Нукус шаҳридаги “Ёшлар маркази” биносида Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида 2019 йил 10-15 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёргарлик кўриш ва фестивалда иштирок этадиган моҳир ҳунармандларни саралаб олиш мақсадида «Мен Қўқон фестивалига бораман!» шиори остида акция ўтказилди.
Ушбу акция Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ташкил этилди. Унда шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган жами 60 нафарга яқин маҳоратли ҳунармандлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этишди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган асосий вазифа, халқимизнинг қадимий тарихи ва маданий ҳаётини ҳар томонлама ёритиш, шунингдек ушбу йўналишда ўзаро тажриба алмашиш орқали халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий гуманитар алоқаларни халқаро миқёсда кучайтириш, авлоддан авлодга ўтиб келаётган касбий анъаналар ва ҳунармандчилик мактабларини сақлаб қолиш ва қайта тиклашдан иборат.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.