2030 йилгача таълим тизимида қандай ўзгаришлар бўлади? Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири билан суҳбат


Бугун мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган ушбу тизимда янгича ёндашув, ўзгаришлар ва ислоҳотлар жараёни давом этмоқда. Боиси, Ватанимизнинг эртанги тақдири, истиқболи ўқувчи-ёшларнинг  билими, таълим-тарбияси ва эгаллаётган касб-корига боғлиқ.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Биз мақоламизда ушбу фармон ва унда белгиланган вазифалар,  тизимда жорий қилинаётган ўзгаришлар хусусида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири Аманжол Аяпов билан суҳбатлашдик.

— Аввало, Президентимизнинг мазкур фармони асосида тизимга киритилаётган ўзгаришлар, янгиликлар ҳақида гапириб берсангиз?

— Прeзидeнтимиз Ш.Мирзиёeв 2019 йилнинг 29 апрeль куни «Ўзбeкистон Рeспубликаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концeпциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги  фармонни имзолади. Фармонга мувофиқ, Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концeпцияси ва уни амалга ошириш учун “Йўл харитаси” тасдиқланди. Мазкур концепцияда таълим тизимини ривожлантиришнинг бир нечта йўналишлари белгилаб берилган.

Фармонга кўра, концeпция тегишли даврга мўлжалланган мақсадли параметрлар ва йўналишлардан келиб чиқиб, ҳар йили алоҳида тасдиқланадиган “Йўл харита”си асосида босқичма-босқич амалга оширилади.

Концeпция таълим тизимини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини бeлгилайди. Хусусан, умумий ўрта таълим тизими такомиллаштирилади. Шунингдек, хорижий тиллар, компьютeр саводхонлиги, матeматика, физика, кимё ва биология каби фанлар бўйича янги ўқув стандартлари, дастур ҳамда дарсликлар яратилади. Ўқувчиларнинг қобилиятини ривожлантириш, мустақил равишда касб-ҳунар танлаш ҳамда замонавий касбларни эгаллаши учун шароитлар яратилади.

Ҳужжатда таъкидланганидeк, фан олимпиадаларини ўтказиш мeзонлари халқаро олимпиада ва мусобақаларнинг баҳолаш тажрибаси бўйича қайта кўриб чиқилади. Иқтидорли ўқувчиларни аниқлашда шаффофлик таъминланади. Ота-оналар ҳам фарзандларини ўқитиш ва тарбиялаш жараёнига жалб этилади. Имконияти чекланган ўқувчиларнинг таълим олишига эътибор кучайтирилиб, таълим муассасалари тажрибали ўқитувчи-дeфeктолог ҳамда психологлар билан таъминланади.

Ушбу концeпция доирасида ўқитувчи ва раҳбарлар иш фаолияти самарадорлигини оширишда замонавий тeхнологиялардан фойдаланиш йўлга қўйилади. Масофавий таълим сифатини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.

Шу билан бирга концепцияга кўра ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантириш янги даражага кўтарилади. Ўқув-тарбия жараёнига таълимнинг инновацион шакллари ва усуллари жорий этилади. Узлуксиз таълим тизими мазмуни сифат жиҳатдан янгиланиб, кадрлар малакаси оширилади. Ўқитиш методикаси такомиллаштирилиб, таълим-тарбия жараёнига индивидуаллаштириш тамойиллари татбиқ этилади. Халқ таълими муассасаларининг моддий-техника  базаси мустаҳкамланиб, бюджетдан маблағ билан таъминлаш самарадорлиги оширилади. Умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш даражаси босқичма-босқич оширилади.

Шунингдек, мақсадли кўрсаткичлар асосида таълим мазмуни самарадорлиги оширилиб, кадрларнинг сифат таркиби яхшиланади. Жамиятда ўқитувчилар мақоми оширилади. Ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббус амалиётга татбиқ этилади.  Ўқувчилар маданият ва санъат муассасаларига жисмоний тарбия, спортга кенг жалб этилади. Ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш йўлга қўйилади. Ўғил-қизлар маънавияти юксалтирилиб, улар ўртасида китобхонлик  кенг тарғиб қилинади. Ўқувчи-қизларнинг касбий кўникмалари ривожлантирилади.

— Ўзбекистон Республикасининг халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини 2019 йилда Қорақалпоғистон Республикасида амалга ошириш бўйича  қандай мақсад ва вазифалар назарда тутилган?

— Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қарашли 724 та таълим муассасаси мавжуд бўлиб, улар 1 та Меҳрибонлик уйи, 17 та «Баркамол авлод» болалар маркази ва 706 та умумтаълим мактабларидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги  қарорига асосан халқ таълими муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш бўйича умумтаълим мактабларини хатловдан ўтказиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилиб, рўйхат шакллантирилди. 2020-2022 йилларга мўлжалланган манзилли дастурга жами 246 та умумтаълим мактаблари киритилиб, шундан 14 тасида янги қурилиш, 93 тасида капитал реконструкция ва 139 тасида капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими  вазирлигига таклифлар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Республикамиз бўйича жорий йилда 19 та объектда янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Умумтаълим мактаблари ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан,  2018-2019 ўқув йилига  1-, 2-, 11-синф тўлиқ мажмуада, 3, 4, 6-синфлар учун “Чет тили” дарслиги ва машғулот дафтари, махсус мактаб ва мактаб интернатлари учун жами 366 номдаги 1 587 232 дона дарслик ва ўқув қўлланмалари мактабларга етказиб берилди.

Таъкидлаш жоизки, жорий янги ўқув йилини соҳа ходимлари қизғин тайёргарликлар билан бошлаш арафасида.  Давлатимиз раҳбарининг “Умумий ўрта таълим сифатини янги босқичга кўтариш керак”, деган таъкидлари тизимда фаолият юритаётган барча педагог-ходимлардан ишга нисбатан янгича ёндашувни талаб этмоқда.

— Шу  ўринда PISA (The Programme for International Student Assessment) ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

— Ўқувчиларнинг билим ва малакасини умумий равишда таҳлил қилиш мамлакатдаги таълим сифати даражасини белгилайди. Шу мақсадда ўқув йили давомида ҳар бир таълим муассасасида ички ва ташқи мониторинг ўтказиб борилади. Унинг натижасига кўра, энг намунали мактаблар кетма-кетлиги, ўқитувчилар салоҳияти ва ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси аниқланади. Бу жараён таълим тараққиётини белгиловчи муҳим мезон бўлгани учун Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари билимини баҳолаш бўйича халқаро дастурларни амалиётга жорий этиш мақсадида илк қадамлар ташланди. Яъни, ўқувчилар билимини ­халқаро талабларга етказиш, унга мослигини ўрганиб бориш мақсадида PISA(Programme for International Student Assesment) каби баҳолаш дастурини кенг қўллаш режалаштирилмоқда.

PISA — 15 ёшли ўқувчиларнинг саводхонлиги ва компетенциясини баҳоловчи халқаро дастур бўлиб, ­халқаро иқтисодий ҳамкорлик ва ривожлантириш ташкилоти томонидан 3 йилда бир марта ўтказилади. Унда ўқувчиларнинг билим сифати ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича мониторинг қилинади ва 1000 баллик тизимда баҳоланади. Ушбу халқаро дастур 1997 йили ишлаб чиқилиб, 2000 йилда илк маротаба амалиётда қўлланган. Дастур кўмагида турли давлатлар таълим тизимидаги ўзгаришлар аниқланади, таҳлил қилинади ва баҳолаб борилади. Бу тадқиқотларнинг натижаси дунё бўйича катта қизиқиш билан кузатиб келинади. Шу боис йилдан-йилга унинг аҳамияти ва қамрови ошиб бормоқда.

Халқаро миқёсдаги тест синовларидан ўтаётган ўғил-қизларимиз шу талабга жавоб берадиган билим, малака ва кўникмани эгаллаган ҳолда уларда шунга мувофиқ компетенция шаклланган бўлиши лозим. Бу борада таълим тизимида кўпгина ислоҳотлар амалга оширилиши белгиланган.

— Барчамизга маълумки, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббус ўқувчи-ёшлар ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада мактабларда қандай тизимли ишлар олиб борилмоқда?

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида 2019 йил 19 март куни ёшларга эътиборни кучайтириш, уларнинг санъат, спорт, ахборот технологиялари, китобга бўлган қизиқишини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бугунги кунда Президентимиз томонидан илгари сурилган ушбу бешта муҳим ташаббус ижроси қатъий назоратга олиниб, бу борада тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, таълим муассасаларида бешта муҳим ташаббус акс эттирилган тарғибот хоналари ташкил этилиб, ҳар бир йўналиш бўйича ҳужжатлар йиғма жилди шакллантирилди.

Таълим муассасаларида ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш ва истеъдодини юзага чиқариш мақсадида маданият бўлимлари, мусиқа ва санъат мактаблари, жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари билан ҳамкорликдаги тадбирлар режаси белгиланиб, ижроси таъминланмоқда.

Китобхонликни тарғиб этиш ва рағбатлантириш мақсадида маҳалла ва мактабларда ота-оналар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари, мулоқотлар ҳамда «Фарзандимга китоб совға қиламан» шиори остида акциялар ташкил этилди. Шунингдек, «Энг яхши китобхон ўқувчи» кўрик-танлови,  «Дадам, мен ва онам китобхон», «Энг яхши бадиий асар», болалар учун «Энг яхши эртак ўқувчи» номинациялари асосида мусобақалар ўтказилмоқда. Ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича шарт-шароитлар яратиш, интернет тармоғидан тўғри фойдаланиш, турли порнографик, ёшлар онгини заҳарловчи сайтлардан фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Бундан ташқари, ёшлар ўртасида компьютер саводхонлиги бўйича  барча таълим муассасаларида қўшимча тўгараклар ташкил этилди.

— Биламизки, педагог-ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоя қилиш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?

— Президентимиз  томонидан таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўтган йилнинг июнь-декабрь ойларида давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда халқ таълимини ислоҳ қилиш ва таълим сифатини оширишга бағишланган иккита йиғилиш ўтказилди. Cоҳани ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган бир неча Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Ҳужжатларда таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчи мақомини ошириш, замонавий кадрлар билан таъминлаш, вазирликнинг мавқеини кучайтириш, ходимлар учун шароитларни янада яхшилаш, АКТни кенг жорий этиш, халқаро тажрибани кенг татбиқ этиш ва давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш каби вазифалар назарда тутилган. Шу билан бирга Президентимиз маҳаллий ҳокимиятларнинг вазифаларини ҳам белгилаб берди. Жумладан, уларга халқ таълими муассасаларининг қурилиши, таъмирлаш, янги ўқув йилига, куз-қиш мавсумига тайёрлаш, мактабларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шу мақсадлар учун инвестиция ва ҳомийлик маблағларини жалб этиш каби вазифалар юклатилди.

Ислоҳотларнинг асосий мақсади жамиятимизда ўқитувчиларнинг касбий салоҳияти ва мавқеини оширишдир. Ўқитувчиларни мажбурий меҳнат ва мажбурий обуна, турли йиғилишларга жалб этиш тўхтатилди. Ўқитувчилар юритадиган ҳужжатлар сони 7  тадан  3  тага  қисқартирилди. Шу билан бирга мактабларни текширишлар сони 26 баравар камайди. “Халқ таълими фидойиси” давлат мукофоти таъсис этилди.

Таъкидлаш лозимки, ўқитувчиларнинг ойлик маошлари тоифасига қараб 40 фоиздан  72 фоизгача ошди, психологларнинг иш ҳақи 103 фоизга мактаб директори ва ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази раҳбари ва кутубхоначиларнинг маошлари 33 фоизга кўтарилди.

Халқ таълими соҳаси ходимлари учун имтиёзли ипотека кредитлари, истеъмол кредитлари, жумладан  автокредитлар, уларнинг оила аъзолари тадбиркорлик фаолиятини юритишлари учун кредит маблағлари ажратиш механизмлари ишлаб чиқилмоқда.

Мухтасар айтганда, халқ таълими тизимида олиб борилаётган туб ислоҳотлар  ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, ўқув-тарбия жараёнига таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этиш ҳамда энг асосийси, таълим сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Феруза Нуруллаева

суҳбатлашди.