Ёш авлод тарбиясига барчамиз масъулмиз


Республикамизда вояга етмаганлар орасида ­жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни янада жадаллаштириш мақсадида уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишларни самарали олиб боришда  Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар орасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонуни Вояга етмаганлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси идоралараро комиссияси ва ҳамкор ташкилотларга муҳим ­дастуриламал бўлмоқда.

Афсуски, амалга оширилаётган тизимли ишларга қарамасдан вояга етмаганлар ўртасида жиноятга қўл уруш, ҳуқуқбузарлик содир этиш ҳолатлари учраб турибди. Масалан, 2019 йилнинг ўтган 6 ойи давомида Қорақалпоғистон Республикасининг 3 та (Тўрткўл, Хўжайли ва Амударё) туманларида вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этилган. Улар Тўрткўл, ва Амударё туманларида ўғирлик, Хўжайли туманида 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқада бўлиш жиноятидир.

Айни пайтда ушбу жиноят содир этган вояга етмаганларга нисбатан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Масалага чуқурроқ ёндашадиган  бўлсак, аслида вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг ўсишига уларнинг назоратсиз, қаровсиз қолишлари ва бўш вақтларининг кўплиги сабаб бўлмоқда.

Шу боис, ота-оналар ёки унинг ўрнини босувчи шахслар боланинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида — болани доимий назоратда тутиб, ўқиш ва ишдан бўш вақтларида қандай машғулотлар билан машғул бўлиши, бўш вақтини кимлар билан ўтказишини билиб бориши лозим.

Боланинг қизиқиши, қобилияти ва истеъдодини аниқлаган ҳолда мактабдаги, мактабдан ташқари маданият муассасаларидаги ва бошқа турли хил тўгаракларга, спорт машғулотларига жалб қилиш, ёзги таътил вақтида болани лагер ва оромгоҳларга юбориш орқали уларнинг ижтимоий фойдали машғулотлар билан банд бўлишини таъминлашлари керак.

Ишсизлик, ижтимоий фойдали меҳнат билан банд бўлмаслик вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик, уюшган жиноятчиликнинг ўсишига ва унга шароитлар яратилишига олиб келиши мумкин.

Криминолог олимларнинг фикрича, ишсизликнинг 10 ­фоизга кўпайиши жиноятчиликнинг 3,4-6,5 фоизгача ўсишига олиб келар экан.

Мактаб ёшидаги болалар асосий вақтини мактабларда яъни, дарс ва машғулотларда ўтказади. Вояга етмаган бола мактабда бўлар экан, унинг бекорчи ишлар, ножўя ҳаракатларни қилишга  вақти бўлмайди, сабаби у ўқитувчилар назоратида бўлади. Агар бола уйдан мактабга кетдим, дея мактабга бормасдан кўчада вақт ўтказсачи? Бундай ҳолатлар кундалик ҳаётимизда кўп учрамоқда. Мазкур ҳолатда нима қилиш керак? Нима учун бола мактабга боргиси йўқ?

Бола сурункали равишда мактабга боришдан бўйин товлашига боланинг ҳатти-ҳаракатидаги янги психологик, биологик, физиологик ўзгаришларнинг юзага келиши,  ташқаридан таъсир кўрсатилиши сабаб бўлиши мумкин. Натижада у мактабга бормасдан компьютер ўйини клубларига, интернет кафеларга ва бошқа жойларга боришга одатланиб қолади. Шунингдек, мактабда ўқитувчининг болани фанга қизиқтира олмаслиги, ота-она ўз мажбуриятларини бажармаслиги, оилада фарзанд тақдирига бефарқлиги, ўқишлари билан қизиқмаслиги, ота-онанинг боладаги психологик хусусиятларни билмаслиги ҳам ана шундай салбий ҳолатларга йўл очади.

Вояга етмаганлар орасида содир этилаётган ҳолатларнинг бири бу ўз жонига суйиқасд қилишдир. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Прокуратура ходимлари, маҳалла фаоллари, педагоглар ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда психологларни жалб қилган ҳолда жойларда ўқув-амалий семинарлар ўтказилмоқда.

2019 йилнинг 6 ойи давомида вояга етмаганлар орасида 12 та суицид ҳолатлари содир этилган бўлиб, бу ўтган йил билан таққослаганда 1 тага кўпайган. Жумладан Тўрткўл туманида 5, Нукус шаҳри, Беруний, Амударё, Тахтакўпир, Элликқалъа, Тахиатош, Нукус  туманларида 1 тадан ана шундай салбий ҳолат содир этилган.

Бундай  суйиқасд ҳолатларининг кўпайиши вояга етмаганларнинг назоратсизлиги, қаровсизлиги улар билан олиб борилаётган мактаб, лицей, коллежлардаги тарбиявий ишларнинг талаб даражасида эмаслигидан далолат беради.

Оилада ота-она ёки унинг ўрнини босувчи шахслар бола тарбиясига, унинг ўзига эътиборсиз муносабатда бўлмасликлари лозим. Бола ҳамма вақт ўзининг ота-онасига керакли, қимматли эканлигини ҳис қилиб яшаши керак.

Болани доимий равишда танқид қилиш, камситиш, унга нисбатан умуман ижобий баҳо бермаслик, жисмоний-руҳий зўравонлик қўлланилиши, ўз фикрини айтишига тўсқинлик қилиниши, оила ва мактабда бола муваффақиятсизликлари учун доимо айбланиши, ота-она томонидан болани моддий жиҳатдан таъминламаслик ва бошқа шу каби сабаблар туфайли болаларда жамиятда ўз ўрнини топиб кетиши ­қийинроқ кечиши ҳамда айрим вояга етмаган болалар ўз жонига қасд қилиши мумкин.

Шу сабабли ўқувчилар орасида рухий ҳолатида ўзгаришлар мавжуд, суицидга мойиллиги бўлганларини эрта аниқлаш ва уларнинг руҳий  ҳолатига таъсир этувчи салбий омиллар бўйича индивидуал ишлашни ташкил этиш керак.

Мухтасар қилиб айтганда, қачонки болаларимиз оилада ота-онасининг, боғча, мактаб, коллежларда ўқитувчиларининг, маҳаллада ёши улуғ кишиларнинг қатъий назоратида бўлса, унда болаларимиз ҳеч қачон ҳуқуқбузарлик ёки жиноят кўчасидан юрмайди. Доно халқимизда бир мақол бор «Бир болага етти маҳалла ота-она», ана шуни эсдан чиқармасдан, ҳар бир бола тарбиясига бефарқ бўлмаслигимиз керак. Чунки, ўсиб бораётган ёш авлод бизнинг эртанги кунимиз, келажагимиз. Ўзбекистоннинг келажагини биз тарбиялаётган болаларимиз қуришади.

Қ.Шамшетов,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича минтақавий идоралараро комиссияси масъул котиби.