СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР САЙЛОВ ЖАРАЁНИГА ҚИЗҒИН ТАЙЁРГАРЛИК КЎРМОҚДА


Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади

Шавкат МИРЗИЁЕВ.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси ­Президенти Шавкат Мирзиёев яқинда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашиб, унда партияларнинг жамиятимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш, шу йил декабрь ойида миллий парламентимиз ва маҳаллий вакиллик органларига бўладиган сайловларга тайёргарлик ишларининг бориши ҳамда бу борадаги энг муҳим ва долзарб масалалар хусусида атрофлича фикр юритилган эди.

Биз, мамлакатимиздаги сиёсий партияларнинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгашлари раҳбарларига бўлиб ўтадиган сиёсий жараёнлар олдидан қуйидаги саволлар билан мурожаат қилдик.

  1. Шу кунларда партия ҳудудий ташкилоти томонидан 2019 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларига тайёргарлик кўриш ва уни қонун талабларига мувофиқ ўтказиш мақсадида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
  2. Маълумки, сиёсий партияларнинг асосий фаолияти сайловчиларнинг ишончини қозонишга қаратилади. Ўтган вақт мобайнида электорат манфаатларини таъминлаш, аҳолининг муаммоларини ҳал этиш, партия хайрихоҳларини кўпайтириш мақсадида қандай ишлар амалга оширилди?
  3. Учрашувда давлатимиз раҳбари “Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади”, деб таъкидлади. Айтингчи, ҳозирги барча соҳа ва тармоқларда чуқур демократик ўзгаришлар амалга оширилаётган бир пайтда партиянинг сайловолди дастурини ишлаб чиқишда қандай муҳим масалаларга эътибор қаратилмоқда?

 

Сағиндиқ Турманов,

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати —

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси:

  1. Дарҳақиқат, жорий йил декабрь ­ойида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим жараён — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Мазкур жараён­нинг ўтган йиллардаги сайловларга нисбатан янада очиқлик ва шаффофлик тарзи­да ўтиши кутилмоқда.

Бу борада Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати —  Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамда  туман ва шаҳар кенгашлари томонидан партиянинг ғоявий мақсад ва вазифаларини жойларда тарғибот ва ташвиқот қилиш, янги ­Сайлов кодексининг аҳамиятини кенг ­жамоатчилик, айниқса электорат вакилларига тушунтириш мақсадида тарғибот ­тадбирлари ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, партия ходимлари, бошланғич партия ташкилотлари раҳбарлари ва партия фаолларининг сиёсий жараёндаги фаоллигини, хуқуқий сиёсий саводхонлигини янада ошириш мақсадида тасдиқланган режа асосида ўқув курслари ва семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.

Қолаверса, ҳозирги пайтда парламент қуйи бўғини ва маҳаллий кенгашларга депутатликка номзодлар,  ишонч­ли вакиллар ва кузатувчиларнинг рўйхатларини шакллантириш ишлари олиб борилмоқда.

  1. Дарҳақиқат сайловчилар ишончини қозониш учун аввало уларнинг орасига кириб бориш муаммоларини ҳал қилиш лозим. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон Либерал демократик партияси фракцияси аъзолари сони 25 нафар. Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларида 144 нафар, жами 169 нафар депутатлар фаолият олиб бормоқда.

Партиямиздан сайланган депутатлар томонидан сессиялар кун тартибига Сайловолди платформамиздан келиб чиқиб, қатор масалалар киритиб келинмоқда. Хусусан, мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш, давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш, тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш каби бир қатор масалаларга эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, кам ҳосилли пахта экин майдонларини босқичма-босқич камайтириб бориш ва шунинг ҳисобига аҳоли эҳтиёжи юқори бўлган мева-сабзавот, полиз экинлари етиштирадиган майдонларни кенгайтириш, янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон ва қулай уй-жойлар қуриш дастурини амалга ошириш, ҳудудда якка  тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш ва бошқа масалалар сессиялар кун тартибига киритилмоқда.

Фаолиятимиз давомида фермерлар, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Олиб борилган бундай ишлар хайрихоҳларимиз сонининг анча ошишига хизмат қилди.

Масалан, ўтган сайловлар пайтида аъзоларимиз сони 13 минг 310 нафар бўлган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 48 минг 463 нафарга етди. Яъни ўтган 5 йилда партияга 35 мингдан зиёд аъзолар қабул қилинди.

  1. ЎзЛиДеП мулкдорлар қатлами, интеллектуал мулк эгалари, тадбиркорлар, фермерлар ва хусусий сектор вакилларини қўллаб-қувватлайди.

Энг асосийси, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, уларнинг яшаш шароитини яхшилаш, мамлакатимиздаги ҳар бир оилани бой ва фаровон қилиш ҳамда ҳар бир фуқарони иш билан банд этиш асосий мақсадимиздир.

Ўзбекистоннинг эшиги дунёга очилмоқда, соҳалар бўйича ривожланган давлатлар билан тажриба алмашилмоқда, қўшма дастурлар, инвестицион лойиҳалар мустаҳкамланмоқда.

Демак, ўз-ўзидан маълумки, биз улардан, улар биздан нимадир олаяпти. Дунёдаги ривожланган давлатлар Ўзбекистон билан ҳамкорликдан мамнун, яъни “ақлли дўст”, “ақлли давлат” сифатида шерикчилик алоқаларни қўллаб-қувватламоқда.

Шулардан келиб чиққан ҳолда ЎзЛиДеПнинг сайловолди дастурида давлатни ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари ўз аксини топмоқда.

Биз давлат органлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтларининг Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини самарали амалга ошириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларининг амалий бирлашувини қайд этмоқдамиз. Шунингдек, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, чуқур маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини қайта кўриб чиқиш, судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, иқтисодиётни эркинлаштириш, қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни шакллантириш, миллатлараро ҳамдўстликни таъминлаш, пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш бўйича тизимли ва ўзаро боғлиқ, бир бирини тақозо этувчи чораларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

ЎзЛиДеП ўзининг бор кучи ва имкониятларини халқимизнинг фаровон турмушини, гуллаб-яшнаётган келажагини таъминлашга йўналтирилган бар­қарор иқтисодий, ижтимоий, гуманитар ва экологик ривожланиш бўйича ўрта муддатли ва узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга сафарбар этишни мақсад қилган.

Жамиятнинг кенг қатламларига партия­нинг сиёсий платформасини ташкил этувчи либерал-демократик қадриятларни етказиш, унинг сафларини мустаҳкамлашга йўналтирилган пухта ўйланган тарғиботни олиб бориш навбатдаги асосий вазифаларимиздир.

ЎзЛиДеП партияси бўлажак сайловларда сайловчиларнинг ишончини қозонишга ҳаракат қилади.

 

Тажибай Раманов,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик

партияси Қорақалпоғистон Республикаси

Кенгаши раиси:

  1. Олдимизда турган устувор вазифалар ҳақида гапирганимизда, фаолиятимизнинг асосини сайловда муваффаққиятли иштирок этишни таъминлашга қаратилган ишлар ташкил қилишини алоҳида таъкидлаш лозим. Шундан келиб чиққан ҳолда, иккита муҳим ҳужжат қабул қилинди. Биринчиси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловларга тайёр­гарлик кўриш бўйича партия фаолиятини ривожлантириш ва моддий техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекис­тон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш юзасидан “Йўл харитаси”, иккинчиси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва унда муносиб иштирок этиш бўйича чора-тадбирлар дастуридир.

Йўл харитасига асосан, партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашида сайлов штаби тузилади. Шунингдек, халқ орасида обрў-эътиборга эга бўлган муносиб номзодлар заҳираси шакллантирилмоқда. Фаолиятимизни тубдан кучайтириб, бу йилги сайловларда муносиб иштирок этишимиз шарт.

  1. Албатта, ҳар бир сиёсий партия беш йил давомида келгуси сайловда халқнинг ишончини қозониш учун ишлайди. Бу масала бизнинг ҳам диққат эътиборимизда бўлди. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракциямиз аъзолари сони 15 нафар. Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларида 80 нафар, жами 95 нафар депутатларимиз фаолият олиб бормоқда.

Партиямиз ташкилотлари ва депутатлар томонидан сессиялар кун тартибига сиёсий платформамиздан келиб чиқиб қатор масалалар киритиб келинмоқда. Бунда хусусан, маданий мерос объектларини, археологик  мерос  объектларини муҳофаза  қилиш  ва  улардан фойдаланиш, мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, умумтаълим мактаблари ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш, тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни тартибга солиш ва бошқа масалаларга алоҳида эътибор қаратдик. Масалалар аввало аҳоли орасида юриб ўрганилди, таҳлил қилинди.

Натижада, 2014 йил декабрда бўлиб ўтган сайловлар пайтида партиямиз аъзолари сони 14595 нафарни ташкил қилган бўлса, бугунги кунга келиб, аъзоларимиз сони 18567 нафарга етди. Яъни, ўтган 5 йилда партиямиз сафига янгидан 4 мингга яқин аъзолар қабул қилинди. Партиямиз ҳайрихоҳлари сони ҳам анча кўпайди. Сайлов жараёнларида бу биз учун ниҳоятда муҳимдир.

  1. Бугун юртимизда бир нечта сиёсий кучларнинг фаолият кўрсатаётгани жамиятда соғлом рақобатни вужудга келтириб, уларни чинакамига курашга чорламоқда. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси бу жараёнда фаол иштирок этиб, эл назарида бўлишга, чин маънода халқ ишонган партияга айланишга астойдил ҳаракат қилмоқда. Бунга эришиш учун аввало, партия давр шиддатига ва бугунги кун талабига мос ҳолда иш олиб бориши лозим. Табиийки, сиёсий майдонда қўли баланд бўлиши учун партияга халқчил, давлат ва жамият фаровонлигига хизмат қилувчи сайловолди дастури зарур бўлади.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партия­си сайловолди Дастурини бугунги кун талаблари, сайловчилар эҳтиёжи, аҳоли муаммоларини ҳисобга олган ҳолда янгиламоқда. Бунинг учун жойларда дебатлар ташкил этилиб, партия аъзолари ва депутатлар, эксперт ва мутахассисларнинг таклифлари олинди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг бош мақсади миллий тикланиш ғоясини амалга ошириш, барқарор миллий ривожланишни таъминлашдир. Шунингдек, партиянинг сайловолди дастури лойиҳасида жамият­нинг миллий тикланиш ва юксалиш дастурининг умумий мафкурасини шакллантириш, мамлакат фуқароларининг давлатимиз салоҳиятини мустаҳкамлашдаги ролини кучайтириш, “Инсонни ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартириш сари” умуммиллий ғояси атрофида жипслаштиришга асосланган мамлакатни ривожлантириш йўлини қўллаб-қувватлаш, ҳар бир фуқаронинг ислоҳотлар жараёнида фаол, коррупцияга нисбатан муросасиз бўлиши, ёшлар тарбия­сига бефарқ бўлмасликни англашига эришиш каби мақсад ва ғоялар илгари сурилмоқда.

 

Халилла Ешимбетов,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон

Республикаси Кенгаши раиси:

  1. Сайлов жараёнига тайёргарлик тўғрисида гап кетганда, албатта, ўтган 2014 йилги сайловлар натижаларини таҳлил қилишимиз, йўл қўйган хато ва камчиликларимизни такрорламаслигимиз ўта муҳимдир.

Бу йилги сайловларга бош­қа сиёсий партияларнинг ҳам пухта тайёргарлик кўраётганликларини ва янги сиёсий куч Ўзбекистон Экологик партиясининг сайлов мусобақасига қўшилишини эътиборга оладиган бўлсак, олдимизда қандай улкан вазифалар турганлигини англаш қийин эмас.

Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг ва шу асосида Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ҳамда унинг ижроси назоратга олинган.

Бугунги кунда партия Марказий Кенгаши раҳбарлигида сайлов жараёнларини қонун талаблари асосида юқори даражадаги ташкилотчилик руҳида ўтказиш унда партиямизнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида семинар-тренинглар ўтказилмоқда.

  1. Биз ўтган вақт мобайнида ижтимоий ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратдик. Зеро, партиямизнинг асосий мақсади ҳам шу. Бу борада депутатлик гуруҳларимиз партиянинг асосий функционал бўғинига айлана олди, десам хато бўлмайди.

Партия электорати манфаатларига хизмат қилувчи ҳамда электорат вакилларини ташвишлантираётган муаммоли масалалар бевосита уйма-уй юриб ўрганилиб унинг натижалари депутатлик гуруҳларида тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда муҳокама қилинди. Долзарб масалалар халқ депутатлари доимий комиссиялар, сессиялар муҳокамасига олиб чиқилмоқда.

Масалан, ҳисобот даврида 286 та масала депутатлик гуруҳида, 284 таси доимий комиссияларда, 186 таси сессияларда муҳокама этилиб тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўтган сайловда партиямиздан кўрсатилган номзодлардан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига 15 депутат, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига 131 нафар депутат сайланган эди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси сафига ўтган 5 йил давомида  янгидан 10 минг 102 нафар аъзо қабул қилинди. Қорақалпоғистон Республикаси бўйича партия аъзолари сони 35 минг 642 нафарни ташкил этади. Бу кўрсаткич ўтган сайлов даврига таққослаганда 6 минг 209 нафар аъзога ошганини билдиради.

Албатта, булар бизнинг ўтган вақт мобайнида олиб борган ишларимиз натижасидир.

  1. Ҳар бир сиёсий партия сайловларга киришар экан у албатта ўзининг Сайловолди дастурини илгари суради. Ўзбекистон Халк демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан партиянинг янги Дастури ва Сайловолди дастури тайёр­ланиб муҳокамаларга қўйилди.

Маълумки, Ўзбекистон ХДП аҳолининг давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож қатламлари манфаатларини ҳимоя қилади.

Партия аҳолининг кам таъминланган қатламлари, пенсионерлар, имконияти чекланган инсонлар ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш биринчи навбатда, давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатламларини қамраб олиш, уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлиқ қондиришни таъминлашга қаратилган  вазифаларни ўз дастурига киритмоқда.

Бунда мамлакатнинг ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятидан аҳолининг кам таъминланган қатламларининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш мақсадида фойдаланиш ниҳоятда муҳимдир. Ўз навбатида бу мамлакатда ижтимоий барқарорлик ва фуқаролик жамиятини янада мустаҳкамлашнинг асосий омили ҳамда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Ўзбекистон халқ демократик партияси олдинги дастурларидан фарқли равишда, партиянинг дастурий мақсад ва вазифалари “Пирамида”сини эълон қилмоқда.

Бу пирамиданинг энг юқори қисмида партия Дастури туради ва шунга мос равишда пастга қараб партия Сайловолди дас­тури, ҳудудий даражадаги сайловолди дастурлар, ундан ­кейин туман-шаҳар даражасидаги дастурлар, сўнгиси партиядан халқ депутатлари туман-шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг алоҳида дастурлари қамраб олинади.

Шу тариқа депутатликка номзоднинг сайловолди дастури шакллантирилади. Сайловолди дастури бўйича аҳоли орасида юриб, муаммоларни ўрганиб, уларнинг ечими бўйича бошланғич партия ташкилотлари таклифлари олинганлиги унинг ҳаётийлигини таъминлайди.

Ўйлайманки, амалга ошираётган ишларимизнинг барчаси ўз натижасини беради.

 

Нурлыбай Кайпбергенов,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон

Республикаси Кенгаши раиси:

  1. Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига номзодларни саралаш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, жорий йил 15-23 август кунлари оралиғида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда самарали иштирокини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳрида “Сайловлар: ғалаба стратегияси ва тактикаси” мавзусида республика тренерлари ўқиши ташкил этилиб, унда вакилларимиз ўз билимларини ошириб қайтди, эндиликда улар партия ходимлари, номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва ваколатли вакиллар орасида ўқишлар ташкил қилиб, сайловларнинг юксак сиёсий ҳуқуқий маданият билан ўтишига ўз ҳиссаларини қўшадилар. Бошқа ташкилий ҳуқуқий масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

  1. Ўтган 2014 йилдаги сайловлар жараёнида аъзоларимиз сони 6 минг нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда 20  мингдан ортиқ партиямиз аъзолари мавжуд. Улар асосан, тиббиёт ва таълим соҳаси вакиллари ва ижтимоий соҳада меҳнат қилаётган электоратимиз вакиллари ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида 7 та ва Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларида 39 та депутатлик ўринларига эгамиз.

Қорақалпоғистон Республикаси  Жўқорғи Кенгеси ва Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари сессияларига масалалар киритишда депутатларимиз фаол иштирок этиб келмоқда.

Ҳар бир сессия кун тартибига партиямиз сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, масалалар киритиб келмоқдамиз.

Партия электорати манфаатларини таъминлаш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилди. Ушбу лойиҳалар доирасидаги ўрганишлар жамоатчилик назорати тартибида олиб борилади ва қўмиталар мажлислари, доимий комиссиялар ва сессиялар кун тартибига олиб чиқилмоқда.

Мисол тариқасида келтириб ўтсак, мактаблардаги болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳолати, “ясси оёқлик” ва скалиоз касаллигига чалинган болаларга кўрсатилаётган тиббий ва жисмоний соғ­ломлаштириш ишлари, архивларда ҳужжатларни сақлаш ва маълумотлар бериш каби масалалар дои­расида ўрганишлар олиб борилиб,  Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари доимий комиссиялари ва сессиялари кун тартибида муҳокама қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партиямиз фракцияси аъзолари ташаббуси билан Жўқорғи Кенгес сессияларига ўтган давр мобайнида жами 6 та, Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари сессияларига 45 та масалалар киритилди ва қарорлар қабул қилинишига эришилди.

Сайловчилар мурожаатлари асосида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партиямиз фракцияси аъзолари томонидан тегишли корхона, ташкилотлар раҳбарларига 151 та депутатлик сўровлари юборилди ва ўз вақтида жавоблар олиниб, сайловчиларга етказилди. Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларидаги депутатларимиз томонидан 608 та депутатлик сўровлари чиқарилган.

Бу каби эришилган натижаларимиз бўлажак сайловларда партиямизнинг фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

  1. Сиёсий партиянинг асосий вазифаларидан бири давлат ва жамият ривожи учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ғоялар, йўналишлар, тамойилларни кўтариб чиқиш ва уни амалга ошириш йўлларини белгилашдан иборатдир. Шу мақсадда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг айни кунда муҳокамага қўйилган дастури ҳар томонлама пишиқ ва пухта бўлиши, партия аъзолари, бошланғич партия ташкилотлари, депутатлик корпуси, фаоллар, экспертлар, энг асосийси, халқимиз фикри асосида такомилига етказилиши муҳимдир.

Дастур лойиҳасида давлат бошқарувини демократлаштириш ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига  эътибор қаратилмоқда. Барқарор иқтисодий тараққиёт сари, кучли ижтимоий ҳимоя – адолатли жамият пойдевори, рақобатбардош ва замонавий кадрлар – барқарор тарақкиёт таянчи, сифатли ва замонавий тиббий хизмат – соғлом миллат кафолати, аграр хўжалик ва экология, тинчликсевар, прогрессив ташқи сиёсат – миллий манфаатлар устуворлиги каби муҳим йўналишлар алоҳида белгилаб олинмоқда.

Партиямизнинг сайловолди дастурида белгиланган йўналишлар партиямиз ғояларига асосланган бўлиб, электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилишга, мамлакатимиздаги турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишга йўналтирилган.

 

Айсанем Бегимова,

Ўзбекистон Экологик партияси

Қорақалпоғистон Республикаси

Кенгаши раиси:

  1. Сайлов жараёнларига партиямиз томонидан ҳам жиддий тайёргарлик кўрилмоқда. Жумладан, махсус ўқув курслари ва семинарлар ташкил қилинмоқда. Яқинда Тошкент шаҳрида партиянинг ҳудудий Кенгаш вакиллари учун семинар-тренинг ўтказилди. Унда сайлов кампанияси, партия сайловолди дастурини тайёрлаш, депутатликка номзодлар тайёрлаш ва бошқа мавзуларда маърузалар тингладик, машғулотлар ўтдик. Бу бизга сайловдаги дастлабки иштирокимиз олдидан катта тажриба бўлди. Ўқиш якунида Экологик партия Марказий Кенгашининг мажлиси ўтказилди ва бир қанча вазифалар белгилаб олинди. Ҳозирда биз ушбу вазифаларнинг бажарилиши юзасидан иш олиб бормоқдамиз.
  2. Ўзбекистон Экологик партияси фаолиятининг дастлабки кунларидан қатор ишларни бошлаб юборди. Жумладан, шу йилнинг январь ойида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида Хоразм, Бухоро вилоятлари ҳудудий ташкилотлари билан ҳамкорликда “Оролга мадад” шиори остида хайрия ҳашари ўтказилди. Оролбўйи ҳудудида ишлаётган ҳашарчиларга 400 кг.га яқин саксовул уруғлари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Партиянинг ўз олдига қўйган асосий мақсадларининг бири аҳолида табиатга муҳаббат ва садоқат ҳиссини шакллантириш. Шунингдек, ёшларни табиат ва унинг ресурсларига эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ўргатишдир. Шу билан бирга атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишларида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, Орол денгизи қуриши натижасида юзага келган экологик ва ижтимоий муаммоларни ҳал этишга ва Орол денгизи инқирозининг салбий оқибатларини юмшатиш га ҳисса қўшиш каби масалалар ҳам партиянинг асосий вазифаларидан саналади.

  1. Янги партиянинг асосий мақсади бар­қарор ривожланишга, экологик хавфсизликка эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун табиий ресурсларни сақлаш ва қулай атроф муҳитни яратишга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш давлат, жамият ва мамлакат ҳар бир фуқаросининг вазифаси бўлишига эришишга кўмаклашишга қаратилган.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда хорижий давлатлар амалиётида экология соҳасидаги сиёсий партиялар жамият ҳаётида муҳим ўринга эга. Жумладан, дунёда 100 яқин давлатларда экологик партиялар фаолият олиб боради.

Энди янги ташкил қилинган Ўзбекистон Экологик партиясининг айнан минтақамиз учун қандай аҳамиятга эгалиги ҳақида гапирадиган бўлсак, Оролбўйи ҳудудидаги турли муаммоларни бартараф қилиш, ҳудуд аҳолисининг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилиши партия номидан ҳам аёндир.

Саҳифани мухбир Ғ.Отажонов тайёрлади.