушинтирилди. Бундан ташқари, чет тиллар тўгараклари учун умумтаълим мактабларининг тажрибали ўқитувчилари ҳамда олий ўқув юртларининг битирувчи курс талабалари жалб қилинмоқда.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг ишчи гуруҳ аъзолари томонидан шу йилнинг апрель ва май ойларида республикамиз ҳудудидаги болалар дам олиш марказларининг мавсумга тайёргарлиги кўздан ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланган эди. Семинар давомида ушбу камчиликларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилиб, мавсумни юқори савияда ўтказиш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.
Д.Абибуллаев,
ҚХА шарҳловчиси.