Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова шу йил 6 июль куни республикамизда бўлиб, Хотин-қизлар қўмитаси фаолияти, жойларда, айниқса, қишлоқ жойларида хотин-қизларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди ва бир қатор хайрия тадбирларини амалга оширди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталиб ўтган эди.
Жумладан, хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ишга жойлаштириш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратиш, уларни уй-жой билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шундай бўлса ҳам хотин-қизлар ҳаётида йиллар давомида тўпланиб қолган ижтимоий муаммолар ҳали ҳануз мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Президентимиз нутқида қайд этилган муаммоларни ҳал этиш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилиниб, жойларда ушбу муаммолар ва уларнинг ечимлари ўрганиб чиқилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси дастлаб Беруний туманида бўлиб, сайёр қабул ўтказди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Беруний туманидаги Халқ қабулхонаси билан биргаликда ташкил этилган тадбирда Элликқалъа, Тўрткўл ва Беруний туманларидаги хотин-қизлар ўзларининг ҳаётий муаммолари, бугунги кунда уларни қийнаб келаётган масалалар юзасидан мурожаат этишди.
Қабул давомида фуқаролик паспортини расмийлаштириш, даволаниш учун ордер олиш каби ўнга яқин мурожаатлар тингланиб, уларнинг ечими тегишли соҳа раҳбарлари томонидан назоратга олинди.
Шу куни туман хотин-қизларининг ҳаётида қувончли воқеа юз берди. Оғир шароитда яшаб келаётган уй-жойга муҳтож хотин-қизлар учун икки қаватли 18 квартирали янги турар-жой фойдаланишга топширилди. Эътиборлиси, ушбу уй-жойларнинг бошланғич тўлови туман ҳокимлиги, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.
— Бугун менинг ҳаётимда қўшалоқ қувонч, — дейди, иккинчи гуруҳ ногирони Гуласал Исакова. — Янгидан фойдаланишга топширилган уй-жойларнинг бири менга насиб этди. Ўзим эса “Беруний чеварлари” масъулияти чекланган жамиятига ишга жойлашдим. Бунинг учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдираман.
Шу куни Қорақалпоқ Ёш томошабинлар театрида республикамизнинг барча шаҳар ва туманларидан келган имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларга Ўзбекистон Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 70 дона ногиронлик аравачалари ҳамда тиббий реабилитация воситаларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Шундан сўнг, шаҳар ва туман хотин-қизлар қўмиталари раислари, фаол мутахассислар, намунали оилалар аъзолари, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар, бошланғич ташкилотлар етакчилари иштирокида Президентимизнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида белгиланган вазифаларга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда юксак маънавий-аҳлоқий муҳитни мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган қисқа даврда бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та фармони, 2 та қарори, Ҳукуматнинг 6 та қарори ва 4 та фармойиши қабул қилинди. Хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган ушбу ҳужжатлар ва ислоҳотлар Хотин-қизлар қўмиталарини самарали тизимга айлантирди.
Шундай бўлса ҳам ёрдамга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш, тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар ажратиш борасидаги ишлар, шунингдек, хотин-қизларнинг реабилитация, маслаҳатхона, қизлар саломатлиги, тадбиркорлик марказлари, фуқаролар йиғинлари фаолияти талаб даражасида эмас. Сиёсий партиялар ва мутасадди ташкилотлар ўз сафига билимли, иқтидорли ва ташаббускорлик қобилиятига эга хотин-қизларни жалб этиш, уларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш масаласига етарлича эътибор бермаётганлиги сабабли Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари таркибида хотин-қизлар сони юқори палатада 17 фоиз, қуйи палатада 16 фоизга тушиб қолган. Семинарда шу каби муаммоларни бартараф этиш бўйича фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Куннинг иккинчи ярмида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, имконияти чекланган ва тарбияси оғир хотин-қизлар, сиёсий партияларнинг “Хотин-қизлар қаноти” раҳбарлари, “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Тадбирда таъкидланганидек, вазирликлар, корхона ва ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларида бугунги кунда юртимиз бўйича 46 мингдан ортиқ бошланғич ташкилот фаолият олиб бормоқда. Эндиликда ушбу ташкилотларнинг хотин-қизларнинг муаммолари билан манзилли ишлашиш, хонадонларга кириб бориб, улар орасидан ёрдамга муҳтожларни аниқлаш, реабилитация ва хотин-қизлар маслаҳатхоналари марказлари фаолиятини тўғри йўлга қўйиш борасидаги ишлари натижаси билан баҳоланади.
Бугунги кунда мамлакатимизда 311 нафар қиз Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган. Юртимизда етакчи, ижтимоий-сиёсий фаол кучга айланиши лозим бўлган ушбу қизлар салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Мукофотланганларнинг тизимли мониторингини олиб бориш, уларнинг жамиятдаги фаоллигига кўмаклашиш ишлари эътибордан четда қолмоқда. Учрашувда қобилиятли қизларни рағбатлантириш, ёрдамга муҳтож хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бошланғич ташкилотларнинг фаолиятини такомиллаштиириш масалалари юзасидан сўз юритилди.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди. Меҳмонлар Қорақалпоқ давлат университетида хотин-қизлар учун яратилган шароитлар, талаба-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича ташкил этилган тўгараклар фаолияти ҳамда уларга аъзо қизлар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик буюмлари намуналари билан яқиндан танишди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар реабилитация маркази, 8-сонли оилавий поликлиникада жойлашган Хотин-қизлар маслаҳатхонаси ва Қизлар саломатлик маркази, Нукус шаҳридаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда “Зиёда — нур” нодавлат ўқув марказида бўлиб, улар томонидан олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Ибрагимова иштирок этди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ
олган сурат.