Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан ташкил қилинган «Бор меҳримиз сенга болажон!» шиори остидаги беғараз донорлик акцияси кўтаринки руҳда ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш станциясида бўлиб ўтган «Ҳар бир болага меҳр-мурувват!» ойлиги доирасидаги хайрия акциясидан кўзланган асосий мақсад тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишдан иборатдир.
Мазкур акцияда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракцияси аъзолари, Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ҳамда барча кўнгиллилар жонбозлик кўрсатишди. Улар бемор болажонларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшган ҳолда қон топшириб, мурғақ қалбларга илиқлик улашдилар.
А.Оразимбетова,
Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Матбуот котиби.