Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табриги юртимизнинг ҳар бир журналистини ўз фаолиятига янгича ёндашувга ундайди.
Жумладан, унда “Бугунги кунда дунё шиддат билан ўзгармоқда. Барча соҳалар каби ахборот олиш ва уни етказиш, таъсирчан жамоатчилик фикрини шакллантириш борасида ҳам рақобат кескин тус олмоқда. Бундай мураккаб шароитда ҳаёт янги-янги талаб ва вазифаларни олдимизга қўймоқда.
Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда”, дейилади.
Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида юртимизда ахборот соҳасини ислоҳ қилиш ОАВ фаолиятини ривожлантиришга оид ўндан ортиқ ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Айниқса, шу йил 2 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилиниб, унда Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлиги Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Айни вақтда Ўзбекистонда 1400 га яқин ОАВлари фаолият юритмоқда. Қорақалпоғистонда эса 44 газета, 3 та матбаа корхонаси иш олиб бормоқда. Нодавлат телерадио каналлари ҳам ташкил қилинган.
Юртимизда ОАВ билан бир қаторда интернет журналистикаси ҳам тез ривожланмоқда. Кейинги йилларда веб-сайтлар сони икки баробар ошди. Теле-радио каналларнинг 67 фоизи, босма нашрларнинг 60 фоизи нодавлат ОАВ сифатида фаолият юритаётганини ҳам айтиб ўтишимиз керак.
Биз бутун дунёда глобаллашув жараёнлари тобора мураккаблашиб бораётган, минглаган ахборот оқимлари, одамларнинг фикру онгини муталақо ўзгартириб юборишга қодир бўлган, тезкор шиддатли даврда яшаяпмиз. Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳар биримизни соҳадаги муаммоларни тез ўрганишга, таҳлил қилиб, хулосалар чиқаришга, рақобат кенгайиб бораётган катта майдонда ўз ўрнимиз қандай бўлиши кераклиги тўғрисида ўйлашга, соҳани янгилашга ундамоқда.
Чунки, бугунги кунда нафақат ҳаётимиз, балки ҳар бир инсоннинг ўзи, унинг ички дунёси, ўз ҳаётига бўлган муносабати, талаби кескин ўзгармоқда. Бугунги журналист шу масалага эътибор бераяптими, таҳлилий хулоса чиқараяптими? Айниқса ҳар бир фуқаронинг холис фикрини шакллантиришда журналистнинг ўрни қаерда бўлаяпти? Бу саволлардан келиб чиқадиган долзарб вазифалар ва уларни амалга ошириш жараёнида, нималарга эътибор беришимиз керак деган савол атрофида фикр юритиб кўрайлик.
Президентимиз Ш.Мирзиёев «Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда «тўртинчи ҳокимият» даражасига кўтарилиши зарур. Бу замон талаби, ислоҳотлар талаби» деган эди.
Дарҳақиқат, ОАВлари жамиятимизда рўй бераётган, сиёсий ижтимоий жараёнларга нисбатан, кенг жамоатчиликнинг диққатини жалб қила олади.
Шу баробарда масалага қонунчилик, ижро ва суд ҳокимиятининг ҳам диққатини қаратиши мумкин. ОАВ ана шундай қудратга эга бўлгандагина тўртинчи ҳокимият сифатида юзага чиқади.
Соҳа вакилларининг байрами кенг нишонланаётган шундай кунларда алоҳида таъкидлаш лозимки, кейинги вақтларда юртимизда журналистика соҳасида ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Танқидий руҳдаги мақолалар пайдо бўла бошлади. Шу билан бирга интернет тармоқларининг веб-сайтлари ҳам кўпаймоқда. Олдинлари ҳеч қачон кузатилмаган ҳолат, дадил танқидий мақолалар, муаммоли мавзулар кўзга ташланаётир. Бундай материалларни интернет сайтларида ҳам, газета-журналларда ҳам кўришимиз мумкин.
Шунингдек, ҳар бир таҳририятда ёшлардан иборат журналистик ижодий жамоа пайдо бўлмоқда. Қўпроқ ёш журналислар иш бошламоқда.
Мамлакатимизда журналистика соҳасида профессионал касб мутахассисини тайёрлаш борасида қатор амалий ишлар бажарилмоқда. Чунки, бу соҳадаги катта муаммоларнинг бири малакали журналист кадрларни тайёрлаш бўлиб ҳисобланади. Шу ўринда пойтахтимизда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилганлиги журналист кадрларни тайёрлаш борасидаги кўпгина муаммоларни ҳал қилиш имконини берганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу соҳага иштиёқи баланд ёшлар, жон-жаҳди билан журналист бўлишга интилади.
Бугун – фуқаролик жамияти институтлари тизимида ОАВнинг роли ниҳоятда катта. Жамиятда демократик ислоҳотлар жараёнини тезлаштириш, жамоатчилик назарида турган долзарб масалаларга ҳамкорликда жавоб топиш, мавжуд муаммолар юзасидан таҳлилий-танқидий мавзуларни кўтариб чиқиш, алоҳида холис фикрни шакллантириш, халқимизни юксак мақсадлар сари йўналтириш оммавий ахборот воситалари олдида турган энг долзарб вазифалардир.
Шу боис ҳам мақола якунида Президентимиз табригидаги қуйидаги жумлани келтиришни маъқул кўрдим.
“Ҳаётимиздаги бугунги улкан ўзгаришлар, ислоҳотларимиз мантиғи барчамиздан янгича ишлашни, янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишни талаб этмоқда.
Шу маънода, оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базасини, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий матбуотимизнинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашига эришиш, Интернет журналистикасини ривожлантириш, ноширлик иши, китоб савдоси, обуна ва тарғибот масалаларида бутун дунёда ўзини оқлаган бозор механизмларини кенг жорий этиш, очиқлик ва соғлом рақобат шароитида ишлашга ўрганиш бўйича биргаликда ҳали кўп иш қилишимиз керак».
Зеро бугун журналистлар фақат жараёнларни ёритиши эмас балки, ўзлари ҳам янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишлари керак.
Г.АННАҚИЛИЧЕВА,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, Сенатор.