ҚОРАҚАЛПОҚ МАТБУОТИНИНГ АСРЛИК МИНБАРЛАРИ


Бугунги глобаллашув даври ва ахборот асрида жамиятимиз ривожланишини замонавий ахборот технологиялари ҳамда оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қилиш  қийин. Ҳар куни газета-журналлар, радио-телевидение, интернет тармоқлари орқали жамиятимизда юз бераётган янгиликлардан хабардор бўлишга интиламиз. Бир сўз билан айтганда, ахборот биз учун ҳаётий эҳтиёжга айланиб улгурганини тан оламиз.

Жамиятда юз бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида холис ахборот етказа олиш оммавий ахборот воситаларининг кундалик ва асосий вазифаси саналади. Ушбу вазифани бажаришда газета-журналлар ва радио-телевидение халқ билан ҳокимият ўртасида ўзига хос мулоқот воситаси, шаффофлик кўзгуси сифатида беминнат хизмат қилади. Мана шундай катта имкониятга эга бўлгани учун ҳам матбуотни рамзий маънода «тўртинчи ҳокимият» деб аташса керак.

Давлатимиз раҳбари Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида «Барчамизга яхши аёнки, матбуот, оммавий ахборот воситалари иши ҳамма замонларда ҳам оғир ва масъулиятли бўлган. Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда бу масъулият янада кучаймоқда» деб алоҳида таъкидланган.

Ўз навбатида юртимизда фаолият юритаётган матбуот ва оммавий ахборот воситалари ҳам тарихий қисқа  даврда жамиятимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни, янгиланишларни кенг ёритиб бормоқда. Шу билан бирга халқимизни янгича фикрлашга, маънавий жасоратга, онг-тафаккурини замон билан ҳамқадам бойитиб боришга қодир қудратли кучга айланмоқда.

Бу борада қорақалпоқ матбуотининг қўш карвонбошилари саналган «Еркин Қарақалпақстан» ва «Вести Каракалпакстана» газеталари халқимизнинг маънавий салоҳиятини юксалтиришда муносиб ҳисса қўшиб, халқ билан ҳокимият ўртасида “сиёсий кўприк” вазифасини муваффақиятли бажариб келмоқда. «Еркин Қарақалпақстан» газетаси ташкил қилинганига жорий йил 95 йил тўлаётган бўлса, рус тилидаги «Вести Каракалпакстана» газетасининг илк сони нашр этилганига бир аср, яъни 100 йил тўлмоқда.

«Еркин Қарақалпақстан» газетасининг ўтган тарихига назар солсак, аср алмашди, йиллар, даврлар ўзгарди. Газета ҳам даврлардаги ўзгаришларга мувофиқ нашр имлосини уч марта, номини бўлса олти маротаба ўзгартирди. Дастлаб араб имлосида, сўнг лотин, кейинчалик кирил альфавитида халқимизга маънавий озуқа улашадиган бўлди. Номлари эса, «Биринши адым»дан бошланиб, кейин «Еркин Қарақалпақ», «Мийнеткеш Қарақалпақ», «Қызыл Қарақалпақстан», «Совет Қарақалпақстаны», юртимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб эса «Еркин Қарақалпақстан» номи билан «Юртнинг бирдамлиги ва фаровонлиги учун» деган улуғ шиор остида нашр этилиб келинмоқда.

Газета давр нафаси билан бир неча бор номини ўзгартиргани билан асосий йўналиши, олдига қўйган эзгу мақсадларини ўзгартирмади. Негаки, газета ўз даврининг нафаси, шу давр руҳи билан яшайди, хизмат қилади ва камида бир қадам олдинда юради.

Газета ташкил қилинган дастлабки йиллардан бошлаб унга ўша даврдаги тизим томонидан унга «саводсизликка қарши муҳим маънавий-маърифий қурол» сифатида қаралган. Иккинчи жаҳон уруши даврида эса, халқни янги марраларни забт этишга руҳлантирувчи маънавий куч-қудрат тимсоли сифатида майдонга чиқди. Фронтда эришилган жасоратлар газета саҳифаларидан ўрин олиб, ғалабага ишонч бағишлаб, маънавий далда бўлиб турди. Газетанинг кўплаб моҳир журналистлари урушга отланиб, улардан Абдисамат Алдашев, Сабир Нуржанов, Рейим Ўтепбергенов, Бекмурат Хожаниязовлар қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Урушдан кейинги қайта тикланиш даврида бўлса, газета халқимизни эзгу ишларга, янгича ташаббусларга руҳлантирувчи маслаҳатчига айланди.

Мустақиллик йилларида газетамиз ижтимоий-сиёсий жиҳатдан янада юқори босқичда ривожланиб, саҳифаларида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, иқтисодий ислоҳотларни босқичма-босқич ҳаётга жорий қилиш, тинчлик ва миллатлараро тотувлик масалалари бўйича туркум материаллар бериб борилди.

Бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги икки йилда бутун мамлакатимиз, эл-юрт, ҳамма-ҳаммамиз янги уйғониш фаслида, уйғонаётган руҳият таъсирида яшаяпмиз, десак муболаға бўлмайди.

Бу жараён Президентимиз Шавкат Мирзиёевни ўз лавозимига киришган  дастлабки даврлардан, дастлабки нутқ ва маърузаларида белгиланган вазифалар ижросидан бошланди, десак тўғри бўлади.

Хусусан, Ўзбекистонни 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси одамларнинг турмуш даражасини яхшилаш, ижтимоий адолат принципларига тўлиқ амал қилишда дастуриламал ҳужжат бўлди. Бу борада Қорақалпоғистон Республикасида ҳам илгари бўлмаган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Айниқса, Орол денгизи қуриши оқибатида қийналаётган халққа замонавий турмуш шароитларини яратиш, ҳудудда экологик барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ва давом этаётган катта лойиҳалар фақат мўйноқликларни эмас, бутун республикамиз аҳлини қувонтирди, келажакка бўлган ишончини янада оширди. Бу борадаги эзгу ишлар ва хайрия тадбирлари газеталаримиз саҳифаларида кенг кўламда ва мунтазам ёритиб борилмоқда.

Ушбу нашр тарихига назар ташласак, газетамиз республикамизда халқнинг оммавий соводхонлигини ошириш, ёзма, айниқса, қорақалпоқ адабий тилини шакллантириш, илм-фанни ривожлантиришда катта хизмат қилгани яққол кўринади.

Маълумотларга кўра 95 йил ичида биринчи муҳаррирлар Қасым Аўезов ва Абиў Қудабаевларни қўшиб ҳисоблаганда, газетамизга 22 муҳаррир (албатта, орасида икки-уч ой муҳаррирлик қилганларни ҳисобга олмаганда) имзо чеккан. Улар — Қасым Аўезов, Абиў Қудабаев, Жумақ Қурбанов, Сейфулғабит Мажитов, Тамендер Сафиев, Орынбек Кожуров, Исмайыл Сағитов, Сейткамал Бекназаров, Исмайыл Султанов, Ме¦либек Абдиреймов, Каримбай Қудайбергенов, Тўлепберген Қайыпбергенов, Ажибай Муртазаев, Оразхан Қалимбетов, Толыбай Аллияров, Ибрайым Юсупов, Шарап Уснатдинов, Елмурат Байназаров, Қаллибек Бегжанов, Қуяш Юсупов, Кеңесбай Реймов ва Кеңесбай Каримовлардир. Мана шу истеъдодли раҳбарларнинг иш тажрибалари, ёшларни қўллаб-қувватлаши натижасида Қорақалпоқ журналистикасининг таъмал тоши қўйилди ва бугунги кунда жаҳон стандартлари даражасига кўтарилишгача етди. Қорақалпоғистон журналистларининг бир неча авлоддан иборат минглаб ижодкорлари юзага келди.

Устозлар таълимини олган, бугун ўзлари катта авлод вакиллари саналган газетамизда фаолият кўрсатган ижодкорлардан Қайбулла Ерниязов, Пердегул Еденбаева, Яҳуда Мурадов, Кеўлимжай Қалменов, Шынықул Шымбергенов, Таңирберген Худайбергенов (раҳматли), Есенбай Ерманов, Ўтеп Байлепесов, Абдулла Ҳабийпов, Идирис Қосназаров, Халила Даўлетнезаров, Рустем Даўлетмуратов, Ўтебай Нурпейсов, Оразбай Сатбаев, Пердегүл Хожамуратова, Арзайым Байлепесова, Жумабай Жақсымуратовлар бугун ўзлари устоз даражасига етди. Ҳозирда  Ўмирбай Ўтеўлиев, Қурбанбай Байниязов, Сағындық Жаниев, Қонысбай Реймов, Бийбижамал Караматдиновалар тажрибали, фаол матбуот журналистларидир. Газетада қалами чархланиб, бўлимларида синовдан ўтган, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси лавозимида ишлаётган, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Даўытбай Қурбаниязов, республика «Жеткиншек» газетаси бош муҳаррири Абдулла Ембергенов, «Нөкис ҳақыйқаты» газетаси бош муҳаррири Қылышбай Ажибаев, «Кегейли турмысы» газетасы бош муҳаррири Ережеп Мухамбетов, Миллий гвардия бошқармаси матбуот хизмати етакчиси Алламурат Хожаназаровлар «Еркин Қарақалпақстан» газетасида иш бошлаб, жамиятимизда юқори натижаларга эришаётгани ҳам бизни фахрлантиради.

Хулоса қилиб айтганда, бугун 95 йиллигини нишонлаётган «Еркин Қарақалпақстан» ва 100 йиллиги эътироф қилинаётган «Вести Каракалпакстана» газеталари таҳририяти жамоаси замон билан ҳамнафас бўлиб, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқ хўжалигининг барча соҳаларида эришилаётган ютуқларни кенг ёритиб бориш орқали аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қаноатлантиришга катта улуш қўшмоқда. Бугун ташкил топганига бир аср тўлаётган таҳририятимиз жамоаси келгуси фаолияти давомида ҳам юртимизда фуқаролик жамиятини шакллантириш, халқнинг ҳуқуқий маданиятини оширишда фаол иштирок қилиб, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маъданий-маърифий ҳаётимизда юз бераётган ўзгариш ва янгиликларни холис ёритиш орқали жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаб боради, албатта.

Фурсатдан фойдаланиб, жамоамиз номидан барча касбдошларимизни 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни, касб байрамлари билан чин юракдан табриклайман.

Кеңесбай Реймов,

«Еркин Қарақалпақстан»,

«Вести Каракалпакстана»

газеталари

Бош муҳаррири.