Ўтган якшанба куни республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида, олис овулларда муборак Қурбон ҳайити байрами кенг нишонланди.
Шу муносабат билан Нукус шаҳридаги Имом эшон Муҳаммад жоме масжидида ҳайит намози ўқилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов йиғилганларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан байрам билан табриклаб, Президентимиз раҳбарлигида муқаддас динимизни улуғлаш, унинг олий фазилатларини тарғиб қилиш, халқимизнинг диний билимларини ошириш, масжид ва мадрасалар, диний таълим муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликлар хусусида тўхталиб ўтди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауатдинов республикамиздаги барча мусулмонларни табриклаб, Қурбон ҳайитининг аҳамияти, уни ўтказиш тартиби, қоидалари тўғрисида кенг маълумот берди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 августдаги “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида республикамизда кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган шахсларга, фахрийларга, шунингдек, “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига, мурувват уйларига, махсус мактаб-интернатларига моддий ёрдамлар кўрсатилди. Тадбир давомида 218 та қабристон, 3 та муқаддас зиёратгоҳ ободонлаштирилди.
Президентимизнинг муборак Қурбон ҳайити муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригида таъкидланганидек, сўнгги йилларда миллий-диний қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, эътиқод эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, турли миллат ва элатлар ўртасида тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳити тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
Республикамиздаги барча 50 та жоме масжидларида ҳам Қурбон ҳайити намози ўқилди. Уларда жами 19 мингдан ортиқ киши иштирок этди.
Ҳайит намозидан чиққан юртдошларимиз бир-бирини байрам билан табриклаб, юртимизга тинчлик, халқимизга мўл разқ-насиба тиладилар.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги
шаҳрловчиси.