ТУМАН ГАЗЕТАЛАРИ ЖОЙЛАРДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ КЎЗГУСИДИР


ар йили 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан республикамизда фаолият юритаётган ОАВ, жумладан, радио, телевидение, матбуот соҳаси ходимларининг меҳнати яна бир бор эътироф этилади.

Дарҳақиқат, бугун ОАВ мамлакатимиз ҳаётида юз бераётган ижтимоий-сиёсий воқеаларни, ҳар бир жабҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни, холис ва тезкор равишда кенг оммага етказиб келмоқда. Жойлардаги янгиланиш жараёнларини ёритиб боришда айниқса туман газеталарининг ўрни беқиёс.

Биз бугунги мақоламизда ­“Шоманай нуры” газетаси таҳририятидаги ижодий муҳит ва истиқболдаги мақсадлари хусусида сўз юритамиз.

1950 йилда Шўманой тумани очилганидан сўнг, туман ҳаётига оид янгилик ва ўзгаришларни, аҳолининг турмуш тарзини ёритиб борувчи газетага зарурат туғилди. 1953 йилнинг июнь ойида туман газетаси ташкил этилиб,  газета “Пахтакеш” номи билан чоп этила бошлади. Газетага муҳаррир сифатида таниқли устоз Сапарнияз Дуйсемуратов ҳамда  масъул котиб, газета мухбири этиб Кўшкинбай Исметов тайинланди.

Газета номи шу кунга қадар тўрт марта ўзгартирилган. Шу йиллар давомида газетага  Сапарнияз Дуйсемуратов, Хожамурат Қаражанов, Рейимберген Аяпбергенов, Кўшкинбай Исметов, Базарбай Халмуратов, Муратбай Мусатдиновлар раҳбарлик қилиб ­нашрнинг ҳар томонлама сифатли ва мазмунли чиқиши учун фидокорона меҳнат қилишган. Улар газетадаги ижодий муҳитни ­юксалтириш баробарида таҳририятнинг моддий-техник базасини мус­таҳкамлашга ҳисса қўшган. Газета қандай номда чоп этилмасин давр талабига мос, таҳлилий, мулоҳазали мақолалари билан ўқувчилар қалбидан ўрин эгаллаб келган. 2003 йилда газета ­«Шоманай нуры» номи билан атала бошлади. Ҳозирда ушбу газета ­ойига тўрт маротаба чоп этилмоқда.

— Ахборот технологиялари, жумладан, интернет журналистикаси  шиддат билан ривожланаёт­ган мана шундай даврда матбуотга бўлган эътиборни янада кучайтириш лозим, — дейди «Шоманай нуры» газетаси бош муҳаррири Қалбай Наўризов. — Маълумки, матбуот бу — тарих. Йиллар ўтиб ҳам керакли маълумотларни газета саҳифаларидан излаб топиш, ўқиш мумкин. Ўтган давр билан бугунги замонни таққослаш, таҳлил қилиш имкони пайдо бўлади. Мамлакатимиз ҳаётига оид муҳим воқеа-ҳодисалар, туманимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётимиздаги янгиланишлар, ўзгаришлар, одамларимизнинг турмуш тарзи, умуман, туман ҳаётига оид янгиликларни газета саҳифаларида бериб бормоқдамиз. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, истиқлол йилларида газета сифати яхшиланиб, таҳририятнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди.  Газета аввалгидан ҳам кўпроқ ўз ўқувчиларига эга бўлди. Газета дизайни янгича услубда яратила бошлади. Биласизми, матбуот ҳар қандай даврда ҳам  холис, шаффоф ва муҳим ахборотни ўқувчига оператив тарзда етказиб бера олиши лозим. Эзгуликка йўғрилган материаллари билан кенг жамоатчиликни тарбиялай олиши керак. Демоқчиманки, газета халқнинг кўзгуси. Шу сабаб, газетада ёритилган ҳар қандай мақола ўқувчига маънавий озуқа бера олиши лозим.

Ҳа, газетада фаолият юритиш кишидан катта сабр-тоқат, чуқур билим ва албатта давр билан ҳамнафас яшашни, янгича фикр ва дунёқарашни талаб этади. Бугунги кунда газетада 5 нафар ходим ­фаолият юритиб келмоқда.

Ёшлари анча катта бўлишига қарамай, ахборот технологияларини чуқур ўзлаштириб, ёшларга хос шиддат билан меҳнат қилаётганликларини кўриб, завқинг ошади, ҳавасинг келади.

Маълумки, Президентимиз Ш.Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида Шўманой туманида бўлиб, туман ҳаёти билан яқиндан танишдилар. Шундан сўнг, туманда бир қатор ижобий янгиланишлар, ўзгаришлар бўлди. Ижтимоий-иқтисодий сиёсий соҳалардаги муҳим ўзгаришлар натижасида туман иқтисодиёти  юксалди. Одамларнинг турмуш фаровонлиги ошди. Эндиликда шўманойликлар янги ғоя ва ташаббуслар яратувчисига айланмоқда.  Демоқчимизки, мана шундай ижобий ўзгаришлар, муҳим янгиликларни кенг оммага етказишда   «Шоманай нуры» газетаси муҳим аҳамият касб этади.

Куни кеча кенг нишонланган  Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни яъни касб байрами билан барча журналистларни, шу соҳада фидоий меҳнат қилаётган ходимларни самимий табриклаймиз. Ишларида ижодий баркамоллик, зафарлар тилаймиз!

Феруза Нуруллаева.