Президент ташрифи юксак марраларга руҳлантирди — дейишмоқда «Мўйноқ порлоқ текс» тикувчилари


Президентимизнинг Мўйноқ туманига бўлган ҳар бир ташрифи мўйноқликлар ҳаётида келажакка ишонч, умид уйғотиб, гўзал ва бахтли ҳаётга йўл очиб бермоқда. Мўйноқ туманини жадал комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида бир қатор объектлар фойдаланишга топширилди. Жумладан, туман марказида 800 ўринли амфитеатр, давлат хизматлари маркази, мусиқа ва санъат мактаби, спорт зали, ёпиқ бассейн қурилди, маданият маркази ва стадион, «Бозатау» овул фуқаролар йиғинидаги оилавий поликлиника реконструкция қилинди.

Давлатимиз раҳбари бу галги ташрифи доирасида «Мўйноқ порлоқ текс» масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, корхона фаолияти билан танишди ҳамда шу ерда меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан суҳбатда бўлди. Биласизми, Давлатимиз раҳбарининг корхона аёллари билан бўлган суҳбати мўйноқлик хотин-қизларни янада юксак марраларга руҳлантирди ва ишга янада масъулият билан ёндашишга чорлади. Айниқса, корхонанинг ишга тушиши узоқ йиллар уйда ўтирган, бола парвариши билан банд бўлган, чет давлатларга иш излаб кетган, умуман жамиятга аралашмаган хотин-қизлар ҳаётига, оиласига қувонч, барака, фаровонлик олиб кирди. Мазкур тикувчилик корхонаси жорий йил июль ойида ўз фаолиятини бошлади. Ҳозирги кунда корхонада 350 нафар киши иш билан таъминланган. Эътиборлиси, ишчиларнинг 91 фоизини хотин-қизларимиз ташкил этмоқда. Ушбу корхонада Шўманой туманидан ҳам аёллар келиб ишламоқда. Замонавий тикув машиналари ўрнатилган янги корхона йилига 1 миллион дона тайёр тикувчилик ва трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозирги кунда чойшаб, кўрпа жилдлари ва махсус иш формалари тикилмоқда. Бу ерда ишчилар учун барча шароитлар яратилган. Кутубхона, тиббиёт, дам олиш хоналари мавжуд, ишчилар  иссиқ овқат ҳамда ишга келиб-кетишлари учун автобус билан таъминланган. Корхонада ташкил этилган савдо дўконидан аҳоли, шунингдек, чет эллик туристлар мамнун бўлмоқда.

Биз туманимизда амалга оширилаётган мана шундай улуғ ва самарали ишлар натижасида Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга, айниқса Мўйноқ халқига бўлган чексиз меҳр-эътиборини, ғамхўрлигини ҳис этамиз.

Бугунги кунда Мўйноқ туманида истиқомат қилаётган 31 минг­га яқин аҳолининг 14 мингдан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади.

Мен фаолиятим давомида хотин-қизлар турмуши, уларнинг муаммолари, жойлардаги ечимини кутаётган масалаларни ўрганиб, таҳлил қилар эканман, сўнгги икки йил ичида мўйноқлик хотин-қизлар ўз ҳаётларидан мамнун, кўнгли тўлиб яшаётганликларини алоҳида мамнуният билан эътироф этмоқчиман.

Зияда Утегенова,

Мўйноқ тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси.