Халқ депутатлари Қораўзак туман Кенгашининг навбатдан ташқари қирқ саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессия кун тартибида ташкилий масала кўриб чиқилди. Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов иштирок этди ва туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар, бу борадаги камчиликлар ҳамда истиқболдаги вазифаларга батафсил тўхталди.
Қораўзак тумани чет эл инвестицияларини олиб келиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги, жумладан, чорвачиликни ривожлантириш бўйича кенг имкониятларга эга ҳудуд ҳисобланади. Шунга қарамай, бир қатор камчиликлар учраётганлиги қатъий танқид остига олинди ҳамда мутасадди раҳбарларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шундан сўнг, туман ҳокими лавозимига шу кунга қадар “Ўзагролизинг” акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон Республикаси филиали директори лавозимида ишлаб келган Жумабаев Роман Абдиқадировичнинг номзоди тавсия этилди.
Кун тартибидаги масала бўйича “Нуроний” жамғармаси Қораўзак туман кенгаши раиси Ж.Данияров, 25-сонли “Қуралпа” сайлов округидан депутат Х.Реймов, 3-сонли “Гулистон” сайлов округидан депутат А.Калилаевлар сўзга чиқиб, ушбу таклифни қўллаб-қувватлашди.
Сессияда Роман Абдиқадирович Жумабаев Қораўзак тумани ҳокими этиб тасдиқланди.
Шундан сўнг, Қораўзак тумани ҳокими Роман Жумабаев сўзга чиқиб, бор билим ва тажрибасини, ўзига билдирилган юксак ишончни оқлашга, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга сафарбар этишини билдирди.