ПРЕЗИДЕНТ МАКТАБИГА БИРИНЧИ ИМТИҲОН БЎЛИБ ЎТДИ


Барчамизга маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида Президент мактабларини ташкил этиш ҳақида гапириб, бу мактабни илк бор Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди.

“Мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтаришни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйган эканмиз, буни амалга ошириш учун бизга, энг аввало, янги авлод кадрлари керак. Ана шундай юксак салоҳиятли кадрларни тарбиялаш мақсадида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги типдаги мактаблар — Президент мактабларини ташкил этишни режалаштирганмиз”, — деган эди давлатимиз раҳбари.

Шундан сўнг бу борада бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалий ишлар бошланиб кетди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 25 июндаги ­“Президент мактаблари тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори  қабул қилинди ҳамда шунга кўра Низоми тасдиқланди.  ­Президентимизнинг тегишли қарорига кўра Президент мактабларига қабул қилиш республика умумтаълим муассасаларининг 4-синф битирувчилари орасидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикр­лаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижаларига кўра амалга оширилиши белгиланган. “Президент мактаблари тўғрисида Низом”нинг 5-бобида кириш имтиҳонларини ўтказиш ва ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланган. Унга кўра Президент мактабларига республика умумтаълим муассасаларининг тўртинчи (биринчи ўқув йилида – тўртинчи-тўққизчи) синф битирувчилари орасидан қобилиятли ва иқтидорли (баҳолар табели асосида тегишли STEAM фанлари (математика, биология (табиатшунослик), информатика ва ахборот технологиялари, физика, алгебра, гиометрия, кимё) бўйича аъло баҳога тугатган) болалар танлов асосида қабул қилинади.

Айни кунларда Нукус шаҳридаги Президент мактабига республикамиз ҳудудларидан ўқувчиларни саралаб олиш ишлари олиб борилмоқда. Бу борада тўлиқроқ маълумот олиш мақсадида Қорақалпоғис­тон Республикаси Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилдик.

— Президентимизнинг ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг “Президент мактабларига ҳужжатларни қабул қилишни ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғига асосан 1 июндан 22 июнгача Президент мактабида ўқиш истагида бўлган ўқувчилардан ҳужжатлар қабул қилинди,  — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги бўлим бошлиғи, Ишчи гуруҳнинг масъул котиби Сулайман Хабипов. — Ишчи гуруҳ томонидан республикамизнинг барча туманларидаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларидан қарийиб 7 минг 500 нафар ўқувчининг ҳужжатлари қабул қилинди. Бундан кўриниб турибдики, Президент мактабида ўқиш истагидаги ўқувчилар жуда кўп. Масалан, ўқишга қабул қилиш режалаштирилган умумий ўқувчилар сонига нисбатан  бир ўринга ўртача 51 номзод тўғри келяпти. Шундан энг кўпи 5-6-синфларда бўлиб, уларда бир ўринга 85 номзод ҳужжат топширган. Бу шунча ўқувчи орасидан энг муносиб иқтидорли битта ўқувчини саралаб олиш деганидир.

Куни кеча Нукус шаҳридаги ­Президент мактабига ҳужжат топширган ўқувчилар дастлабки тест имтиҳонларини топширишди. Ўқувчилар олдин бу каби имтиҳон билан таниш бўлмаганлиги инобатга олиниб, уларга 26-28 июнь кунлари тест жараёнларини ўтказиш тартиби тушунтирилди.  Президент мактабига қабулни тўғри ташкил этиш масъулияти ишчи органга юклатилган. Шунинг учун ҳужжатларни қабул қилиш, саралаш имтиҳонларини ўтказиш жараёнларида тенг ҳуқуқлилик, адолат ва шаффофлик принциплари  асосида иш кўриш мақсадида тест синовлари кенг  сиғимли бинода ўтказилди. Дастлабки тест имтиҳонлари 29 июнь-1 июль оралиғида кунига икки сменада Нукус шаҳридаги махсус жиҳозлар ва видео кузатув қурилмалари ўрнатилган Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорат мактаби ва Нукус ихтисослаштирилган Олимпия резервлари мактаб-интернати спорт иншоотида ўтказилди.

Жараёнларни ота-оналар ҳам бевосита кузатиб бордилар. Кўпчиликка маълум Президент мактабларига ўқувчиларни саралаб олиш, Кембриж университетининг мутахассисларига ишониб топширилган. Имтиҳонларнинг тўғри ва холис ўтишини Cambridge Assesment ташкилоти назорат қилмоқда. Бизга ҳам чет элдаги мазкур ташкилотлардан икки вакил келди ва имтиҳонларни бевосита кузатиб борди.  Ҳар куни тест имтиҳонлари тугаши билан тегишли экспертлар ва холис кузатувчилар иштирокида жавоб варақалари конвертларга солиниб, ҳаво йўллари орқали олиб кетилди. Жавоблар Cambridge Assessment томонидан текширилади ва бу жараёнга маҳаллий мутахассислар аралаштирилмайди.

Президент мактабларига кириш имтиҳонлари икки босқичда ўтказилади. Бўлиб ўтган дастлабки саралаш имтиҳонларда математика фанидан 30 та топшириқдан иборат тест шаклидаги мисоллар берилиб, бу вазифани бажариш учун ўқувчиларга 90 дақиқа вақт ажратилди. Биринчи босқич натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган 2880 нафар ўқувчи иккинчи босқичга ўтади.

Иккинчи босқичда ахборотни таҳлил қилиш ва солиштириш қобилиятини аниқлаш бўйича – 16 та масала, мантиқ элементлари бўлган математика фанидан 24 та масала, инглиз тилидан 55 та тест бўлиб, бунинг учун жами 150 дақиқа вақт берилади.

Иккинчи босқич имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 144 нафар ўқувчи 5-10-синфларга қабул қилинади. Ҳар бир синфга 24 нафар ўқувчи қабул қилинади. Нукус шаҳридаги Президент мактабидаги мазкур икки синф ўзбек ва қорақалпоқ гуруҳларида бўлиб, уларда бир хил — 12 нафардан ўқувчи таҳсил олади.

Кириш имтиҳонлари 2-босқичининг натижаларига кўра, бир хил балл тўплаган талабгорлар сони белгиланган қабул квотасидан ортиб кетган тақдирда, Қабул комиссияси ва таълим соҳасида хизматлар кўрсатувчи ихтисослаштирилган хорижий ташкилотлар томонидан қўшимча топшириқлар берилади.

Кириш имтиҳони натижалари Вазирлик ва Президент мактабларининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида имтиҳон топширилган кундан кейин 30 кун мобайнида жойлаштирилади.

Биз, биринчи босқич тест имтиҳонлари жараёнида фарзандларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташриф буюрган ота-оналар билан ҳам  суҳбатда бўлдик.

— Қизим Айсилув Жолдасова синфида аълочи ўқувчилардан бири бўлгани учун Президент мактаби очилиши ҳақидаги хабарни эшитиши билан мазкур мактабга ҳужжат топшириб, ўқишга киришга интилмоқда,  — дейди Шўманай туманидаги 23-умумтаълим мактабидан 8-синф учун талабгор ўқувчининг онаси Гулчеҳра Ўтевлиева. — Ўзим ҳам мазкур мактабда ўқитувчиман. Мактабда ҳам оилада ҳам фарзандларим таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратаман. Мана бугун тест имтиҳонларини кузатмоқдамиз. Синов жарёнлари адолатли ва шаффоф ўтказилаётганига ишонаман. Аминманки, энг билимли ва иқтидорли ўқувчилар Президент мактабига ўқишга қабул қилинади.

Амударё туманидаги  22-умумтаълим мактаби ўқувчиси Ҳилола Шамуратова ҳам мазкур тест синовларида 8-синфда ўқиш учун талабгор сифатида имтиҳонларда қатнашаётган экан. Унинг онаси Роҳатой Камолова ҳам тест жараёнлари очиқ-ошкора ва адолатли ўтаётганлигини алоҳида таъкидлаб, ёшларга мана шундай имкониятларни яратаётган Муҳтарам Президентимизга ва қабул жараёнини ташкил қилган ташкилотчиларга алоҳида миннатдорлик билдирди.

Яқин кунларда Президент мактабларида ўқишга талабгорларнинг биринчи босқичда тўплаган баллари маълум бўлади ва юқори натижаларга эришган ўқувчилар кейинги босқичга ўтади. Ишонамизки, бу борада амалга оширилаётган тадбирлар ўз натижасини бериб, энг иқтидорли ўқувчилар Президент мактабига ўқишга қабул қилинади.

Ғайратжон ОТАЖОНОВ.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган сурат.