«Ташаббус—2019» танловини ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 14 апрелдаги ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 19 апрелдаги фармойишига мувофиқ танловнинг республика босқичи ўтказилди.
И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи олдида ушбу танлов иштирокчиларининг маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.
Кўргазмани Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев очди. У ўз нутқида республикамизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунинг натижасида барча ҳудудларда иқтисодиётнинг юксалаётганлиги, шунингдек, мазкур кўрик-танлов иштирокчиларининг, айниқса, тадбиркорлик билан шуғулланаётган ёшлар ва хотин-қизлар сони йилдан-йилга ортиб бораётганлигини таъкидлаб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” бирлашмаси раҳбари У.Абдуллаев, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси Бошқармаси бошлиғи, А.Ибрагимов ва бошқалар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиладиган мазкур танлов, мамлакатимиз иқтисодиётида бўлаётган ижобий ўзгаришларни ўзида акс эттириб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириб боришда катта аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлашди.
Қорақалпоғистонда кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқаришдаги улуши 2018 йилнинг якуни бўйича 54,3 фоизни, саноатда 18,7 фоизни, хизмат кўрсатиш соҳасида 55,7 фоизни ташкил этади.
Мазкур танловни ўтказишдан асосий мақсад, ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни рағбатлантирадиган бизнес муҳитини шакллантириш, мамлакат иқтисодиётида хусусий секторнинг улуши ва аҳамиятини орттириш, тадбиркорларнинг касбий маҳорати ва билим даражасини юксалтириш, тадбиркорлик фаолиятидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, хўжалик муносабатларини кенгайтириш, ишлаб чиқарган маҳсулотларни тарғиб қилиш ва тадбиркорлик фаолиятига корпоратив бошқарув принципларини татбиқ қилишга кўмаклашишдан иборат.
Бу йилги танлов асосан, “Саноат соҳасидаги энг яхши тадбиркор”, “Хизмат кўрсатиш соҳасидаги энг яхши тадбиркор”, “Энг яхши ёш тадбиркор”,”Энг яхши фермер”, “Энг яхши ҳунарманд” йўналишлари бўйича ўтказилди.
Тадбирда иштирокчиларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари кўргазмаси ҳамда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг савдо ярмаркаси ташкил этилди.
Танловнинг республика босқичида “Саноат соҳасидаги энг яхши тадбиркор” йўналиши бўйича Тахиатош туманидаги “Атияж Гулзар” МЧЖ раҳбари Азат Мустафаев, “Хизмат кўрсатиш соҳасидаги энг яхши тадбиркор” йўналиши бўйича Нукус шаҳридаги “ Нукус Зияда Нур” ўқув маркази директори Зияда Утеназарова, “Энг яхши фермер” йўналиши бўйича Тўрткўл туманидаги “Азизхон-Шайимардон” фермер хўжалиги раҳбари Байрамдурди Сатликов, “Энг яхши ёш тадбиркор” йўналиши бўйича Нукус шаҳридаги “Нукус лак бўёқлари” МЧЖ раҳбари Асқар Артиқов, “Энг яхши ҳунарманд” йўналиши бўйича Шўманой туманидан якка тадбиркор Разалия Матирзаевалар биринчи ўринни эгаллади. олиблар ҳомийлар томонидан махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олишди.
Танловда санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.
Эслатиб ўтамиз, ғолиблар жорий йилнинг 20-21 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган финаль босқичида қатнашади.
А.Жиемуратов.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.