Профилактика инспекторларига компьютер ва сим-карталар топширилди


Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида Нукус шаҳри Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамда туман ички ишлар бўлимлари профилактика инспекторларига хизмат доирасида фойдаланишлари учун компьютер техникалари ҳамда сим-карталарни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири А.Темирханов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси С.Турманов ва бошқалар сўзга чиқиб, республикамиз ҳудудида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга батафсил тўхталиб ўтишди.

Таъкидланганидек, бу борада амалга оширилаётган самарали ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида жиноятчиликнинг 37 фоизга камайишига эришилди.  Шунингдек, республикамиздаги 411 та фуқаролар йиғинларидан 319 тасида бирорта ҳам жиноят содир этилмади. 21 та фуқаролар йиғинларида эса жиноятчиликнинг камайишига эришилди.

Тадбир сўнгида компьютер техникаси жамланмаси ҳамда уяли телефонларга махсус имтиёзли тарифли Сим-карталари тантанали равишда топширилди.