Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, қорақалпоқ филологияси журналистика бўлими талабалари «Қорақалпоғистон тонги» газетасида амалиёт ўтамоқдалар. Талабалар бир ярим ойлик ишлаб чиқариш амалиёти давомида таҳририятдаги қизғин иш жараёни билан яқиндан танишмоқдалар.
Жумладан, уларнинг жойларга чиқиб мақола тайёрлаш, материални таҳлил қилиш, саҳифалаш, мусаҳҳиҳлик таржима ва бошқа жараёнларда кўникмаларини шаклланмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, таҳририятда «Қорақалпоғистон тонги» газетаси иловалари бўлган «Қорақалпоқ адабиёти» ҳамда «Гулойим» газеталарининг нашр этилиши амалиётчи талабаларнинг имкониятини оширди. Чунки, айрим талабалар сиёсий мавзудаги мақолаларни ёзиш қобилиятига эга бўлсалар, айримлари «Қорақалпоқ адабиёти» газетасида ўз ижод намуналари билан қатнашмоқда.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу амалиёт матбуот, журналистика соҳасига энди қадам ташлаётган ёш талабалар учун катта тажриба мактаби бўлмоқда. Чунки, улар ёзишни, ўз устида ишлашни, мустақил фикрлашни, сўз санъатини ўрганади.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Қорақалпоқ давлат университети Қорақалпоқ филологияси факультети журналистика кафедрасида ўзбек гуруҳининг очилиши таълим тизимидаги янгилик бўлиши билан бирга Қорақалпоғистонда ўзбек тилида нашр этиладиган ОАВ учун малакали кадрлар тайёрлаш имкониятини яратди.
Демоқчимизки, бугун газета таҳририятида амалиёт ўтаётган талаба ёшлар кўпроқ ўқиб-ўргансалар, излансалар қалами янада чархланиб, сайқалланиб бораверади.
Энг муҳими бўлғуси журналистлар касб байрамларини таҳририятда кўтаринки руҳда ўтказишди.
Қ.БЕГИМОВ олган сурат.