БЎЗАТОВ – ИЛҒОР ТУМАНГА АЙЛАНАДИ


Президентимизнинг Қорақалпоғистонга қилган ҳар бир ташрифи доирасидаги ташаббуслари катта-катта ишларнинг тамал тоши қўйилишига, шу ҳудудда яшаётган ­халқнинг янада фаровон турмуш кечиришига замин яратмоқда.

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 20-21 август кунларидаги республикамизга ташрифи давомида яна бир хайр­ли иш, яъни Бўзатов туманини қайта ташкил этиш ташаббусини илгари суриб, мазкур ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган эдилар.

Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг “Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ, Қорақалпо­ғистон Республикасининг Кегейли тумани таркибидаги “Бўзатов” шаҳарча фуқаролар йиғини, “Қусқанатаў”, “Еркиндаря”, “Аспантай” овул фуқаролар йиғинлари ҳамда Чимбой тумани таркибидаги “Кўк-сув” овул фуқаролар йиғини ҳудудлари бирлаштирилиб, умумий майдони 2035,44 кв. км. бўлган Бўзатов тумани ташкил этилди.

Кўплаб юртдошларим сингари мен ҳам Бўзатов туманини қайта ташкил қилиш ҳақидаги хабарни илк бор эшитганимда ҳаяжонга тушдим, ич-ичимдан қувондим. Негаки, туман қайта ташкил қилинса, шу ҳудуднинг ижтимоий инфратузулмаси яхшиланади, аҳолиси учун кўплаб иш ўринлари яратилади. Халқ орасида Бўзатовнинг ери ҳам эли ҳам яхши, деган гап бор.  Шу тумандаги кўп йиллик меҳнат тажрибамдан биламанки, унинг ерига қандай экин эксанг ҳам мўл ҳосил беради. Айниқса, чорвачиликка жуда қулай ҳудуддир.

Мен 1940 йил Бўзатов туманида туғилганман. 1969 йил Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини тамомладим. Олийгоҳни тугатгач кўп йиллар асосан шу туманда турли лавозимларда ишладим. Жумладан, М.Жуманазаров номидаги хўжаликда бош зоотехник, Кегейли тумани қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи, “Қазақдаря” “Қазанкеткен”, “Еркиндаря” хўжаликларида директор, Бўзатов тумани ижроя қўмитаси раҳбари бўлиб ишлаганман. Шунинг учун туманнинг иқтисодий салоҳиятини яхши биламан.

Эндиликда, шубҳасиз Бўзатов тумани республикамиздаги энг илғор туманларнинг бирига айланади.

Т.Абдуллаев,

Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими.