Ёшлар куни кенг нишонланди


Жорий йил 30 июнь куни республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида Ёшлар куни кенг нишонланди.

Шу муносабат билан Нукус шаҳридаги Амфитеатрда байрам тадбири ва гала концерт бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг мадҳиялари янгради.

Тадбирда Қорақалпоғистон ­Республикаси Жўқорғи Кенгеси  Раиси М.Ерниязов сўзга ­чиқиб, Президентимизнинг Ўзбекистон ёшларига байрам табригини ўқиб эшиттирди ва юртимизда ёшлар учун яратилган шароитлар хусусида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, бундан икки йил олдин Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон  Ёшлар иттифоқи ташкил топган кун — 30 июнь юртимизда Ёшлар куни деб белгиланди. Ўтган қисқа вақт ичида ёшларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланиши юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ­доимо диққат-эътиборда бўлиб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ёшларга катта ишонч билдириб, “Ҳақиқатан ҳам, биз ота-оналар, устоз ва мураббийлар, сизларни бутун Ўзбекистон ёшларини Ватанимиз, жамиятимизнинг ҳал қилувчи кучи деб биламиз ва сизлар ҳамиша халқимизнинг мана шундай юксак ишончига муносиб бўласиз, деб ишонамиз” деган фикрлари ҳар бир ёшни руҳлантиради.

Байрам олдидан Президентимиз фармони билан Нукус спорт коллежи ўқувчиси Алишер Раджапов, Ўзбекис­тон Республикаси Миллий  гвардияси махсус ҳарбий бўлинмаси офицери Элёр Машарипов “Мард ўғлон” давлат мукофоти,  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ­Президиумининг қарори билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Элликқалъа туман бўлими тикувчилик тўгараги раҳбари Шаҳодат Мамутова, Чимбой туманидаги 5-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Дамир Дилмуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқ­армаси бўлинма катта инспектори Азамат Ибрагимов, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали ўқитувчиси Саламат Аяпов, Нукус мелиорация ва сув хўжалиги коллежининг ўқитувчиси Шерзодбек Мамутов “°мит ушқыны” кўкрак нишони билан тақдирланган бўлса, Нукус ихтисослаштирилган маданият ва санъат мактабининг ўқувчиси Перизат Аяпбергенова Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилган танловда ғолиб бўлган эди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси  М.Ерниязов ушбу мукофотларни тантанали равишда топширди. Шундан сўнг, йиғилганларга республикамиз санъат усталари ва ёш хонандалар ижросидаги концерт дастури намойиш этилди.

Шу куни Нукус шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб “Youth Day” югуриш мусобақаси, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ҳарбий техникалар паради ва кўргазмалари ташкил қилинди. Янгидан фойдаланишга топширилган спорт майдончаларида “Ёшлар кубоги” мусобақасининг финал босқичи ўтказилиб, ғолиблар ташкилотчилар томонидан тақдирланди. Ёшлар марказида ва “Истиқлол” болалар дам олиш оромгоҳида ёшлар сайллари ўтказилиб, тадбир доирасида китобхонлар викторинаси, китоб ярмаркалари, янги китоб­лар тақдимоти, ёш дизайнерлар томонидан тайёрланган либослар кўргазмаси, дунё рақслари, ёш ижодкорлар билан учрашув кечалари бўлиб ўтди.

Байрам муносабати билан Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Саховат боғи”, Қорақалпоқ давлат Ёш  томошабинлар театрида “Ватан тупроғи” спектакллари, Қорақалпоқ давлат Қўғирчоқ театрида Президентимизнинг беш ташаббусига бағишланган тадбирлар ўтказилиб, уларда ёшларимиз фаол қатнашдилар.

Байрам республикамизнинг барча шаҳар ва ­туманларида кўтаринки руҳда ўтказилди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган сурат.