Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқидан келиб чиқадиган вазифалар, унда кўрилган масалаларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, шаҳар ва туман ҳокимлари, вазирликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Видеоселектор йиғилишини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Ҳамраев бошқариб борди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари Г.Аннақиличева, А.Аллаярова, О.Атаниязова, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари М.Рахматуллаев, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Б.Ильясов, Қорақалпоғистон Республикаси Прокурори ўринбосари Р.Баўатдинов, Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари У.Абдиевлар сўзга чиқиб Президентимиз нутқидан келиб чиқадиган вазифалар, сенаторлар томонидан маъқулланган қонун ва бошқа норматив ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг мамлакатимиз ва жамиятимиз ривожидаги роли ва аҳамияти хусусида тўхталиб ўтишди.
Дарҳақиқат, Давлатимиз раҳбарининг ялпи мажлисдаги нутқи бугунги кунда халқимиз томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Президентимиз нутқида Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий мақсад ва вазифаларни амалга оширишда, олдимизга қўйилган катта марраларга эришишда, шунингдек, халқимизнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришда Сенатнинг роли ва таъсирини ошириш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, хотин-қизлар учун муносиб иш ва турмуш шароитларини яратиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг ижтимоий- иқтисодий ҳамда сиёсий – ҳуқуқий фаоллигини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида 18 та масала, жумладан 7 та қонун кўриб чиқилди. Улардан 3 таси янги, 2 таси амалдаги айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлардир. Сенаторлар томонидан кўриб чиқилган “Туризм тўғрисида”ги, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги, “Қурол тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги , “Ўзбекистон Республикасининг айрим Қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги , “Халқаро меҳнат ташкилотининг 1930 йилдаги Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги 29-сонли Конвенцияга Баённомани (Женева, 2014 йил 11 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари юртимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларимизнинг яшаш шароити ва маданиятини оширишга хизмат қилади.
— Президентимиз ўз нутқида бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, айниқса, Мўйноқ туманида амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишларига юқори баҳо берди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Г. Аннақиличева. — Бу Давлатимиз раҳбарининг республикамиз халқига бўлган алоҳида эътибори ва ғамхўрлигининг ёрқин ифодасидир.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмита раиси Б.Матмуратов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.