ЮКСАК МАЪНАВИЯТ – ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ КЎЗГУСИДИР


Ўзбекистон Республикаси мус­тақиллигининг 28 йиллиги байрами арафасида  Хоразм вилояти Урганч шаҳрида «Маънавият фестивали» тадбири доирасида бўлиб ўтган “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” кўрик-танловининг  мамлакат босқичида ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими сектор раҳбари, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, юридика фанлари номзоди Хожабай Қабулов ғолиб бўлган эди. Биз уни қўлга киритган ютуғи билан табриклаб, бу борада амалга оширилаётган тадбирлар  доирасидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдик.

— Бугунги кунда маънавият масаласи ҳаётимизнинг барча жаб­ҳаларида  муҳим ўрин тутмоқда, — дейди танлов ғолиби Х.Қабулов. — Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори натижасида, халқимизнинг маънавий ҳаётида кенг қамровли  ислоҳотлар ва туб ўзгаришлар амалга оширилиб келинмоқда.

Маънавият инсон кўрки бўлиб, унинг ички ва ташқи дунёсида ­намоён бўлади. Халқнинг маънавий  маданияти не чоғли юқори даражада бўлса,  Ватанимиз ҳам шунча тез тараққий этади. Зеро, ­Президентимиз таъкидлаганидек, Маънавият – энг таъсирчан ва қудратли қуролимиздир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича  Ҳаракатлар стратегиясида  энг аввало, давлат бошқарув органларининг қуйи бўғинлари фаолиятини тубдан яхшилаш, уларнинг ҳалқ билан мулоқот қилишини таъминлаш, бу борада самарали ижтимоий ҳамкорлик механизмини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгиланган бўлиб, мазкур ҳужжатда том маънода   жамиятнинг маънавий — маърифий соҳасига алоҳида эътибор  қаратилган.

Ана шу мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда, халқ билан мулоқот қилишнинг янги замонавий усулларини ҳаётга тадбиқ этиш билан бирга, жамиятда маънавий-маърифий тарғибот ишларининг мазмун-моҳиятини тубдан яхшилаш, уларнинг кўламини кенгайтириш, тизимда фаолият кўрсатаётган соҳа ходимларининг билим ва малакасини изчил ошириб бориш, шаҳар ва туман даражасидаги ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашнинг барқарор тизимини йўлга қўйиш, соҳада фаолият олиб бораётган муассаса ва ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш ва уларнинг самарасини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2017  йил 28 июлдаги  «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Маълумки, ушбу қарор асосида Маънавият тарғибот маркази ҳамда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази бирлаштирилиб, республика Маънавият ва маърифат маркази бўлиб қайта ташкил этилди.

Жамиятимиз тараққиётининг янги босқичида мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини янада  ошириш, аҳоли, айниқса ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялаш бугинги куннинг ниҳоятда  долзарб ва муҳим масалаларидан бири бўлиб  қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2019 йил 3 майдаги «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги  қарори халқимизнинг, айниқса ёшларимизнинг  маънавий интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, уларда ватанпарварлик туйғусиини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маълумки, мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил илгарилаб бормоқда.

Шундай экан, энг аввало жамиятимизда миллий онг ва тафаккурни юксалтириш, “Инсонни ўзгартирмасдан, жамиятни ўзгартириб бўлмайди” деган ғоя атрофида бирлашиб, келажак сари дадил қадам ташлаш эзгу мақсадимиздир.

Кўп миллатли тинчликсевар Ўзбекистон халқи озод ва обод Ватанда, эркин ва фаровон ҳаётда яшамоқда. Энди биз олдимизга янги марраларни, буюк мақсадларни қўймоқдамиз. Жонажон Ўзбекистонимизни энг ривожланган демократик давлатлар қаторига киритиш, юрт тинчлиги ва Ватан равнақини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини янада ошириш йўлида фидоий меҳнат қиламиз.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.