Жанубий Корея Республикасининг “Frends” нодавлат-нотижорат ташкилоти жорий йилнинг 12 сентябрь куни “Kunkuk” университети ва бошқа клиникаларнинг юз-жағ жарроҳлари, стоматолог шифокорлари, шунингдек, жами 46 нафар мутахассисдан иборат гуруҳ билан республикамизга келган эди.
Улар 3 кун давомида мактабларда ўқувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиб, қизиқарли саҳна кўринишлари орқали соғлом турмуш тарзи, айниқса, оғиз бўшлиғи ва тишларни ҳар хил касалликлардан қандай ҳимоя қилиш мумкинлиги ҳақида тушунчалар беришди.
Шундан сўнг, мазкур гуруҳ аъзоларининг ортопед, педиатр шифокорларидан иборат бир гуруҳи 12 сентябрдан бошлаб Республика кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида болаларни тиббий кўрикдан ўтказишди. Шу гуруҳнинг юз-жағ жарроҳлари томонидан 14-15 сентябрь кунлари 15 нафар болага операция амалиёти ўтказилди.
— Мен Хўжайли туманидан келдим. 2013 йили туғилган ўғлим Элёрбек туғилганидан буён оғиз бўшлиғидаги нуқсони сабаб қийналиб келмоқда. 2015 йили ушбу шифокорлар биринчи операциясини ишлади. Куни кеча яна бир операцияни ўтказди. Операция яхши ўтди. Ҳозир боламнинг аҳволи яхши, — дейди А.Алламбергенов.
— Кеча фарзандим Камронбекнинг танглайи операция қилинди, — дейди М.Қурбанбаева. — Бизлар Амударё туманидан келдик. Ўтган йили унинг лабидаги нуқсонини операция қилишган эди. Болам ҳозирда анча яхши.
Бундай тадбирлар бемор болаларнинг дардига дармон бахш этиши билан биргаликда, ўз фарзандининг соғлом улғайишини истайдиган ота-оналаримиз учун яхши бир имконият бўлмоқда.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.