— Чет элдаги танишим яхшигина иш таклиф қилаяпти. Маоши ҳам айнан биз кутгандек. Прописка, иссиқ овқат, ётоқ жой барчасини таъминлаб берар экан.
— Чинданми?! Бизга ойлик маошимизни тўғрилаб берса бўлгани, қолганини бир амаллаймизда. Қачон йўлга чиқамиз? Нарсаларимни аллақачон тахт қилиб қўйганман.
— Бироз шошилма, ўзим айтаман. Яна, ишинг юришмай қолиб мени сўкиб юрма. Мен фақатгина айтдим холос. Бориш-бормасликни ўзинг биласан.
— Йўғ-ей, нималар деяпсан, қўшни. Албатта бораман. Ахир сен айтаяпсанку, ишончли жой экани аниқ.
Ҳа, бу икки қадрдоннинг ўзаро суҳбати ҳеч кимда шубҳа уйғотмаслиги аниқ. Ахир, иш жойи тайин, маоши ҳам ҳамёнбоп, қолаверса, 20 йиллик қўшни бўлса… Аммо, сафарга чиқишдан олдин бироз шошилманг. Обдон ўйлаб кўринг. Сизга мўмайгина даромад таклиф қилаётган таниш-нотаниш ёки яқин дўстингиз сабаб қулликка тушиб қолманг.
Дарҳақиқат, бугунги кундаги энг долзарб муаммолардан бири бу одам савдоси жиноятидир. Бутун дунё ушбу муаммога қарши курашаётган бўлса ҳам афсуски ҳали ҳануз орамизда мазкур иллат қурбони бўлаётган фуқароларимиз йўқ эмас.
Маълумки, жорий йил 30 июль куни Президентимизнинг “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти, унда белгилаб берилган вазифалар нималардан иборат? Одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Ушбу иллатдан жабрланганларга қандай ёрдамлар кўрсатилади? Биз шу каби саволлар билан «Истиқболли авлод» ҳамда “Исеним” ахборот-маърифий ресурс маркази директори Наталья Абдуллаевага мурожаат қилдик.
— Наталья Григорьевна, айтингчи, Президентимиз томонидан қабул қилинган мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти, унда белгилаб берилган устувор вазифалар нималардан иборат?
— Президентимизнинг “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони аввало, мамлакатимизда яшаб, меҳнат қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Маълумки, сўнгги йилларда ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, шу жумладан одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилди. Таъкидланганидек, одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш, шундай жиноятлар қурбонига айланган фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда. Болалар меҳнатига барҳам берилди, қишлоқ хўжалиги ишлари, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш даврида катталарнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш бўйича мисли кўрилмаган чора-тадбирлар амалга оширилди.
Мазкур фармонда, Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинган ҳамда унинг асосий вазифалари белгилаб берилган. 2019-2020 йилларда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”)ни ишлаб чиқиш назарда тутилган. Шунингдек, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи институти таъсис этилади. Айтиш жоизки, бу каби чора-тадбирлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.
— Маълумки, «Истиқболли авлод» ҳамда “Исеним” ахборот-маърифий ресурс марказининг ҳам фаолияти кенг қамровли. Айтингчи, одам савдосига қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида Марказ томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Одам савдоси муаммоси бугунги кундаги энг оғир жиноятлардан бири бўлиб, бутун дунёда бунга қарши чоралар кўрилмоқда. «Истиқболли авлод» ҳамда “Исеним” ахборот-маърифий ресурс марказининг асосий фаолияти одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш, оқибатларини юмшатиш, жабрланган шахсларга ижтимоий, психологик ҳамда ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатиш, ушбу иллат қурбонига айланган ватандошларимизни ўз юртига қайтириш, фуқаролар ҳорижда қандайдир сабабларга кўра ҳужжатларини йўқотиб қўйган бўлсалар уларни қайта тиклашга кўмаклашиш, бир марталик сертификат олиш, хорижий давлатларнинг қонунлари, анъана ва дастурлари билан яқиндан таништириш, бир сўз билан айтганда зўравонликнинг барча турларига қарши курашда яқиндан ёрдам беришдан иборатдир.
— Асосан, ушбу марказга кимлар ва қандай ҳолатларда мурожаат қилишади?
— Марказимизга асосан, одам савдосидан жабр кўрган фуқаролар мурожаат қилишади. Яъни, кўпчилик ҳолатларда хорижий давлатларга иш билан кетиб, одам савдоси қурбонига айланиб қолган шахснинг яқинлари ёрдам сўраб мурожаат қилишади. Хорижий давлатларга чиқиш нияти бўлган фуқаролар ўша мамлакатнинг қонунлари, дастурлари, шунингдек, ўша давлатда бирор бир кўнгилсиз ҳодиса рўй берса элчихоналарнинг телефон рақамлари ва бошқа меҳнат мигрантларига ёрдам бериш марказларининг манзиллари ҳақидаги маълумотларни ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар ва ёрдамлар сўрашади.
— Одам савдоси қурбони бўлган шахснинг яна қайта шу ҳолатга тушиб қолмаслиги учун қандай тарғибот ишлари олиб борилмоқда?
— «Истиқболли авлод» ҳамда “Исеним” ахборот-маърифий ресурс марказининг доимий эътибордаги масалалардан бири ҳам айнан шу. Яъни, йўлдан адашган, жабрланган шахсларга ёрдам бериб, уларни тўғри ҳаётга қайтаришдир.
Бугунги кунда марказимиз томонидан ушбу иллат домига тушиб қолган фуқароларга турли хил ёрдамлар кўрсатилмоқда. Жумладан, юқори малакали психолог, юрист, ижтимоий ходимларимиз томонидан вазият ўрганилади. Шахснинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, ёрдам тури аниқланади ҳамда шу соҳа бўйича тегишли ёрдам кўрсатилади. Бундан ташқари, одам савдоси қурбони бўлмаган, аммо хорижий давлатларда маъмурий жавобгарликка тортилган (депортация) фуқароларга ҳам ёрдам кўрсатилади.
Масалан, кимдир уста дурадгор бўлсаю иш бошлаши учун керакли асбоб-анжомлари бўлмаса, ёхуд қўлидан тикиш-бичиш, турли хил пишириқлар пишириш келсаю аммо керакли жиҳозлари бўлмаса марказ томонидан уларга ушбу керакли воситалар олиб берилади. Энг муҳими, ушбу жиҳозлар учун ҳеч қандай тўлов амалга оширилмайди.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, марказимиз одам савдосининг ҳар хил кўринишларига қарши курашиш бўйича ахборот ресурс маркази ҳисобланади. Марказ томонидан турли хил плакатлар, флайерлар, визиткалар, видеороликлар тайёрланиб, аҳоли гавжум жойларда акция ўтказилмоқда. Оммавий ахборот воситаларида тарғибот ишларини юритаяпмиз. Шунинг натижасидир балки, одам савдоси бўйича жабрланганлар сони кескин камаймоқда.
— Бугунги кунда одам савдоси муаммоси олдинги йилларга қараганда анча камайгандек, назаримизда. Айтингчи, жорий йилда нечта фуқарога ёрдам кўрсатилди?
— Марказ томонидан ҳозирги кунга қадар 50 нафар шахсга хорижий давлатлардан юртимизга қайтишда ёрдам кўрсатилди. Буларнинг аксарият қисми Қозоғистон Республикаси ҳамда Россия Федерацияси давлатидир. Ушбу фуқаролар эҳтиёжидан келиб чиқиб, айримлари реабилитация марказига ётқизилган бўлса, айримларига таъкидланганидек, ижтимоий ҳамда бошқа ёрдамлар кўрсатилмоқда. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳаттоки айрим жабрланувчи фуқароларга ҳокимият, Хотин-қизлар қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда турар жой ҳам ажратиб берилмоқда.
— Шу ўринда яна бир савол туғилмоқда. Айтингчи, фаолиятингиз давомида қайси муассаса ёки идоралар билан ҳамкорликда иш олиб борасиз?
— Биласизми, ҳар қандай иш самарадорлигига эришишда албатта ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳамкорлик ўз натижасини беради. Биз ҳам фаолиятимиз давомида республикамиздаги дерлик барча корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Яъни, жорий йил бошидан республикамизда фаолият юритаётган барча вазирликлар билан бирга ишлашиш ҳамда маълумотлар алмашиш бўйича меморандум тузилган. Айни пайтда бу борадаги ишлар ўз самарасини бермоқда.
— Биласизми, одатда билими суст, ҳуқуқий тушунчага эга бўлмаган фуқаролар ушбу иллатдан кўпроқ жабр кўради. Ачинарлиси, улар одам савдоси қурбони бўлаётганликларини ўзлари ҳам англаб етишмайди ёки расмий идораларга мурожаат қилишга ийманади. Айтингчи, мана шундай жабрланган фуқаролар дастлаб нима қилишлари ёки қаерга мурожаат қилишлари лозим?
— Дарҳақиқат, марказимизга келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиб кўрганимизда кўпчилик мурожаатлар фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, билими сустлигидан келиб чиққанлигининг гувоҳи бўлаяпмиз. Яъни улар билиб-билмай ушбу иллат қурбони бўлиб қолмоқдалар. Шу ўринда Марказимизга келиб тушган бир мурожаат ҳақида келтириб ўтсам. Қўшни Қозоғистон Республикасига кўпдан буён бориб ишлаб келаётган бир фуқаро 5 нафар қўшнисини ҳам “иш бор, фақатгина қўл кучи керак” дея Қозоғистонга ўзи билан бирга олиб кетади. Иш бошқарувчи томонидан беш нафар фуқаронинг йўл ҳақи, ишга руҳсатнома олиши, рўйхатга ўтиши (прописка) каби ҳаражатлари қопланади. Усталарга нақшли шифтларни қуриш вазифаси топширилади. Аммо улар “бизга қўл кучи керак деган эди, ҳеч биримизнинг қўлимиздан бунақанги иш келмайди” дейишади. Буюртмачи эса ҳамма иш якунланганини, ҳаражатлар қопланганлигини, йўқса шу пулларни қайтариб беришларини талаб қилади. Илгари ушбу давлатга чиқиб кўрмаган ватандошларимиз айланма йўллар орқали чегарани бузиб Ўзбекистонга қайтиб келишади. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади. Ушбу фуқаролар кетишдан олдин маслаҳатлашиб, озгина фикр юритганида балки муаммолар гирдобида қолмас эди. Қаерга боришини, нима иш қилишини, кутилмаган ҳолатлар юз берганида кимга ва қаерга мурожаат қилишларидан хабардор бўлганларида балки бу каби оворагарчиликлар бўлмасди.
— Мана 10 йиллик фаолиятингиз давомида Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловларида ўз лойиҳаларингиз билан иштирок этиб ғолиб бўлганингиздан хабардормиз. Айтингчи, ушбу грант лойиҳалари доирасида одам савдосига қарши курашиш ва унинг олдини олиш, ушбу иллат гирдобига тушиб қолган, ундан жабрланган фуқароларга ёрдам кўрсатишда қандай натижаларга эришдингиз?
— Бизнинг асосий мақсадимиздан бири жамиятда соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, оилаларда маънавий муҳит барқарорлигига эришишдир. Ўтган йили лойиҳа доирасида Чимбой туманининг Бердақ овул фуқаролар йиғини аҳолиси билан йирик тадбирларни амалга оширдик. Жумладан, аҳоли билан юзма юз мулоқотлар ўтказилиб, уларни қийнаб келаётган муаммолари ижобий ҳал этилди, мутахассислар томонидан ҳуқуқий мазмундаги саволларига жавоблар берилди. Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, меҳнат мигрантларининг оила аъзоларига ёрдам бериш, коллеж битирувчи ёшларини ишга жойлаштириш, ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган хотин-қизлар ва ёшларга банк томонидан имтиёзли кредитлар ажратишда ёрдам кўрсатилди. “Иффатли келин” ўқув маркази мутахассислари томонидан кондитер маҳсулотлари, стол безаш, тикиш, бичиш каби турли хил ҳунарлар бўйича маҳорат дарслари ўтказилди. Ҳозирги кунда ҳам ушбу грант лойиҳаси доирасида Мўйноқ туманида тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўйлаймизки, бу каби лойиҳалар аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқий, тиббий, маданий савиясини оширишга, дунёқарашини кенгайтиришга кўмаклашади. Зеро, одам савдоси қурбони бўлмаслик учун аввало инсон ўзида мустаҳкам ирода, ишонч ва етарлича билимга эга бўлиши лозим.
— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!
Феруза Нуруллаева,
суҳбатлашди.