Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Х.Ёдгоров, Олий суд судялари С.Мамбетқадиров ва К.Тарийховларнинг фуқаролар билан сайёр қабули бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жиноят, Фуқаролик, Иқтисодий, Маъмурий ишлар бўйича судлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, тегишли ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сайёр қабулда уй-жой, мулк, оммавий ҳуқуқий муносабатлар, маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва бошқа масалалар бўйича 129 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди. Тадбирда қамоқ жазосини ўтаётган 69 нафар шахснинг жазоси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-74 –моддасига мувофиқ, енгилроқ жазо билан алмаштирилиб, улардан 26 нафар фуқаро жазодан озод этилди. Шунингдек, 19 нафар фуқаронинг мурожаати назорат тартибида қабул қилиниб, 42 нафар фуқарога мурожаат қилиш тартиби ва муддати бўйича тушунчалар берилди.
Шу куни фуқароларнинг судга тегишли бўлмаган мурожаатлари ҳам тингланиб, уларнинг ижроси тегишли тартибда сектор раҳбарларига юклатилди ва назоратга олинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари раҳбарлигидаги мана шундай сайёр қабул Беруний туманида ҳам бўлиб ўтди.