МАЪНАВИЯТЛИ ЁШЛАР – ЮРТ КЕЛАЖАГИ


Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ҳамда Президентимизнинг 5 та ижобий ташаббуси ижросига йўналтирилган қатор тадбирлар ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб Хўжайли туманида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Ҳудудда жорий йилнинг ўтган даврида беш нафар ёш тадбиркор 980 миллион сўмлик имтиёзли кредит билан таъминланди. Жумладан, дастур асосида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси Хўжайли туман филиалидан имтиёзли 300 миллион сўм кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаган якка тартибдаги тадбиркор Муҳаммет Жолдасов мебель ишлаб чиқариш цехини очди. Бу ерда 6 нафар ёш доимий иш билан таъминланди. Ёш тадбиркор томонидан ишлаб чиқарилган мебеллар Хўжайли деҳ­қон бозоридаги махсус дўкон орқали сотилмоқда. Яна бир ёш тадбиркор Гулноза Кадирова эса филиал томонидан ажратилган 700 миллион сўм кредит эвазига автомобилларга техник хизмат кўрсатадиган “Avto servis Xojeli” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этди. Бугунги кунда 20 нафар ёш доимий иш билан таъминланди.

Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали қошидаги академик лицейда “IT” йўналиши бўйича маҳорат дарси ўтказилди. Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактабида ёшлар ижодиёти санъат кўргазмаси ташкил этилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Нукус шаҳар кенгаши томонидан “Ҳунарманд” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазмада 80 нафар фаол ва иқтидорли йигит-қизнинг маҳсулотлари намойиш этилди.

Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида “Ёш китобхон” кўрик-танловининг мамлакат босқичи ғолиби Нурсулув Қоканова иштирокида китобхонликка бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир иштирокчилари ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда ҳарбий ­қисмларда ҳам бўлишди.

Шунингдек, тадбирлар доирасида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳарбий қисмларининг “Амир Темур издошлари”, “Адолат” ва “Тинчлик пос­бонлари” жамоалари, Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий қисм­нинг “Лочин”, Миллий гвардияга қарашли ҳарбий қисмнинг “Ёш гвардиячилар”, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий қисмининг “Сарҳад” ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси “Божхоначилар” жамоалари ўзаро ­баҳслашди. Қизғин баҳс ва мунозараларга бой ўтган “Билимдонлар аренаси”да адабиёт, санъат, тарих фанларидан мантиқий саволлар ўртага ташланиб, жамоаларнинг билими синовдан ўтказилди.

­олиб ва фаол иштирок этган жамоаларга диплом, эсдалик совғалари берилди.

Нукус шаҳри “Йўлчилар” маҳалла фуқаролар йиғинида мини-футбол бўйича “Ёшлар кубоги” бўлиб ўтди. Мусобақа якунида Тошкент давлат аграр университети Нукус филиалининг “Ёшлар” жамоаси биринчи, Нукус шаҳридаги “Саманбой” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Дўстлик” жамоаси иккинчи, Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиалининг “СамВМИ” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири.