Тадбиркорлар учун яна бир имконият


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш, жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тузилган республика ишчи гуруҳи аъзоларининг тадбиркорлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда вазирликлар, корхона, муассаса, ташкилотлар, ҳуқуқни ­муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, Нукус шаҳри, Нукус, Хўжайли, Тахиатош туманларида фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ­Раиси Қ.Сариев, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р.Давлетов сўзга чиқиб, юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш ва тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга  батафсил тўхталиб ўтишди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг юқорида келтирилган фармонида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхоналарини ташкил этиш белгиланди. Мазкур қабулхоналар фаолиятининг асосий йўналишлари тадбиркорлик субьектлари ҳамда чет эл инвесторлари билан ҳамкорлик қилишни самарали ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ва бартараф этиш каби бир қатор масалаларни қамраб олади.

Ҳукуматимиз фармойишига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхонаси раҳбари ҳамда мутахассислари тайинланди. Улар йиғилиш иштирокчиларига яқиндан таништирилиб, вазифалари белгиланди.

Шундан сўнг, тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди. Унда 300 нафарга яқин тадбиркорлар иштирок этишди. Кредит олиш, ер майдонини ажратиш, коммунал хизматлар ва бошқа масалалар бўйича олтмишга яқин мурожаатлар қабул қилинди. Мурожаатларнинг кўпчилиги шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди, қолган мурожаатлар бўйича тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилди.

— Бизларга кўрсатилаётган алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдирамиз, — дейди Нукус туманидаги “Қўнғиротбой-Меҳри” фермер хўжалиги раиси Есенбай Айтмуратов. — Учрашувда чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларини қийнаб келаётган муаммо, яъни, биржа орқали ўғит олиш масаласини айтдим. Менинг ушбу мурожаатим мутахассислар томонидан яқин кунларда кўриб чиқилиб, жавоб бериладиган бўлди.

Тадбиркор  Отабек Ибраимов сартарошхона очиш бўйича “Халқ банки”нинг Нукус туман бўлимидан кредит олишда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Унинг мурожаати банк ходимлари томонидан кўриб чиқилиб, шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.

Йиғилиш иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Тадбиркорлар билан мана шундай учрашувлар Чимбой, Қўнғирот ҳамда Беруний туманларида ҳам бўлиб ўтди.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.