Туризм бутун дунёда иқтисодиётнинг локомотив тармоқларидан саналади.
XXI асрда глобал иқтисодиётнинг ўсиши асосан уч тармоқ бўйича кузатилмоқда.
Улар технология, телекоммуникация ва туризм тармоқларидир. Туризм ва саёҳлик бўйича бутунжаҳон Кенгаши (WTTC — The World Travel and Tourism Council) маълумотларига кўра, туризм дунё иқтисодиётининг энг йирик тармоқларидан бири бўлиб, яратилган ҳар ўнинчи ишчи ўрни (319 млн.) ва дунё ялпи маҳсулотининг 10,4 фоизи (8,8 триллион АҚШ доллари) ушбу соҳага тўғри келади. 2018 йилда туризм индустрияси 3,9 фоизга ўсди (солиштириш учун: дунё иқтисодиёти ўсими — 3,2 фоиз). Сўнгги беш йилда ташкил қилинган барча иш ўринларининг 20 фоизи туризм соҳасига тўғри келади.
Ўзбекистонда ҳам туризм соҳасида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Энг асосийси бу соҳани ривожлантириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган. Жумладан, туризм сектори учун асосий ҳужжат бўлган Ўзбекистон Республикасининг «Туризм тўғрисида»ги Қонуни ва соҳани тубдан ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган.
Фақат 2018 йилнинг ўзида 25 та ҳуқуқий норматив ҳужжатлар, жумладан, 11 та Президент фармон ва қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги қарорига мувофиқ, «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» мавзусида ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Мазкур қарор билан бир қатор имтиёз ва преференциялар, шунингдек, ички туризмни ривожлантиришга қаратилган янги тартиб ва қоидалар жорий қилинди. Масалан, унда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан танлаб олинган фойдаланилмаётган ер участкаларида 2018 — 2022 йилларда туризм инфратузилмасини ташкил этиш доирасидаги харажатлар бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилган.
2019 йилда ҳам иқтисодиётнинг ушбу соҳасини ривожлантиришни таъминлаш мақсадида бир қатор норматив ҳужжатлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони туризм индустриясида инқлобий ўзгаришларга замин яратди. Фармон билан 2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди. Унга кўра, 2019 йилнинг 1февраль санасидан 45 та давлат фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига 30 кунга визасиз кириш имкониятига, 78 та давлат фуқаролари электрон виза олиш имкониятига, 111 давлат фуқаролари Ўзбекистон Республикасида яшаш ҳуқуқига эга бўлди. Амалга ошириладиган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон Республикасига келган сайёҳлар сони 2018 йилдаги 4,8 миллион нафардан 2025 йилда 9,1 миллион нафарга, туристлик хизматларини экспорт қилиш кўламини 2018 йилдаги 951 млн. АҚШ долларидан 2025 йилда 2,23 млрд.АҚШ долларига етказиш кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги “Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган асосий вазифалар туризм тармоғини ривожлантириш, халқаро стандартлари ва талабларига жавоб берадиган замонавий меҳмонхоналар қуриш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш ва республикада меҳмонхона хўжалигини ривожлантиришга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишдир. Мазкур қарор билан ҳар хил янги механизмлар жорий қилинди. Масалан, меҳмонхона қуриш учун ажратилган ер участкаси қурилиш тугаллангандан сўнг инвесторга мулк ҳуқуқи асосида сотилиши (маданий мерос объектларининг ҳудуди ва муҳофаза зонаси ҳамда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер участкалари бундан мустасно) мумкин. Инвесторларнинг янги меҳмонхона қуриш ва жиҳозлаш харажатларининг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Бунда 3 юлдузли тоифа учун 50 та хонадан кам бўлмаган ва 4 юлдузли тоифа учун 100 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга меҳмонхона 2022 йил 1 январгача фойдаланишга топширилиши керак. Инвесторлар харажатларининг бир қисмини давлат бюджетидан молиялаштириш миқдори қўшимча равишда ташкил этилаётган хоналар сони 50 мингтага етгунига қадар келгуси йил учун давлат бюджети параметрларини тасдиқлаш жараёнида ушбу миқдорни ҳар йили индексация қилган ҳолда 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 40 миллион сўм, 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 миллион сўмни ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 февралдаги «Кириш туризимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳанинг янада ривожланишига туртки бўлди. Мазкур меъёрий ҳужжат билан сайёҳларнинг жамоат жойларида ва иморатларда фото ва видеога олиш бўйича деярли барча чекловлар олиб ташланди. Шунингдек, шу қарор билан виза режимини янада соддалаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Шунга кўра қисқа муддатли (72 соатга) кириш визаларини бериш механизмини, электрон виза тизимини тайёрлаш ва жорий қилиш ва бошқа шу каби тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.
Шу ва соҳага оид бошқа меъёрий ҳужжатларнинг қабул қилинганига ҳали кўп вақт бўлмаган лекин, Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳлар сони ва уларга кўрсатилаётган хизматлар сифати кескин ошаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Туризимни ривожлантириш Давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси маълумотларига кўра, 2018 йилда Қорақалпоғистон Республикасига жами 108 давлатдан 15 минг 971 нафар сайёҳ ташриф буюрган. 2019 йилнинг дастлабки олти ойида эса, 8 минг 945 сайёҳ келган. Улар орасида Россия, Италия, Франция, Германия, АҚШ, Хитой давлатларидан ташриф буюрувчи сайёҳлар сони нисбатан кўпроқни ташкил қилмоқда.
Туризм соҳаси ривожида ўзига хос ўрин тутадиган меҳмонхоналар, хостеллар ва оилавий меҳмонхона уйлари сонини ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, фақат 2019 йилнинг ярим йиллигининг ўзида 40 ўринга мўлжалланган 4 та оилавий уй меҳмонхоналари фойдаланишга топширилди.
Бир сўз билан айтганда, бугун мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича ҳуқуқий асослар яратилган ва чет эл инвесторлари учун ҳам кенг имкониятлар яратилмоқда. Буларнинг барчаси Ўзбекистон яқин келажакда жаҳон туристик хизматлар бозорида етакчи ўринни эгаллашига ишончни мустаҳкамлайди.
М.Қосназаров,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг бошқарма прокурори.