Айни кунларда республикамиз ҳудудларида экин майдонларини суғориш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Вегетация даври, яъни ғўза майдонларини суғоришда мавжуд сув ресурсларидан оқилана фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз, бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига мурожаат қилдик.
Вазирликдан олинган маълумотларга кўра, 2019 йилнинг вегетация даври учун Қорақалпоғистон Республикаси туманларида қишлоқ хўжалик экин майдонларини суғориш ва иқтисодиёт тармоқлари учун жами манбадан 5 млрд 555 млн.м3 сув лимити ажратилган. Бугунги кунда жами манбадан 532,4 м3/сек, шундан, суғориш ишларига 517,3 м3/сек сув олиниб, жорий йил ҳосили учун белгиланган график асосида экин майдонлари суғорилмоқда. Шундан бир кунда ўртача 7 минг 666 гектар ғўза майдонларида суғориш ишлари олиб борилаётган бўлса, 3350 гектар шоли, 555 гектар такрорий экинлар, 4410 гектар томорқа ҳамда 5721 гектар майдондаги бошқа экинлар суғорилмоқда.
Сувга “обиҳаёт” дея таъриф беришади, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ж.Узақов. — Минг шукрки, бу йил мана шу ҳаёт манбаига, тирикликка қиёсланган сув дарёмиздан меъёрида келиб турибди. Фермер ва деҳқонларимиз экин майдонларини суғоришда деярли муаммоларга учрамаяпти. Лекин, биз учун сувдан мақсадли ва самарали фойдаланиш энг муҳим масала бўлиб, ҳар доим диққат эътиборимизда бўлади, албатта.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 декабрдаги “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур қарорда пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилишдаги имтиёзлар ва қарор мазмун моҳияти барча фермер хўжаликлари раисларига етказилди. Агробанк томонидан 399 гектар пахта хом ашёсини етиштирадиган майдонларда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун кредит олиш истагини билдирган 27 та фермер хўжалигига умумий қиймати 7 млрд. 36 млн. сўмлик кредит маблағлари ажратилиб, томчилатиб суғориш технологиясини қуриб берувчи пудрат ташкилотлар ҳисоб рақамларига ўтказиб берилди.
Бугунги кунда республика туманларида ғўза майдонларини ўз вақтида ва сифатли суғориш ишлари қизғин давом қилмоқда. Бу муҳим тадбирга сув хўжалиги ташкилотлари раҳбар ходимлардан масъуллар бириктирилиб, туманлардаги ҳар бир секторда жами 60 та суғориш штаблари ташкил этилди. Шунингдек, туман ирригация бўлимларида мутахассислардан иборат компьютер билан жиҳозланган ва интернет тармоғига уланган 15 та марказий суғориш штаблари фаолияти йўлга қўйилди.
Экилган ғўза майдонларини сифатли суғориш ва етказиб берилаётган сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда суғоришни куну-тун ташкил этиш мақсадида 188 та суғориш отрядлари ташкил этилди. Ушбу отрядларга сув хўжалиги ташкилотларидан 1 минг 540 нафар малакали сувчилар, 154 нафар СИУ ходимлари ва 16 минг 408 нафар фермер хўжаликлари ишчилари бириктирилиб, жами 18 минг 102 нафар сувчилар экин майдонларини суғориш тадбирларида иштирок қилмоқдалар. Улар зарур шарт-шароит яратиш учун керакли анжомлар билан тўлиқ таминланди. ўза майдонларини фақат шарбат усулида суғориш ҳам куннинг муҳим масаласига айланган. Шу мақсадда ҳар бир 5 гектар ғўза майдонига 1 донадан жами 17 минг 258 дона хандак ураларини қазиш ишлари амалга оширилмоқда.
Дала режими асосида барча сувчилар фермер хўжаликлари раҳбарлари ишчилари билан тўлиқ дала бошида бўлиши таъминланиб, иссиқ овқатлар ташкил этилмоқда.
Ҳудудларда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда ва экин майдонларнинг ҳолатини сақлашда ирригация-мелиорация тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш муҳим аҳамият касб этади. Жорий йилда тегишли қарор ва дастурларга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 19 та жами 116,8 км узунликдаги мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Бунга 34 млрд. 673,8 млн. сўмлик маблағ ажратилган. Шунингдек, 46 объектда жами 1478,3 км узунликдаги коллекторларни таъмирлаш ва тиклаш ишлари режалаштирилиб, бу ишларга 31 млрд. 765 млн. сўм маблағ ажратилган.
Мелиорация тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш, тиклаш ва таъмирлаш ишларини бажариш орқали республикамиз ҳудудларидаги 52 минг 719 гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиши, ер ости сизот сувларнинг сатхи 1,5-2 метргача пасайишига эришилиши назарда тутилган. Шунингдек, бу тадбирлар натижасида ерларнинг шўрланиш даражаси камайиб, экин майдонларнинг ҳосилдорлиги яхшиланишига, пахтадан олинадиган ҳосилдорлик 2-3 центрнерга, буғдойдан олинадиган ҳосилдорлик 3-5 центрнерга ошишига замин яратилади.
Ҳудудлардаги экин майдонларини ўз вақтида суғориш учун ирригация тармоқлари соз бўлиши лозим. 2019 йилда 23 та ирригация тармоқларининг 63,8 км узунликдаги каналларини реконструкция қилиш, сел тошқин объектлари ва сув омборини қуриш ишлари учун 135 млрд. 421 млн. сўм маблағ ажратилди.
Маълумки, Президентимизнинг “Обод қишлоқ” дастурини 2019 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, республикамиз ҳудудларида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра “Обод қишлоқ” дастурида қишлоқ аҳоли пунктларидаги ирригация ва мелиорация объектларида таъмирлаш тиклаш, қуриш ва реконструкция қилиш ишларини бажариш ҳам назарда тутилган.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси туманларида 2019 йилнинг “Обод қишлоқ” дастури доирасида Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1129,8 млн. сўмлик 94,1 км узунликдаги хўжаликлараро каналларни таъмирлаш ва тозалаш, 8949,4 млн. сўмлик 242,4 км узунликдаги мелиорация объектларини қуриш, таъмирлаш тиклаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағлари ҳисобидан 3179,5 млн. сўмлик 19,4 км узунликдаги хўжаликлараро каналларни қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш белгиланган.
Ғ.ОТАЖОНОВ.