Қораўзак туманида Нукус шаҳри, Қораўзак, Кегейли, Нукус, Амударё, Шўманой, Қонликўл, Қўнғирот, Хўжайли, Элликқалъа, Чимбой ҳамда янгидан ташкил этилаётган Бўзатов туманларидаги кам таъминланган 30 та оилага Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳомийлигида янги уй-жойларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Ҳамраев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси У.Жалменов, Қораўзак тумани ҳокими Р.Жумабаев йиғилганларни давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами билан табриклаб, Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилалар, ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар борасида тўхталиб ўтишди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 –сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламдаги ҳайрия тадбирлари амалга оширилмоқда.
Бу борада манзилли дастур ишлаб чиқилиб, унда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 112 та оилани янги уй-жой билан таъминлаш, 560 оиланинг уй-жойларини таъмирлаш, 192 оилага тиббий хизмат кўрсатиш, 3444 оилани электр хўжалик буюмлари билан таъминлаш назарда тутилган. Шу мақсадлар учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 17 миллиард 511 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.
Шундан бугунги кунга қадар 3444 оила 3 миллиард 125,6 миллион сўмлик электр хўжалик буюмлари билан таъминланди. Республикамиз бўйича 190 нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилди. Бунинг учун 731 миллион 734,2 минг сўм пул маблағлари ажратилган. Шу йилнинг февраль ойида Тахтакўпир туманида 6 та, март ойида Тахиатош тумани республикамиз бўйича 60 та, июнь ойида Тўрткўл туманида 5 та, жами 71 та кам таъминланган оилага уй-жойлар топширилган эди. Бугун ушбу эзгу ишларнинг давоми сифатида 30 та оилага уйларнинг калитлари топширилмоқда. Бундай тадбирлар юртимизда “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида ўтказилаётгани аҳамиятлидир.
Янги уй-жой эгаларидан Қораўзак туманидан Ольга Аймуратова, Кегейли туманидан Базарбай Ержанов, Элликқалъа туманидан Юлдуз Атамуратова ва бошқалар сўзга чиқиб, кам таъминланган оилаларга, ёрдамга муҳтож ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
— Уйим ёниб кетганлиги боис, болам, келиним, набираларим билан шу кунга қадар ижарада яшаб келдим, — дейди Нукус тумани “Қутанкўл” маҳалла фуқаролар йиғинидан Зинахон Султамуратова. — Менинг оилавий аҳволимни эътиборга олиб, касаба уюшмаси томонидан беш хонали уй олиб берилди. Юртимизда ёрдамга муҳтож оилалар доимо давлатимиз ҳимоясида экан. Бундай ғамхўрлиги учун Президентимизга чин дилдан рахмат айтаман.
Элликқалъа тумани “Дўстлик” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Юлдуз Атамуратовага янги уйнинг калити топширилганида кўзига ёш олмаган инсон бўлмаса керак. Биринчи гуруҳ ногирони бўлган Юлдуз бир нафар укаси билан ота-онасиз қолган. Яқинда туман ҳокимлиги укасининг никоҳ тўйини ўтказиб берди. У ҳам ўзи истиқомат қилаётган ҳудудда янги уй билан таъминланди.
Иштирокчилар янги уйларда яратилган шароитлар билан танишди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.