МАҚСАД — ТЕСТ СИНОВЛАРИНИ АДОЛАТЛИ ВА ШАФФОФ ЎТКАЗИШ


Айни кунларда мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларда ўқиш истагини билдириб, ҳужжатларини рўйхатдан ўтказган абитуриентлар тест имтиҳонларида иштирок қилмоқдалар. Сўнгги йилларда ўқишга қабул қилишда, тест жараёнларини ўтказишда  адолат ва шаффофликни таъминлашга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган йилдан бошлаб абитуриентлар замонавий видео кузатув мосламалари ўрнатилган катта сиғимли хоналарда тест имтиҳонларини топшириши амалиёти жорий қилинди.

Биз, жорий йилда бу борада амалиётга татбиқ қилинаётган янгиликлар, Қорақалпоғистон Республикасидаги олий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдириб, ҳужжатларини рўйхатдан ўтказган абитуриентлар сони ва ўтказилаётган тест жараёнлари ҳақида маълумот олиш ва жараёнларни бевосита кузатиш мақсадида Нукус шаҳридаги тест имтиҳонлари бўлаётган биноларга ташриф буюрдик.

Жорий қабул мавсумида Қорақалпоғистон Республикасидаги  9 та олий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдириб, ҳужжатларини рўйхатдан ўтказган абитуриентлар сони 63 минг 764 нафарни ташкил этди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Музаффар Абдуллаев. — Бу ўтган йилги абитуриентлар сонига таққослаганда бир ярим баробар кўпроқ. Шулардан тест синовларида иштирок қиладиган абитуриентлар сони 52 минг 145 нафарни ташкил қилади. Жорий йилги тест синовлари тегишли қарор ва Низом талаблари асосида 29 июлдан бошланди. Абитуриентларни белгиланган муддатларда тест синовларида иштирок қилишларини таъминлаш мақсадида Давлат тест маркази шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда барча ташкилий ишлар амалга оширилди.

Жумладан, ҳар бир абитуриент алоҳида парта, ручка, ичимлик сув билан таъминланди ҳамда хоналарга мўътадил ҳароратни сақлаб турувчи жиҳозлар, тест жараёнларини адолатли ва шаффоф ўтаётганлигини кузатиб бориш учун видео кузатув мосламалари ўрнатилди.

Кўпчиликнинг хабари бор жорий йил абитуриентлар тест имтиҳонларга кириш рухсатномаларини интернет тармоғи орқали юклаб олиб, яъни компьютер принтеридан қоғоз шаклини чиқариб, имтиҳонларга ўзлари олиб келиши белгиланган. Бу янгилик бўлганлиги учун айрим абитуриентларда ушбу махсус рухсатномани интернет тармоғи орқали юклаб олиш имконияти бўлмаган бўлиши мумкин. Шунинг учун тест синовлари бўладиган бинолар атрофига яқин жойларда олий таълим муассасаларининг сайёр қабул комиссиялари ташкил қилинди ҳамда улар абитуриентларга ушбу рухсатномаларни олишда ёрдам кўрсатади.

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида тест синовлари иккита ҳудудда 6 та бинода ўтказилиши белгиланган. Уларнинг тўрттаси биринчи ҳудудда яъни, Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорати мактабида жойлашган. Ушбу ҳудудда бир вақтнинг ўзида 840 нафар абитуриентлар иштирок қилади. Иккинчи ҳудуд Нукус ихтисослаштирилган  олимпия резервлари мактаб-интернатида бўлиб, у ерда иккита бинода абитуриентлар имтиҳон топширмоқдалар. Мазкур иккинчи ҳудудда бир сменада ҳар бир спорт залида 450 нафардан жами 900 нафар абитуриент тест синовларини топширмоқда.

Ҳар йили тест имтиҳонлари бўлаётган бино атрофида юзлаб ота-оналарни учратиш мумкин эди. Жорий йилда абитуриентлар сони йилдагига нисбатан анча кўплиги айтилаётган бўлсада, бино атрофида ота-оналар камлигини кўриб, ажабландик ва бу ҳолат бўйича ҳам масъуллардан сўрадик.

Давлат тест маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Музаффар Абдуллаевнинг таъкидлашича, ўтган йилги тест имтиҳонлари пайтида ичкаридаги имтиҳон жараёнларини ота-оналар махсус мониторлар орқали кўриб, кузатиб борган эдилар. Жорий йилда Давлат тест маркази ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорликда ота-оналар учун бу каби шароитларни янада кенгайтирди. Натижада айни кунларда ота-оналар тест имтиҳонлари жараёнларини уйида, иш хонасида ўтириб, онлайн режимида test2019.uz сайти орқали кўриб, кузатиб бориш имконияти яратилди. Ҳаттоки, юртдошларимиз мобиль телефонлари орқали ҳам мазкур тест имтиҳонларини кузатиб боришлари мумкин. Шунингдек, фарзандлари билан бирга келган ота-оналар учун тест синовлари бўлиб ўтадиган бинога яқин жойлашган таълим муассасаларининг спорт залларига катта мониторлар ўрнатилиб, тест жараёнларини бевосита кузатиб бориш имконияти яратилган. Хусусан, биринчи ҳудудга Нукус шаҳридаги 5-умумтаълим мактаби ва иккинчи ҳудуд бўйича  тест имтиҳони бўлиб ўтаётган ҳудудга яқин бўлган академик лицей спорт залларига махсус жиҳозлар ўрнатилиб ота-оналар учун қулай шароитлар яратилган.

Ҳозирги ахборот технологиялари даврида зукко ота-оналар кундалик ҳаётимиздаги янгиликлардан жуда тез хабар топишмоқда. Айниқса, фарзандлари тест имтиҳонларида иштирок қиладиган ота-оналар жараён­ларни онлайин режимида кузатиш имконияти туғилганидан миннатдорликларини айтишмоқда. Ташқарида ота-оналарнинг нисбатан камлиги ҳам уларга ана шу интернет тармоғи ор­қали тест жараёнларини кузатиш имконияти яртилганлигидан бўлса керак.

Биз, бинонинг абитуриентлар имтиҳон топшириб чиқаётган томонига ўтиб, ота-оналар ва синовлардан чиққан абитуриентлар билан ҳам суҳбатлашдик.

Айни кунларда бўлиб ўтаётган тест имтиҳонлари бутун оиламизни ҳаяжонга солмоқда, — дейди Амударё туманидан келган ота-оналардан бири Жамила Искандарова. Қизим Лайло Қўшимбетова ўтган йили ҳам ўқишга ҳужжат топшириб, тест синовларида кириш балига 3 балл етмай қолганди. Бир йил тиним билмай ўқиди, тайёрланди. Ўғлим Дастонбек ҳам бугун кейинги сменада тест имтиҳонларига киради. Эрталаб тест имтиҳонлари бошланиши билан ота-оналар учун мўлжалланган жойда монитор орқали жараён­ларни кузатиб ўтирдик. У ерда жуда яхши шароитлар қилинган экан. Энди қизимни чиқадиган вақти яқинлашди шунга  ҳаяжон билан кутиб, бино олдига келдик.

Шу маҳал қизини табриклаётган она эътиборимизни тортди.

Тест имтиҳонларини топшириб чиқдим, —  дейди қўнғиротлик Турсиной Аманбергенова.  — Бу имтиҳонга анча тайёргарлик кўрган эдим. Назаримда анча мисолларни тўғри ечдим ва насиб қилса, талаба бўламан. Қизининг ҳаяжон билан гапираётган ушбу гапларидан руҳланган онаси Гулбаҳор Айтбаева тест имтиҳонларини мана шундай адолатли ва шаффоф ўтказаётган ташкилотчиларга ўз миннатдорлигини билдирди.

Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари сингари Қорақалпоғистон Республикасида ҳам тест имтиҳонлари 29 июль куни бошланди. 13 августгача давом қилиши назарда тутилган. Бунинг учун барча ташкилий ишлар қилинган. Абитуриентлардан  ўз вақтида, яъни, махсус рухсатномасида кўрсатилган манзил, кун ва вақтда паспорти билан келиши талаб қилинади.

Ҳа, тест имтиҳонларини адолатли ва шаффоф ўтказиш давлат аҳамиятидаги энг муҳим вазифалардан биридир. Негаки, ана шу жараён орқали ёшлар орасидан энг билимли ва салоҳиятлилари танлаб олинсагина, мамлакатнинг эртанги тараққиётини кафолатли таъминлайдиган, етук кадрлар етишиб чиқади.

Ғайратжон ОТАЖОНОВ.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.