Жорий йилнинг 22-23-24 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикасида Президент мактабига қабул имтиҳонларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Ҳар куни имтиҳонларда 960 нафар ўқувчи қатнашиб, уч кунда жами 2 минг 880 нафар ўқувчи иккинчи босқич имтиҳонларида иштирок этди.
Иккинчи босқичда ахборотни таҳлил қилиш ва таққослаш қобилиятини аниқлаш бўйича математика фанидан 24 та масалани ечиш учун 60 дақиқа, инглиз тилидан 55 та тест саволига жавоб топиш учун 75 дақиқа вақт ажратилган.
Имтиҳонлар Нукус шаҳридаги Олимпиада ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорат мактаби ва Нукус ихтисослаштирилган олимпиада заҳиралари мактаб-интернатида бўлиб ўтди. 22 июль куни 5-6-синфларга, 23 июль куни 7-8-синфларга, 24 июль куни 9-10 синфларга қабул учун ўқувчилар навбатдаги танлаб олиш имтиҳонларидан ўтди.
Ота-оналар ва устозларига имтиҳон жараёнларини онлайн кузатиш имконияти яратилди.
Имтиҳонлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Буюк Британиянинг таълим соҳасида хизмат кўрсатадиган «Cambridge Assessment International Education» ташкилоти вакиллари томонидан кузатиб борилди. Натижалар мазкур ташкилот томонидан аниқланади.