ЭЗГУ МАҚСАДЛАРНИ МУЖАССАМ ЭТГАН ФЕСТИВАЛЬ


Бугунги кун ёшлари ҳар соҳада илғор ва талабчан. Қай бири билан суҳбатлашсангиз ҳам кўзида қувонч, турли соҳаларда кўзни қувонтургудек ютуқларни қўлга киритганини кўрасиз.

Ёшларнинг билим ва ижодий қобилиятларини юзага чиқариш учун бугунги кунда республикамизда кўплаб танлов ва спорт мусобақалари, фестиваль ва турли конференциялар ташкил этилмоқда. Бундай тадбирларнинг ўтказилиши ёшларнинг ўз билим ва салоҳиятини юзага чиқариш, тенгдошлари билан фикр алмашиш ва ўз хато ва камчиликларини тўғрилашда катта аҳамиятга эга.

Шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг сентябрь ойида ўтказилиши режалаштирилаётган «Осиё ёшлар конференцияси»ҳисобланади. Мазкур конференция 6 йўналиш, яъни туризм, ижтимоий ҳаёт, IТ, экология, иқтисодиёт ва ҳуқуқ йўналишлари бўйича иш олиб бориши режалаштирилган.

Конференциядан кўзланган мақсад – Осиё ёшлари биргаликда ўзаро фикр алмашиш, дўстлашиш, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳисобланади. Унда ёшлар ўз лойиҳалари билан иштирок этадилар. Конференцияда кўрсатилган йўналишлар бўйича мавжуд муаммоларни ўрганиб таҳлил қилиш ва соҳани янада ривожлантириш бўйича инновацион ғоя ва таклифлар бериш, муносиб деб топилган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, турли хил маданий тадбирлар орқали мамлакатлар ўртасидаги дўстлик алоқаларни мустаҳкамлаш назарда тутилган.

Ёшлар – миллат келажаги. Биз ўйлаймизки, ушбу конференция ёшларни юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, янги билимларни эгаллашга бўлган иштиёқини ошириш ва ҳаётда ўз ўринларини топишларида муҳим аҳамият касб этади.

Гоззал Жалгасова,

Бердақ номидаги

ҚДУ талабаси.