МУБОРАК РАМАЗОН ОЙИ МУНОСИБ ТАРЗДА ЎТДИ


Шу йил 5 июнь – чоршанба куни муборак Рамазон ҳайити муносабати билан республикамиздаги 50 та жомъэ масжидида ҳайит намозлари ўқилиб, унда 15 минг нафардан зиёд ­юртдошларимиз қатнашди.

Шу муносабат билан пойтахтимиздаги Имом Эшон Муҳаммад жомъэ масжидида ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита ­раиси Д.Қурбаниязов, Қорақалпоғистон Мусулмонлар қозияти қозиси Ш.Бауатдинов йиғилганларни муборак Рамазон ҳайити байрами билан табриклади.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг шу йил 1 майдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги ҳамда шу йил 30 майдаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорлари асосида республикамизда кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди. Муборак Рамазон ойи жамиятимизда меҳр-мурувват, ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, халқимизга хос бўлган инсонийлик фазилатларни, диний маърифий қадриятларни асраб авайлаш, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадрига етишда муҳим ўрин тутади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнги йилларда юртимизда муқаддас Ислом динини улуғлаш, унинг юксак фазилатларини кенг тарғиб этиш, халқимизнинг диний маданиятини ошириш, масжид ва мадрасалар, шунингдек, диний таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муборак Рамазон ҳайити ҳамда Қурбон ҳайити байрамларини кенг нишонлаш, Ҳаж ва Умра заёратларига бориш бўйича янги имкониятлар яратилиши –юртимизда Ислом динига бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром намунасидир.

Ўтган йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, муқаддас динимизнинг эзгуликка ундовчи қадриятларини қорақалпоқ тилида тарғиб этувчи янги қўлланмаларни тайёрлаш вазифасини белгилаб берган эдилар. Ўтган қисқа вақт ичида қимматли бўлган “Қуръони карим” маъноларининг қорақалпоқ тилидаги таржимаси ҳамда тафсирининг 8 минг нусхада сифатли нашр этилгани, ислом динининг яхшиликка етакловчи кўрсатмаларини ўзида мужассам этган “Ибодати Исломийя”, “Шамоили Муҳаммадия”, “Ислом маърифати: асос ва тушунча”, Қорақалпоғистон Мусулмонлар қозияти қозиси Шамсуддин Бауатдинов муаллифлигида “Ислом динига умумий тариф”, “Марҳумларга озор бермайлик!”, “Комил инсон” каби бир қатор китобларнинг нашр этилиши халқимиз маънавий ҳаётидаги йирик воқеалардан бўлди.

Жорий йилги “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан кам таъминланган 100  та оилага бепул озиқ-овқат маҳсулотлари, имконияти чекланган 15 нафар фуқарога ногиронлик аравачалари ҳамда Нукус шаҳридаги мадрасада таълим олаётган ёшларга бепул кийим-кечаклар тарқатилди. Бундан ташқари, Рамазон ойида кам таъминланган, ёрдамга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахсларга, “Меҳрибонлик уйи”, болалар уйи, Мурувват уйларига, махсус мактаб интернатларига моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Маҳаллий ҳокимликлар, Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика Кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда юртимизнинг барча гўшаларида байрам кўтаринки руҳда нишонланди.

Ҳайит намозидан чиққан юртдошларимиз бир-бирларини байрам билан табриклаб, юртимизга ­тинчлик, халқимизга мўл ризқи насиба, деҳқонларимизга баланд хирмон тилади.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги

шарҳловчиси.